Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:07

Покистон НАТО учун чегарасини ёпди


Покистон ўз ҳудуди орқали Афғонистондаги НАТО қўшинларига таъминот юклари олиб ўтиш учун чегарасини ёпиб қўйди.


Покистон давлат телевидениеси хабарига кўра, 26 ноябр куни Покистон чегарадаги ҳужумни қоралаб, НАТО учун ўз чегараларини ёпиб қўйди.

Рейтер ахборот агентлигига кўра, ҳужум 26 ноябрга ўтар кечаси ярим тунда, Покистоннинг шимоли- ғарбида, Афғонистон чегарасидан 2,5 километр узоқликдаги Салала чегара пунктида содир бўлган.

Покистон расмийлари чегарадаги ҳужум НАТО вертолётлари томонидан содир этилганини маълум қилди.

Ҳайбер минтақасидаги юқори лавозимли мулозим Мутаҳир Ҳусайн AFPга интервью бериб, "Ҳукумат буйруғига кўра, НАТО юкларини ўтказишни тўхтатганликлари"ни маълум қилган.

НАТОнинг Афғонистондаги қўмондонлиги матбуот вакили Карстен Жакобсон Озодликнинг Кобулдаги мухбирига берган интервьюсида ҳужум бўйича вазият ўрганилаётганини маълум қилди.

- НАТО ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлай олмайди. Биз Афғонистон чегарасидаги Кунар вилоятида содир бўлган воқеадан хабардормиз. Биз вазиятни ўрганаяпмиз,- деди Жакобсон.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари қўмондони генерал Жон Аллен воқеа юзасидан кенг кўламли текширув ўтказилишини маълум қилиб, ҳужум оқибатида Покистон хавфсизлик кучларининг ҳалок бўлган ва ярадор бўлган аскарларининг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Айни пайтда ҳужум оқибатида бедарак кетган аскарларни қидириш давом этмоқда. Маҳманддаги маҳаллий мулозим Одил Сиддиққа кўра, чунки чегаранинг бу ҳудудига толибларга қарши курашиш учун жуда кўплаб Покистон аксарлари ташланган эди.

Байзай қабиласи фаолларидан бири Малик Султонга кўра, қабила оқсоқоллари ва қабила аъзоларидан тузилган кўнггилли ёшлар ёрдамида яродарлар ва ҳалок бўлганларни жўнатишга кўмак берилаяпти.

- Ҳужум бўлган жой Салала. Гўшта билан Кунар чегарасидаги ҳудуд. Қабила оқсоқоллари ва кўнгиллилар қутқарув ишларига ёрдамлашишни давом эттираяпти. Ҳужум маҳаллий вақт билан ярим тунда содир бўлди. Ҳужум натижасида маҳаллий фуқароларга шикаст етмади. Фақат Покистон ҳарбийларининг чегара пости ҳужумга учради,- деди Малик Султон.

26 ноябр куни Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳужум бўйича эълон қилган баёнотида айтилишича, Покистон расмийлари НАТО ҳужумини кескин қоралаганлар.

Айни воқеа Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари қўмондони генерал Жон Аллен Покистон армиясининг қуруқлик қўшинлари генерали Ашфак Первез Каяни билан учрашиб, чегара назорати ва ҳамкорликни кучайтириш масалалари бўйича муҳокама ўтказганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

2009 йилнинг 30 сентябрида ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган ва Покистоннинг икки ҳарбийси ҳалок бўлган эди.

Ўша пайтда Покистон НАТО юкларини ўтказишни 10 кунга тўхтатиб қўйган эди.

Жорий йилнинг май ойида Америка махсус хизмати Покистон рухсатисиз Абботободда махсус амалиёт ўтказиб, Усама бин Ладинни йўқ қилганидан сўнг расмий Исломобод билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар совуқлашган эди.

Сўнгги пайтда илиқлаша бошлаган муносабатларга яна дарз етиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG