Линклар

Ëқилғи тақчиллиги жамоат транспортини сустлаштирди


 АЁҚШлар олдидаги турнақатор навбатларга аҳоли кўникиб ҳам қолди.

АЁҚШлар олдидаги турнақатор навбатларга аҳоли кўникиб ҳам қолди.

Кун сайин кескинлашаëтган тақчиллик боис Ўзбекистонда қатновдаги автобуслар сони сийраклашди¸ хусусий такси ҳақи қимматлади.

Сўнгги ҳафталар давомида Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти қатновида узилишлар кузатилмоқда.

Шунингдек, Тошкентдан вилоятларга қатнайдиган шаҳарлараро автобуслар қатнови ҳам камайди.

Тўйтепадан Тошкентга қатнаб ишлайдиган Дилдорага кўра, Тўйтепа-Тошкент йўналишида қатнаётган автобуслар сони кескин камайиб кетган.

Дилдора кейинги бир ҳафта давомида фақат таксида қатнашга мажбур бўлаётганини айтди.

Тошкент автовокзалининг ўзини таништирмаган ходими шаҳарлараро автобуслар қатнови камайганини тасдиқлаб, бунга ёқилғи танқислигини сабаб қилиб кўрсатди.

- Тўғри вақтида юрмаяптида автобуслар. Ëқилғи масаласи чатоқ бўлаяптида, яна солярка масаласи чатоқлиги. Совуқ тушгандан бери аҳвол шу. Бизларда машиналар газ билан юради. Газ масаласи чатоқ бўлаяпти. Мана бугун ҳозир рейслар тўхтади. Совуқ. Газ йўқ ҳеч қаерда. Автобусларимиз йўлда қолиб кетган. Ҳозир 4 яримгача машина бўлиши керак эди. Ҳозир иккита машинамиз йўқ, юрмаяпти. Газ йўқ. Иккита рейс қисқарди бугунга, деди Тошкент автовокзалининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Аксар вилоят марказларида жамоат транспорти қатновининг аввалги тартибда ишлаëтгани айтилмоқда.

Нукус автовокзалининг ўзини ошкор қилмаган ходимасига кўра, Нукус шаҳрида жамоат транспорти қатновида умуман ўзгариш сезилмаган.

Айни пайтда¸ бу суҳбатдош Тошкент-Нукус йўналишидаги автобус қатнови камайганини қўшимча қилади.

- Бизларда юраяпти автобус. Лекин Тошкентга бир кун бўлади, бир кун бўлмайди. У ëқдан автобус чиқмай қолса, бўлмай қолади. Бизлар у ëқдан келган автобуслар билан ишлаймизку. Тошкентдан чиқса, келади бизга, дейди Нукус автовокзали ходимаси.

Исмини айтмаган бу манбага кўра¸ ёқилғи тақчиллиги кўпроқ Тошкент шаҳрига таъсир қилган.

Кундалик юмушлари учун жамоат транспортидан фойдаланадиган Расулбек кейинги ҳафтада шаҳар ичкарисида қатнайдиган автобуслар қатнови камайганинидан шикоят қилар экан, такси кираси ҳам қимматлаганини айтади.

- Автобусларнинг камайгани йўловчилар мушкулини кўпайтирди. Одамлар таксидан фойдланишни бошлагани учун таксилар кескин қимматлаб кетди. Нарх анча қимматлаган. Теппа-тенг ошди¸ деса ҳам бўлаверади. Масалан, ёзда 1000 сўмга борадиган жойга ҳозир 2000 сўмга борасиз. Автобус камайгани билинади. Автобус бўлмагандан кейин шошилаëтган одам иложи йўқ таксига ўтирадию, дейди Расулбек.

“Тошшаҳартрансхизмат” ташкилотининг ўзини таништирмаган ходими хусусий таксиларда йўл кира қимматлагани, давлатга қарашли таксилар сони эса кескин камайганини айтади.

- Ҳозир “Тошшаҳартрансхизмат” ташкилотининг, Тошкент шаҳар бўйича автобус, трамвай, троллейбус билан шуғулланадиган ташкилот, базасида таксиларнинг сони анча камайиб кетган. Сабаби¸ олдин еттита таксомотор парки бўлса, ҳозир тўртта таксомотор парки қолди¸ биринчидан.

Иккинчидан, битта паркда олдин 500-600 та машина бўлса, ҳозир кўпи билан 60-70 та машина қолган. 60тадан машина бўлганда ҳам тўртта таксомотор паркида 240 та машина бўлади. Бизнинг аҳоли сонига 200-250 та такси билинарли, сезиларли даражада эмас. Бу жуда кам, дейди “Тошшаҳартрансхизмат” ходими.

Суҳбатдошга кўра, мутасаддилар вазиятдан чиқиш йўлларини излаяпти.

- Президентнинг 139-қарори чиқди. Тошкент шаҳрида енгил автомобил турларини ривожлантириш. Олдинига метрополитен бўйича гап бўлган. “Тошшаҳартрансхизмат”даги автобуслар ҳақида қарор чиққан. Мана Мерседеслар олдик, Исузулар олдик. Янги трамвайлар олиб келинди. Энди 1 январдан бошлаб катта тадбир кетаяпти, эътибор таксомотор паркларига қаратилган. Асосий бизларнинг вазифамиз хусусий автотранспорт уловларини корхонага қаратиш. Уларни бизлар корхонамизга жалб қилаяпмиз. Қаймоқ ранга бўяб, шахматларни ўрнатиб бераяпмиз. 1 январдан сезиларли даражада шаҳарда такси йўналиши такомиллашади, деди “Тошшаҳартрансхизмат” ходими.

Ўзбекистонда кейинги ойларда кузатилаётган ёқилғи тақчиллиги ўз транспортига эга аҳоли учун ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда.

Мамлакатнинг барча вилоятларида ҳайдовчилар соатлаб, кўп ҳолларда эса тун бўйи АЁҚШ шоҳобчалари олдида навбат кутмоқда.

Баъзи вилоятлардан олинган хабарларга қараганда, бензиннинг “қўлдаги” нархи 3000 дан 4000 сўмгача чиққан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG