Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:57

Тожикистонда маҳбус мухолифатчи очлик эълон қилди


Тожик жамиятида “Қори” лақаби билан яхши танилган собиқ дала қўмондони Садриддин Тошев 2000 йил бошида мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддасида айбланиб, Олий суд ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Тожик жамиятида “Қори” лақаби билан яхши танилган собиқ дала қўмондони Садриддин Тошев 2000 йил бошида мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддасида айбланиб, Олий суд ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Тожикистонда шу йил эълон қилинган “олтин авф”га биноан озодликка чиқиши айтилган, аммо амнистияга тушмаган Садриддин Тошев очлик акциясини бошлади.


Республика Олий суди ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ мухолифат лидери Садриддин Тошевнинг иши билан боғлиқ барча “тушунмовчиликлар” ҳал қилингани ва у “Авф тўғрисида”ги қонуннинг 10-бандига мувофиқ аллақачон озод этилгани борасида, маълумотларга кўра, иқтидордаги ҳукумат тахминан икки ой аввал Женевага ҳисобот юборган.

Бироқ 20 ноябр куни Тожикистонда амнистия муҳлати тугагани расман эълон қилинганига қарамай, Садриддин Тошев ҳамон қамоқда қолаётгани маълум бўлди.

Маҳбуснинг Озодликка сим қоққан яқинлари қонунга мувофиқ равишда амнистияга тушган, аммо озодликка чиқарилмаган Садриддин Тошев бугун, 28 ноябрдан бошлаб очлик эълон қилганини айтдилар.

Маҳбуснинг очлик эълон қилганини журналистлардан билган адвокати Бузургмеҳр Равшан “дунёвий ва демократик мамлакатда қонунлар ҳамма учун бир хил ишламаётгани”дан шикоят қилди.

- Демократик ва дунёвий мамлакатда булар (ҳуқуқ-тартибот идоралари назарда тутилмоқда - таҳр.) ўзлари хоҳлагандек қонунга амал қилмоқда. 2011 йилги амнистия унга нисбатан (ҳимоясидаги Садриддин Тошевни назарда тутаяпти - таҳр.) қўлланмади. 1998 ва 2001 йиллардаги амнистия ҳам қўлланмаган эди. Аслида ўша йилларда қабул қилинган авф қонунида ҳимоямдаги шахс жазо муҳлатининг тўртдан бир қисми қисқартирилиши белгиланганди. Агар ўша қонунлар амалда қўлланилганда эди, Тошев ҳам, собиқ вазир Ёқуб Салимов ҳам аллақачон озодликка чиққан бўларди. Лекин қонун ҳамма учун бир хил қўлланилмаяпти, - дейди адвокат Бузургмеҳр Равшан.

Адвокатнинг айтишича, 2011 йили Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган “олтин авф”нинг 10-бандига мувофиқ Садриддин Тошев аллақачон озодликда бўлиши лозим эди.

“Қонуннинг бу бандида, - дея сўзида давом этади адвокат, - ҳукуматга қарши қуролли ҳужумларда, исёнларда қатнашган шахсларга нисбатан жиноят иши тўхтатилиб, қамоқда бўлганлар озодликка чиқарилиши ва ҳеч қачон таъқиб қилинмаслиги белгиланган”.

Тожик жамиятида “Қори” лақаби билан яхши танилган собиқ дала қўмондони Садриддин Тошев 2000 йил бошида бузғунчилик, ўғрилик, қотиллик ва гаровга олиш кабилардан айбланиб, Олий суд ҳукми билан 20 йилга кесилганди.

Аммо Садриддиннинг онаси Ҳуснорои Аҳмад фарзанди сиёсий маҳбус эканини даъво қилиб келади.

2009 йили ҳам Садриддин Тошев қамоқхона ходимларининг унга нисбатан ғайриинсоний муносабатлари туфайли очлик эълон қилгани айтилганди.

Бироқ кейинчалик бу маълумотлар Тожикистон қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси расмийси Баҳром Абдулҳақов томонидан рад этилганди.

Шу йил ёзида Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонада бўлиб, у ердаги вазият билан танишган бир гуруҳ журналистларга интервю берган Садриддин Тошев ўзига нисбатан ҳукм адолатсиз бўлганини айтганди.

- Мен қамоқхонадаги вазиятдан розиман, аммо менга нисбатан чиқарилган ҳукм адолатсиздир. 20 йилга қамалишимга рози эмасман, чунки мен бунга яраша жиноят қилмаганман. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларга такрор ва такрор мурожаатларимда ишим қайта кўриб чиқилишини сўраганман. Лекин собиқ мухолифат аъзолари Тожикистонда амнистия қилинмайди, - деган эди Садриддин Тошев.

Аснода Тожикистон қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси расмийлари 28 ноябр куни Садриддин Тошев очлик акцияси эълон қилганидан хабарсиз эканлари маълум бўлди.

- Бу масалада бизга бошқа журналистлар ҳам эрталабдан телефон қилди. Лекин бизнинг бу гапдан хабаримиз йўқ. Маҳбус амнистияга тушмаганининг идорамизга мутлақо алоқаси йўқ. Бизнинг вазифамиз маҳбуслар шароитини яхшилаш, уларни қайта тарбиялашдан иборат. Амнистия учун қарорни эса қоида бўйича Бош прокуратура чиқаради, у ёққа мурожат қилинг, - дея тавсия берди мазкур идора матбуот хизмати раҳбари Парвина Алиева.

Республика Бош прокуратураси масъулларидан бири Усмонали Холиқов эса Тожикистон томони Садриддин Тошевнинг амнистия қилингани ҳақида БМТга ҳеч қандай ҳисобот бермаганини таъкидлар экан, аксинча Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита Тожикистонга йўллаган мактубида олти маҳбус, жумладан, Садриддин Тошев иши қайта кўриб чиқилишини сўраганини билдирди.

- Маҳбуснинг амнистияга тушмагани учун эътироз маъносида очлик эълон қилгани ҳақидаги аризаси бугун эрталаб идорамиз қайдидан ўтди. Энди маҳбус: “мен амнистия қилинишим керак эди, у эди, бу эди”, деб ёзаверади, унинг бунга ҳаққи бор. Унинг аризаси тегишли бўлимларда ўрганилиб чиқилади ва хулоса қилинади. Ўшанга қараб, у озод бўлади ёки аксинча, - деди Бош прокуратура масъули Усмонов.

Ундаги маълумотларга кўра, Женева сўровига биноан олти маҳбусдан учтасининг иши қайта кўриб чиқилган ва уларга нисбатан амнистия қўлланилган. Озодликка чиққанлардан бири исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг яқинларидан бири экани айтилди.

28 ноябр куни маҳбус Садриддин Тошев Тожикистон президенти, бош прокурори, адлия вазири, парламенти, БМТ идораси ҳамда бу мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларига очиқ хат йўллаб, “иши қайта кўриб чиқилиши”ни сўраган.

Расмий маълумотларга кўра, шу йил Тожикистонда қабул қилинган “Авф тўғрисида”ги қонунга биноан 4 минг 300 нафар маҳбус озодликка чиқарилган. Маълумотларга кўра, уларнинг 196 нафари аёллар ва 153 нафари эса балоғат ёшига етмаган болалардир.
XS
SM
MD
LG