Линклар

Покистон НАТО учун таъминот йўлини ëпди


Шанба кунги ҳодиса оқибатида НАТО учун мўлжалланган юкларни олиб кетаётган машиналар карвонлари тўхтаб қолди.

Шанба кунги ҳодиса оқибатида НАТО учун мўлжалланган юкларни олиб кетаётган машиналар карвонлари тўхтаб қолди.

Покистон ўз ҳудуди орқали қўшни Афғонистонда жойлашган НАТО кучлари учун юклар транзитини тўхтатиб қўйди. Бунга ўтган шанба куни НАТО кучлари Покистон чегара постига қилган ҳаво ҳужуми оқибатида 24 аскарнинг ҳалок бўлиши сабаб бўлди. Айни пайтда Покистондаги вазиятнинг кескинлашиши АҚШ ва НАТОнинг Ўзбекистон орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғига бўлган эътибори кучайишига туртки бўлади, демоқда таҳлилчилар.


Покистон шанба куни 24 аскарининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ҳужумга жавобан ўз ҳудуди орқали Афғонистондаги НАТО кучларига юкларнинг еткзилишини тўхтатиш билан чекланмади. Исломобод ҳукумати Балужистондаги “Шамси” ҳарбий базасида жойлашган АҚШ ва НАТО ҳарбийларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилди.

Покистон расмийларининг айтишларича, шанба кунги ҳодисада НАТО ҳарбий вертолётлари Покистон чегара пунктини ҳаводан ўққа тутган.

Қабилалар яшайдиган Ҳайбар минтақаси мулозими Франс Прессга берган интервьюсида “федерал ҳукуматдан олган буйруққа биноан НАТО юклари транзитини тўхтатиб қўйдик”, дея маълум қилди.

Покистон орқали Афғонистонга юклар транзити тўхтатилиши АҚШнинг Шимолий таъминот тармоғига (ШТТ) эътиборини янада кучайтириши тахмин қилинмоқда.



Ғарб матбуоти, Покистондаги вазият кескинлаша бошлаши биланоқ эълон қилаётган мақолаларда таҳлилчилар ШТТ учун муҳим бўлган Ўзбекистоннинг аҳамияти ҳам Ғарб ҳукуматлари назарида янада ошади, деган фикрларни илгари сурмоқда.

“Guardian” газетаси НАТО юклари транзитининг 70 фоизи шундоқ ҳам ШТТ орқали амалга оширилишига эътибор қаратади. "Покистон билан таранг бўлиб келган муносабатлари янада кескинлашган АҚШ энди Ислом Каримов режимига нисбатан мулозаматни янада кучайтиришга мажбур бўлади", дея ёзди “Guardian” шарҳловчиси Йон Боон.

Бироқ Ўзбекистон орқали ўтадиган ШТТнинг қай даражада хавфсиз ва ишончли экани ҳам савол остида. Ўн кунча аввал ШТТга уланиб кетган Ғалаба-Амузанг темир йўлида рўй берган портлашнинг террор ҳаракати бўлганига оид тахминлар илгари сурилганига қарамасдан, на Ўзбекистон, на НАТО бу хусусда изоҳ бермаётгани шубҳаларни кучайтирмоқда.

Покистон билан алоқалари кун сайин ёмонлашаётган АҚШ кейинги бир неча ой давомида ШТТга эътиборни кучайтириб келаётган эди.

Сентябр ойи охирида президент Барак Обама Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга қўнғироқ қилиб бу масалани муҳокама қилди. Ундан кейин эса, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тошкентга ташриф буюриб, Тошкент ҳукуматига Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик уринишларига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

Тошкентга сафари олдидан Клинтоннинг Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасида яхши натижалар кўрсатаётганини таъкидлагани ҳам Ўзбекистон орқали ўтадиган ШТТга қаратилган умидларнинг нишони ўлароқ баҳоланди.

Халқаро ташкилотлар Тошкент ҳукуматини мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли бўлиб қолаётгани учун танқид қилиб келади.

Айни пайтда ШТТ Обама маъмуриятининг Россия президентлигига қайтаётган Владимир Путинга тобеълигини ҳам кучайтиришига эътибор қаратмоқда таҳлилчилар.

“ШТТнинг йўлга қўйилиши Россия розилиги билан амалга ошган эди. АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигидан ташвишланишига қарамасдан, Москва Толибоннинг ҳокимиятга қайтишидан манфаатдор бўлмагани учун бунга рози бўлган эди. Уни йўлга қўйиш учун юқори лавозимли АҚШ амалдорлари, жумладан, генерал Дэвид Петреус Ўзбекистон президенти Ислом Каримов каби минтақа етакчилари кўнглини олиш учун у ерга боришга мажбур бўлди. Каримов режими инсон ҳуқуқларини топтагани, жумладан қийноқлар қўллагани учун танқид қилиб келинади”, дея ёзди Британияда чиқадиган “Guardian” газетаси якшанба куни.

Айни пайтда, НАТО раҳбарияти шанба куни қабилалар назоратидаги Моҳман минтақасида рўй берган воқеа юзасидан суриштирув ўтказилаётганини айтмоқда. Афғонистондаги НАТО кучлари матбуот котиби генерал Карстон Якосбсен Озодлик билан суҳбатда, жумладан бундай деди:

- Биз неча киши ҳалок бўлганини аниқ айта олмаймиз. Кунар вилояти ва қўшни мамлакат чегарасида рўй берган воқеадан хабардор эканимизни тасдиқлай оламиз. Воқеани ўрганаяпмиз, деди НАТО расмийси.

НАТО етакчилигидаги Халқаро хавфсизлик ёрдами кучлари чиқарган баёнотда халқаро коалиция қўмондони генерал Жон Аллен воқеа юзасидан ўтказиладиган текширувни “шахсан назорат” қилишини ваъда қилди. “Ҳодисада ҳалок бўлган ёки жароҳатланган Покистон хавфсизлик кучлари оила аъзолари ва яқинларига чин кўнгилдан чуқур таъзия изҳор қиламан”, дейилади генерал Аллен баёнотида.

Якшанба куни Покистон бўйлаб юзлаб намойишчилар покистонлик 24 аскарнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган НАТО ҳужумига норозилик билдириб кўчага чиқди.

Карачидаги АҚШ консуллиги олдида ўтказилган энг йирик намойиш иштирокчилари президент Барак Обама қўғирчоғини ёқиб, “Америкаликлар йўқолларинг; Покистон бизники; армиямиз билан бирдаммиз” дея хитоб қилдилар.

Пешоварда эса армия генерали Ашфақ Парвез Каяний ҳарбий қароргоҳда ўтказилган жанозага бошчилик қилди.

Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик Исломободда қилган чиқишида:

- Бу ҳужумни биргина мен эмас, бутун миллат қоралайди. Бундай ҳодиса иттифоқчиларимиз томонидан содир этилишини кутмаган эдик, дея баëнот берди.

Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Хар АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга қўнғироқ қилиб, Покистон ҳаво ҳужумидан “қаттиқ ғазабга келганини” билдирди.

Клинтон ва АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта одамлар ҳалок бўлгани юзасидан “чуқур ҳамдардлик” изҳор қилдилар.

Ҳужум Вашингтон билан Исломобод ўртасидаги муносабатлар шундоқ ҳам таранглашиб турган бир пайтга келди. Май ойида АҚШ махсус кучлари Покистоннинг Абботобод ҳарбий шаҳарчасига огоҳлантирувсиз кириб, Ал-Қоида етакчиси Усама би Ладинни ўлдиргани икки томон ўртасига совуқчилик солган эди.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда “Бош вазир Юсуф Ризо Ғилоний НАТО ҳужумини кескин қоралайди”, дейилади.

Шанба куни амалга оширилган ҳаво ҳужуми бу каби ҳужумлар орасидаги энг йириги ва энг талафотлиси бўлди.

2009 йилнинг 30 сентябрида рўй берган шунга ўхшаш ҳодисада Покистоннинг икки аскари ҳалок бўлган ва Исломобод НАТО юклар транзитини 10 кунга тўхтатиб қўйган эди.
XS
SM
MD
LG