Линклар

logo-print

Қўрғонтепа шаҳрида ҳар йили юзга яқин кишининг диний саводини чиқарган мадраса фаолияти тўхтатилди.

Қўрғонтепа шаҳар марказида жойлашган бу диний таълим даргоҳи ўтган асрнинг 90-йилларидан буён фаолият қилиб келган мадраса саналар эди.

Бугунги кунда шаҳар прокуратураси юзлаб фуқароларга Ислом асосларидан сабоқ бериб келган бу мадрасани “фаолият учун расмий рухсатномага эга эмаслиги” важидан ёпиб қўйди.

Айни пайтда Қўрғонтепа шаҳар прокуратураси масъуллари сўнгги йилларда диний таълим олаётганлар ёшлар ва республикада масжидлар сони ортиб бораётганидан ташвиш билдирмоқда.

- Тожикистоннинг бугунги шароитида жамиятни исломийлаштиришга уринишлар Исломнинг сиёсийлашишига туртки бўлади. Бу эса яхшиликка олиб бормайди, аксинча мамлакатдаги ижтимоий ва сиёсий вазиятни издан чиқаради, - дейди шаҳар прокурори Жуманазар Сайдалиев.

Аммо у сўзи давомида жамиятни исломийлаштиришга уринаётган бирор гуруҳ номини тилга олмади.

Аснода Қўрғонтепа шаҳар прокуратураси қарори билан фаолияти тўхтатилган мадраса қошидаги масжид ва шаҳарликлар намоз ўқийдиган яна тўртта масжид эпидемиологик вазияти ёмонлиги сабабли жаримага тортилган.

Қўрғонтепа шаҳар ҳокими Шарифхон Самиев жаримага тортилган масжидлар имомларини ошкор қилинган нуқсонлар тезда бартараф этилмаса, улар фаолияти ҳам таъқиқланишидан огоҳлантирган.

- Жума куни бўладию ҳамма йўллар ёпилади. Аммо “битта кўчат эк ёки бирорта қўшнингга ёрдам бер” десанг, бу ишни қилмайдилар. Мусулмон одам масжидга тоза кийиниб, тоза жойда намоз ўқиши керак. Санэпидемстанция ходимлари масжидлардаги аҳвол юзасидан акт тузишлари ва ёмон хулоса чиқараётгани жуда кўп такрорланаяпти, - дея таъкидлади шаҳар ҳокими Самиев маҳаллий зиёлилар билан бўлган бир учрашув чоғида.

Айтиш лозимки, бундан бир неча ой аввал Қўрғонтепа шаҳридаги масжидлардан бири ҳам “фаолият юритиш учун расмий рухсатномаси йўқ”лиги важидан бузиб ташланган эди. Бу, ўз навбатида, ўша маҳалла намозхонларининг кескин норозилигига сабаб бўлганди.

Аснода Қўрғонтепа прокуратураси масъуллари шаҳар ҳудудида давлат қайдидан ўтган 12 та масжид ва насронийларнинг учта ибодатхонаси ҳеч бир таъқиқсиз фаолият қилаётганини таъкидладилар.

Расмийлар давлат идоралари фуқаролар диний эркинлигини чеклаётганига оид иддаолар асоссизлигини айтади.

Тожикистонлик мусулмонлар эса республика аксарият туман ва шаҳарларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари махсус рейдлар ўтказиб, ҳар баҳоналар билан жазоловчи қарорлар чиқараётганларини ҳамда масжидларда намоз ўқишни таъқиқлаб қўяётганларидан шикоят қиладилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG