Линклар

Жамшид Каримов озод қилинди


Суратда чапдан биринчи Жамшид Каримов.

Суратда чапдан биринчи Жамшид Каримов.

Жиззахлик мустақил журналист Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов руҳий шифохонадан чиқарилди.

Бу ҳақда жиззахлиқ ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова ўз манбаларига таяниб, Озодликка маълум қилди.

- Мен эшитганимга уч кун бўлди. Жиззах шаҳрига борганимда Жамшиднинг қўшниларини кўриб қолдим, улар айтишди. Жамшид шифохонадан чиқибди. Уйида юрган экан. Кейин мен бошқа ҳуқуқ фаолларига телефон қилиб суриштирган эдим, улар ҳам Жамшид Каримовнинг ҳибсдан озод бўлгани ҳақида эшитганини айтишди. Лекин мен ўзим Жамшидни уйига борганимча йўқ. Уйи сал узоқроқ бизга. Лекин кўпчилик айтаяпти унинг озод бўлганини. Фақат нима учун чиқарилгани номаълум,- деди Саида Қурбонова.

Жамшид Каримов 2005 йил сентябрида ҳибсга олинган ва суд ҳукмига кўра, олти ойлик мажбурий даволаниш учун руҳий шифохонага ётқизилган эди.

2007 йилнинг августида Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран ушлаб турилган Жамшид Каримовнинг саломатлиги анча ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

Журналистнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас эди.

Суд қарори билан мажбуран даволаниш учун руҳий шифохонага 6 ойга ётқизилган Жамшид Каримов орадан фақат олти йил ўтибгина озодликка чиқарилди.

Жамшид Каримовнинг ҳамкасблари унинг аслида соғлом экани, у ҳукуматни очиқ танқид қилгани учун ҳам кўпсонли мустақил журналистлар сингари ана шундай қисматга дучор бўлганини таъкидлаб келганлар.

Жамшид Каримовни таниганлар у президент Ислом Каримовнинг жияни бўлса ҳам ҳеч қачон бундан фойдланмагани ёки буни рўкач қилиб бирор ишини битказмагани ҳақида гапирадилар.

Жамшид Каримов руҳий шифохонага ётқизилгач жуда кўплаб халқаро ташкилотлар журналистнинг тақдиридан хавотир билдириб, унинг озод қилинишни расмий Тошкентдан мунтазам равишда сўраб келдилар.

Ҳозирда 43 ёшли Жамшид Каримов Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти билан ҳамкорлик қилган, ушбу ташкилотга қарашли uznews.net сайтида эълон қилинган журналистнинг танқидий мақолалари учун уни жазолашгани айтилади.
XS
SM
MD
LG