Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:27

Ўзбек ярадорларини қутқарган йигит жиноятчига чиқарилди


Сузоқлик Бахтиёр Нуриддинов Қирғизистонда қочқинларга ёрдам бергани учун "машина ўғриси"га чиқарилган ва қидирувга берилган
Сузоқлик Бахтиёр Нуриддинов Қирғизистонда қочқинларга ёрдам бергани учун "машина ўғриси"га чиқарилган ва қидирувга берилган

Ўш ва Жалолободдаги қирғин кунлари ўнлаб миллатдоши ҳаëтини қутқарган сузоқлик Бахтиёр Нуриддинов "машина ўғриси"га чиқарилган.


2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида юзага чиққан миллий низо сузоқлик Бахтиëр Нуриддинов тақдирини ҳам ўзгартириб юборди.

Қирғин кунлари онасидан дуо олиб¸ давлат касалхоналари қабул қилишдан бош тортган ўзбек ярадорларини Ўзбекистон чегарасига олиб келиб¸ ўзбек врачларига топшириш билан шуғулланган бу йигит Қирғизистон ҳуқуқ идоралари томонидан "машина ўғриси" сифатида қидирувга берилган ва ҳозирда Бишкек Москвада тасодифан қўлга тушган бу йигитнинг экстрадиция қилинишини сўрамоқда.

26 ёшли Бахтиёр Нуриддинов Москва тергов изоляторларидан Озодликка қўнғироқ қилиб, 2010 йилнинг июн ойида юзага чиққан қонли можаро кунлари Ўшда бошидан кечирганларини сўзлаб берди.

- Ўш воқеалари пайтида Жалолободда отишма бошланганида сузоқликлар ёрдамга чиққанмиз жалолободликларга. Ёнимда бир бола яраланганида болницага келган эдик. Касалхона главврачига “Отишма бўляпти, чиқсин мошиналаринг”, десам унашмади. Главврач добро бериб¸ “Бор чиқсанг чиқавер, любой скорийни олиб” деди. Битта мошинани олиб 3 кун ярадор ташидим. Ҳозир менинг деломда “Тез ёрдам машинасини ўғирлаб кетгани учун ҳукумат халққа ўз вақтида ёрдам кўрсатмади”, деб айблаяпти. Аслида Сузоқдаги ўлган ва ярадорларни касалхонага мен олиб чиқиб берганман. Бир-иккита ярадор “Ўлсак ўлиб қолайлик, лекин Ўзбекистон территориясига ўтказиб қўй, барибир болнисада ёрдам беришмайди” деганда, чегарада ковланган ерга олиб келиб Ўзбекистонни тез ёрдам машиналарига ўтказиб берганман. Кейин бориб чегарада активист бўлиб юрдим¸ дейди тўрт ойдан бери Москвадаги тергов изоляторида қолаëтган Бахтиëр Нуриддинов.

Қирғизистон жанубидаги вазият ўта оғирлашган кунларда ўзи ҳам Ўзбекистонга ўтган Бахтиëрни Ўзбекистон ҳуқуқ идораси ходимлари ҳам 1¸5 ой Андижонда ҳибсда сақлаб¸ сўнгра Қирғизистонга чиқариб юборган. Уйига қайтиб¸ уйланиб¸ энди вазият тинчийди¸ деган ўйда юрган Бахтиëр Қирғизистон хавфсизлик кучлари асосан ўзбек миллатига мансуб ëш йигитларни қамай бошлагач¸ аввалига Бишкек¸ ундан август ойида поезд билан Москвага келади.

Ноқонуний муҳожирларга қарши рейд давомида қўлга тушган Бахтиëр ўзига нисбатан Қирғизистонда жиноий иш очилганидан хабар топади.
Миллий низо кунлари камида 50-60 ярадорни қутқарганини айтаëтган бу йигит¸ оғир вазиятга тушган ҳозирги вазиятда ўзини қутқаришга бел боғлаган бирор миллатдоши топилмаганидан ўкинади.

- Қўрқишяпти экан. Мен онамга айтдим, шу қутқарган, ўликларини топиб келган одамларни уйларига киринг десам, кирди. Икки кундан кейин менга кечаси телефон қилиб “Ўғлим, тўғри тушун...Ҳамма кўрсатма бергани қўрқяпти, деяпти. Бу ерда замон тинчигани йўқ.”.

Бахтиёр Нуриддиновни танийдиган¸ керак бўлса, унинг эл учун қилган хизматларига гувоҳлик бера оладиган шахс Москвадан топилди. Сузоқлик Шуҳрат Озодлик мухбири билан суҳбатда Бахтиёр яраланган акасини хавфсиз жойга олиб чиққанига гувоҳ бўлганини ҳикоя қилиб берди.

- Бу бола ўзи оддий камбағал оиладан. Ўша биринчи куни Сампада Бозорқўрғондан хабар келди – бизнинг уйларимизни ёқишяпти, ўнта автобусда тайёр турибди, деди бир одам қўнғироқ қилиб. Шундан кейин ҳамма йўқни кучайтириб, Сампани йўлларини, Жалолободдан келиш йўлларини беркитдик. Кейин визов бўлди “Ёрдам бермасаларинг майдалаб ташлаяпти”, деб. Красина кўчасидаги холам “Бир чекадан ёқяпти”, деди. Умид йўқ, ким келади бизга!? Қўлига лопатками, кетмон биланми боллар оддий тапичкада чиқиб кетяпти. Ўша куни 4-5 болларни автомат билан отворди. Уни ҳам жавобсиз турибди. Жалолободга ёрдамга чиқилди. У ерда 4-5 бола ўлди, мен исмини айтаман – қорнига ўқ тегиб ўлган Акмал, Тикода бошига ўқ теккан бола. Шуларга тез ёрдам чақирувдик¸ келмади.

Бу бола дўхтирни халатини кийиб, тапичка-шортикда¸ шунга юраги етди-да шу болани! Тез ёрдам машинаси шофёри унамаганидан кейин¸ “Мен бораман, онамдан розилигимни олиб чиққанман. Ака-укаларимиз, қўшниларимиз ўлиги ётибди, олиб келаман”, деб шу бола бориб ўликларни юклаган. Йўлда аёллар чиққан. Бакиевнинг маҳаллиси Тейит томонидан шолипоялар билан ҳайдаб ўликларни ва аёлларни етказиб олиб борган. Кейин бир рейсдан кейин, мени акам келаётган бўлган ўқ еб. Уни қора кийимдаги маскадаги одамлар уриб буғдойпояга ташлаб кетган. Икки соат ҳушсиз ётган, ҳеч ким бора олмаган. Шунда яна Бахтиёр “Мен бораман”, деб УАЗни миниб икки киши буғдойпояга ҳайдаган. Отишма бошланиб кетган. Шу бола акамни скорийга юклаб буғдойпоядан олиб чиққан¸ дейди Москвада меҳнат қилаётган сузоқлик Шуҳрат.

Тўрт ойдан буён Москвадаги тергов қамоқхоналардан бирида сақланаётган сузоқлик Бахтиёр Нуриддинов иши билан Инсон ҳуқуқлари институтининг “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ëллаган адвокат шуғулланмоқда.

Адвокат Ирина Бирюкова Озодликка Бахтиёрга нисбатан Қирғизистон Жиноий Кодексининг 72-моддаси юзасидан жинойи қўзғатилганини маълум қилди.

- Олдиндан келишилган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан машина олиб қочганликда айбланмоқда. Лекин у ҳозир “Қочқинлар тўғрисидаги” қонун ҳимояси остидадир. Биз биргаликда қочқинлик мақомини сўраб ариза бердик. ФМСдан жавоб кутяпмиз, лекин у ердан ижобий жавоб келмаса керак, деб ўйлайман. Чунки Егоревскда ўтирган яна бир қирғизистонлик ўзбек йигити номидан юборган аризамизга рад жавобини олган эдик. Ўтган жума куни суд уни қамоқда сақлаш муддатини 27 январгача узайтириб берди. Демак, ҳозирча Нуриддинов иши юзасидан кассация аризалари юбориш даври бошланди, дейди Ирина Бирюкова.

Адвокатга кўра, Қирғизистонда Бахтиёр Нуриддиновга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига шифохона бош врачининг ўғли ёзган ариза сабаб бўлган.

“Ҳозирда бош врач ҳам, гувоҳ шофёр ҳам ишдан бўшаб кетган ва Қирғизистондаги маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг босими остида қолмоқда”, деди у.

Қуйида сузоқлик Шухрат билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.



Озодлик Бахтиёр Нуриддинов ишини кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG