Линклар

Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилнинг 1 январидан транспорт воситалари учун бензин, дизел ёқилғиси ва газга жисмоний шахслардан олинажак солиқ ставкасини 25 сўмга оширмоқчи.

Podrobno.uz сайтининг ёзишича, янги йилдан дизел ёки карбюраторли (инжекторли) двигателлар учун республикада ишлаб чиқарилган мотор мойига акциз солиғини жорий қилиш ҳам таклиф қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг 1 январида ҳам Ўзбекистонда бензин нархи 30 сўмга оширилган, бу ҳам автомобил ёқилғиси истеъмоли учун жисмоний шахслардан олинажак солиқнинг ошгани билан изоҳланганди. Ҳозирда мазкур солиқ ҳажми 175 сўмни ташкил этади, 2012 йилнинг 1 январидан эса у 200 сўмга етади.

Шундан сўнг АЁҚШда сотилаётган Аи-80 бензини ва дизел ёқилғиси учун белгиланган нарх 1435 сўмни, Аи-91 учун белгиланган нарх 1585 сўмни, Аи-95 учун белгиланган нарх эса 1755 сўмни ташкил қилганди.

Жорий йилнинг 1 августидан эса Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан бензиннинг чакана нархи 10 фоизга оширилган, Аи-80 1580 сўмдан, Аи-91 1745 сўмдан, Аи-95 1930 сўмдан сотила бошланган. Premium Euro-95 русумли бензин нархи эса 3200 сўмга (аввалги нархи 3000 сўм) чиққанди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2010 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 689,4 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Расмий маълумотлар бўйича бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизга кўпдир.

Бироқ Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш ҳажми кўпайгани ва ёқилғи нархларининг муттасил равишда ошиб бораётгани республикада, айниқса, вилоятларда бензин тақчиллигига чек қўёлмаяпти.

Хусусан, Озодликнинг самарқандлик, фарғоналик ва бухоролик суҳбатдошлари шу кунларда ўзлари яшаб турган ҳудудлардаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчалари олдида машиналар турнақатор бўлиб кетаётганини эътироф этганлар. Уларга кўра, АЁҚШда тақчил бўлган бензин чайқовчилар қўлида сероб бўлиб, 4-5 соатлаб навбат кутишни истамаган ҳайдовчилар бир литр бензинни қўлдан 3000-3500 сўмдан, баъзан эса 4000 сўмдан қуйиб кетишга мажбур бўлмоқдалар.

Айримлар бунинг сабабини Ўзбекистонда бензин чайқовчилиги авж олгани, бошқалар эса қўшни мамлакатлар бензин экспортига чеклов жорий қилгани билан изоҳламоқдалар. “Янги йилдан бензин нархининг оширилиши ҳам шаҳобчаларда бензин сероб бўлишига олиб келмайди, бунинг учун расмийлар ёнилғи чайқовчилигига чек қўйишлари ва бензин импорти борасида экспортер давлатлар билан музокаралар ўтказишлари керак”, демоқда кузатувчилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG