Линклар

27 ноябр куни Москвада ўтган Единая Россия партияси қурултойи делегатларининг барчаси Путинни президентликка номзод сифатида тасдиқладилар.


Партия олий кенгаши раҳбари Борис Гризлов қурултой чоғида делегатларга 614 бюллетен тарқатилгани ва делегатлар бир овоздан Владимир Владимирович Путин учун овоз берганини маълум қилди.

Россия Бош вазири Владимир Путинни президентликка номзод сифатида кўрсатиш ғоясини амалдаги президент Дмитрий Медведев ўзи ҳам аъзо бўлган Единая Россия партиясининг 24 сентябр куни ўтган қурултойида илгари сурганди. Ўшанда Путин бу таклифни қабул қилган, Медведев эса, ўз навбатида, Владимир Владимирович сайловда ғалаба қозонган тақдирда Бош вазир лавозимини эгаллашга розилик билдирганди.

Кечаги қурултойда сўзга чиққанлар 4 декабр куни ўтажак парламент сайловларида, 2012 йилнинг мартига белгиланган президентлик сайловида россияликларни Единая Россия партиясидан бўлган номзодларни қўллашга чақирдилар.

- Президентликка номзод Владимир Владимирович Путин ҳақиқатан замонавий Россиядаги энг таниқли, энг тажрибали ва энг муваффақиятли сиёсатчидир, - деди президент Дмитрий Медведев нима учун амалдаги Бош вазирнинг президентликка номзод ўлароқ кўрсатилганига изоҳ бераркан.

Айни пайтда қурултойда мухолифат қулоғига ёқмайдиган таъналар ҳам бўлди.

– Сиёсий мухолифларимизни ҳурмат қиламиз, бироқ улар ўтган йиллар мобайнида нима билан шуғулландилар? Улар фақат қуруқ гап билан овора бўлдилар, таъбир жоиз бўлса, улар фақат валақлаб ўтирдилар ва ҳукмрон партияга даф қилиб турдилар. Баъзи жойларда уларнинг амалга ошириш эҳтимоли кам бўлган ваъдаларига ишониб, ҳокимият органларига сайладилар. Аммо улар бу вазифаларни уддалай олдиларми? Қарийб уддалай олмадилар – ишни расво қилдилар, баъзан эса пора билан қўлга тушдилар, - дер экан амалдаги президент Дмитрий Медведев бундай фактлар кўплигини қайд этди.

Ўз сўзида мухолифатни танқид қилишни давом эттирган Владимир Путин эса таъна тиғини уларга кўмак кўрсатган хорижликларга қаратди.

- Биз шу кунларда - Давлат думаси сайлови, президентлик сайлови арафасида айрим хорижий давлатлар вакиллари грант олувчилар деб аталмиш кишиларни тўплаётганини, уларга кўрсатмалар бераётганини, пировардида мамлакатимиздаги сайлов кампанияси боришига таъсир кўрсатиш учун “тегишли иш”га йўналтираётганларини биламиз. Бу фойдасиз бир ишдир. Халқимиз айтганидек, бу пулни ҳавога совуриш, холос (гулдурос қарсаклар). Биринчидан, Иуда халқимиз учун унча ҳурматли бўлмаган Инжил персонажи бўлиб ҳисобланади (гулдурос қарсаклар), иккинчидан эса улар яхшиси бу пулларни ўзларининг давлат қарзини тўлашга сарфласинлар ва самарасиз серхарж ташқи сиёсат юритишни бас қилсинлар, - деди Владимир Путин.

Қурултой давомида сўзга чиққан асосий нотиқлар нутқи тез-тез гулдурос ва давомли қарсаклар билан бўлиб турилди.

Россия давлат думаси хавфсизлик бўйича қўмитасининг раис ўринбосари Геннадий Гудков Единая Россиянинг бу тадбири, ундаги “олқишлашлар, оёққа қалқишлар ва гулдурос қарсаклар” ўзига КПССнинг XXVI съездини эслатиб юборганини айтади.

Москвадаги Карнеги маркази эксперти Алексей Малашенкога кўра эса, Единая Россия қурултойи залида кўрилган олқиш ва ҳайқириқлар аслида ҳукмрон партиянинг ожизлиги аломатидир.

- Бу концерт унча ақлли бўлмаган кишилар учун мўлжалланган ва у Путин позициясининг заифлигини кўрсатади, - дер экан эксперт Малашенко буни шахсан ўзига, бутун жамиятга ва ҳатто Владимир Путинга туширилган тарсаки деб баҳолашини айтди.

Малашенко қурултойда кимларнингдир Россиядаги сайлов жараёнига таъсир ўтказаётгани ҳақида айтилган гапларни ҳам “манфур идеологема” дея баҳолади. Россиялик экспертга кўра, “бу ғирт бачканаликдир”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG