Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:33

Янги йилда яна миллионга яқин иш ўрни "яратилади"


Уйида моли борлар ҳам қоғозда ишлидир...
Уйида моли борлар ҳам қоғозда ишлидир...

Ўзбек депутатлари 2012 йили мамлакатда яна янги 967,5 мингта янги иш ўрни яратишга оид дастурни маъқулладилар.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўтган ҳафтада иш ўринлари ташкил этиш дастурини тасдиқлади.

Палатанинг 18 ноябр кунги мажлисида қабул қилинган ҳужжатда 2012 йилда жами 967,5 мингта янги иш ўрни ташкил этиш назарда тутилган.

Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, жорий йилнинг “январ–сентябр ойларида 815,5 мингта иш ўрни, шу жумладан¸ қишлоқ жойларда 512,4 мингта иш ўрни ташкил этилган”.



Ҳар йили бир миллион!

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2008 йили 661 мингта, 2009 йили 940 мингта, 2010 йили 950 мингта янги иш ўрни яратилган.

Демак, 2008 – 2011 йиллар ичида 3¸5 миллионта янги иш ўрни пайдо бўлди.

Келаси йилгиси қўшилса, 4¸5 миллионта иш ўрни бўлади.

Давлат амалдори: Иш ўринлари 8 йўналишда ташкил қилинади

Фарғона вилоятидаги туманлардан бири ҳокимлигининг янги иш ўринлари яратиш масаласи бўйича мутасаддиси туманда 2011 йили 4227 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилганини, келаси йили эса 4252 та иш ўрни яратиш режалаштирилаётганини айтади.

Мутасаддининг айтишича, янги иш ўринлари саккизта йўналишда яратилади.

- Биринчиси, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ҳисобига. Иккинчиси, янги объектларни ишга тушириш ҳисобига. Учинчиси, янги кичик корхоналар ташкил қилиш ҳисобига. Тўртинчиси, касаначилик иш ўринлари, уй меҳнатини ривожлантириш ҳисобига. Бешинчиси, фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига. Олтинчиси, бозор инфратузилмасини ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига. Кейингиси банкротлик ҳолатига келган корхоналар ëки фаолият юритмаëтган корхоналарнинг фаолиятини тиклаш, кредитлар бериб соғломлаштириш ҳисобига яратилади, деди Фарғона вилоятидаги туманлардан бири ҳокимлигининг янги иш ўринлари яратиш масаласи бўйича мутасаддиси.

“Товуғи бор хотин – товуқбоқар, демак, ишли!”

Яқинда булунғурликлардан бири кейинги йилларда ўзи яшаб турган ҳудудда эски корхона-ташкилотлар ёпилиб кетгани, янгилари эса очилмагани, яъни янги иш ўринлари яратилмаётгани тўғрисида гапирар экан, ҳукуматнинг қишлоқ жойларда иш ўринлари "яратиш" механизмини ошкор қилди.

- Иш ўринларини яратиш мана бундай бўлаяпти. Мисол учун, иш сўраб бориладиган бўлса, ëш болаларга нафақа оладику, нафақа сўраб борадиган бўлса, “Меҳнат биржасига бор” дейди. Меҳнат биржасида “Уйда қорамолингиз борми?” дейди. “Йўқ” дейсиз. “Товуқ борми?” дейди. “Ҳа, бор”. “Ундай бўлса, товуққа қараяпсиз” деб шу жойда қоғоз тўлдириб, “Солиқ тўла 45 минг” дейди. Солиқ тўламаганга штраф қилиб беради мол боқувчи ëки товуқ боқувчи деб. Ана шу билан ишчи ўрнига ўтказиб юбораяпти, деган эди булунғурлик суҳбатдош.

Президент қарори

Булунғурликнинг айтганидан пайдо бўлган саволни янги иш ўринлари яратиш масаласи бўйича мутасаддига бердик.

Озодлик: Масалан “Меҳнат биржасига борса, “уйингизда қорамолингиз борми?” деб сўрашади. “Қорамолим бор”, деса, “Бўпти, демак сиз қорамол боқадиган бўлдингиз” деб қўйишади. Шу ҳам ишли бўлиб қолади” дейдию.

- Президентнинг 308-қарори қабул қилинган. Бунга тўрт йил бўлди. Уйида қорамол боқиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш билан банд бўлган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган. Агар уйида икки бош қорамоли бўлса ëки 10 сотих томорқаси бўлса, булар 308-қарор бўйича банд ҳисобланади. Уларга меҳнат дафтарчалари очилади бизнинг меҳнат бўлимимиз томонидан ва томорқаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва гўшт маҳсулотлари етиштириш билан банд деб ëзиб қўйилади. Бундан ташқари¸ пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида бадал тўласа, улар пенсия олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Беш йил тўласа, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бир йилда 9 ой энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида бадал тўласа, беш йилда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Озодлик: Демак, қорамолига қараëтган ҳам ишлилар қаторига киради.

- Албатта, иш билан банд. Томорқасида экиб турган ҳам банд.

Озодлик: Миллионта иш ўрни шу билан пайдо бўлади-а?

- Булар уй меҳнати билан банд деяпманку. Бу битта йўналиш. Худди шу томорқада ишлаганлар, қорамол боққанлар ва касаначилик билан шуғулланиб турганлар битта йўналиш. Уй меҳнати билан банд қилинганлар¸ дейилади. Ундан ташқари яна еттита йўналишни санаб бердиму сизга. Ўша йўналишларда ҳам борда, дейди Фарғона вилоятидаги туманлардан бири ҳокимлигининг янги иш ўринлари яратиш масаласи бўйича мутасаддиси.

Демак, қорамоли бор одам – ишлидир. Товуғи бор одам – ишлидир. Томорқаси бор одам – ишлидир.

Балки, мутасадди айтаётган бошқа 7 йўналиш бўйича реал иш ўринлари яратилаётгандир?

“Совет давридаги катта корхоналарнинг биронтаси ҳам қолмаган”

Бу масалани Наманганнинг Норин тумани мисолида ўргандик.

Бу ишда бизга норинлик иқтисодчи Расулжон Абдумажидов ёрдам беради.

- Совет пайтида ХБК деган катта завод бор эди. 2800 нафар одам ишларди. Йўқ ҳозир. Швейний фабрика бор эди менинг туманимда. 200 нафарга яқин аëллар ишларди. Йўқ ҳозир. Автобазада 292 нафар одам ишлаган, ҳозир йўқ. 20-30 нафар одам ишлайди. Нефтебаза йўқ, ПМКда 400 нафар одам ишларди, йўқ ҳозир, дейди норинлик иқтисодчи Расулжон Абдумажидов.

Мутахассиснинг айтишича, кейинги 20 йил ичида ўзи яшаб турган Норин туманида тугаб битган совет корхоналари ўрнини эгаллай оладиган биронта ҳам йирик ишхона қурилган эмас.

Справка, берилди биз тарафдан сиз тарафга...

Абдумажидовнинг айтишича, яратилаётгани айтилаётган миллионлаб иш жойлари қоғоздагина, ёлғон-яшиқ маълумотномалардагинадир. Масалан, дейди у

- Болаларга справка олиш керакку. Кўпчилик фермерлар ўшани беради менга пахтада, яганада ëрдам берасан деб. Фермер берган справка яна бир иш ўрни яратилди, деганидир, дейди Расулжон Абдумажидов.

Биз бу мавзуни биринчи марта ёритаётганимиз йўқ. Янги иш ўринлари яратиш ўқув юртлари ўқитувчилари учун қанчалик бош оғриқ бўлаётгани тўғрисида аввал бир неча бор айтганмиз. Ўқитувчилар ҳар бир битирувчисининг ишга ўрнашгани тўғрисида раҳбариятга маълумотнома топиб келтириши шартлиги тўғрисида бир неча бор айтиб беришган.

Ҳукумат яратдим, деб мақтанаяпти. Танқидчилари ишонмаяпти.

Лекин бу масалада олий ҳакам оддий ўзбекистонликдир. Агар чиндан ҳам ҳар йили бир миллион иш ўрни яратилса, Россияда биронта ҳам ўзбекистонлик қолмаслиги керак эди.

“Ўзбекистонда иш бўлса, Россияда бир минут ҳам турмасдим”

Бу гап - Самарада 7 йилдан бери ишлаётган пастдарғомлик Шуҳратжон билан ўтказилган суҳбатнинг мағзи.

Саволларимизни бериб бўлиб, хайрлашаман, деб турсам, Шуҳратжон тўхтатди.

- Сиз айтган саволингизга яна битта жавоб тўлдирмоқчи эдимда¸ агар мумкин бўлса. Мен қишлоққа борган пайтимда селсоветга кирдим. Ўшанга кириб рўйхатни кўрдим. Қишлоқда яшовчи аҳолининг рўйхати билан шунчаки қизиқдим. Мисол учун¸ мен ўзим шунча йилдан бери Россиядаманда. Лекин ўша рўйхатда ўзим ишлаëтганимни кўриб ҳайрон қолганман. Мен ҳам фермер хўжалигида ишчи эканман. Менимча, шу тариқа яратилса керак сиз айтаëтган иш ўринлари.

Озодлик: Қанақа рўйхат у? Деворга осиб қўйганми?

- Йўқ, деворга осмаган. Журнали бор. Журнални варақладим. Ким бўлсин ишлайдиган ë ишламайдиган фермер хўжалигида ишчи ë бошқада ишчи. Тўлдирилганда. Мана шу статистика маълумотларини районда қишлоқ фуқаролик йиғини раисларидан талаб қилса керакда ким ишлайди¸ ким ишламайди. Улар номига тўлдириб қўйса керак. Мен айнан ўзим кўрганманда фермер хўжалигида ишчи эканлигимни, дейди 7 йилдан бери Россияда ишлаётган пастдарғомлик Шуҳратжон.
XS
SM
MD
LG