Линклар

logo-print

АҚШ Покистондаги ҳужумни тергов қилишни бошлайди


АҚШ Ҳарбийлари покистонлик чегарачилар ўлимига сабаб бўлган НАТО ҳаво ҳужуми юзасидан текширув ўтказишни Ҳаво кучлари генералига топширди. Расмийларга кўра, тергов ишларига Ҳаво кучлари бригада генерали Стивен Кларк етакчилик қилади.

НАТО вакилларининг ҳам тергов ишларида қатнашиши кутилмоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги Афғонистон ва Покистон вакиллари ҳам тергов ишларида қатнашишга “таклиф этилиши”ни маълум қилди.

Душанба куни Оқ уйнинг маълум қилишича, президент Барак Обама НАТО ҳужуми оқибатида покистонлик 24 аскарнинг ҳалок бўлишини “фожиа”, дея атаган.

Шанба куни қабилалар яшайдиган Моҳманд минтақасида, Афғонистон чегарасига туташ ҳудудда иккита чегара постига қилинган ҳужум Покистонда катта норзиликларга сабаб бўлди. Натижада Покистон ўз ҳудуди орқали НАТО юклари транзитини тўхтатиб қўйди.

Оқ уй матбуот котиби Жэй Карни Вашингтон бу масалага “жуда жиддий” ёндашаётганини таъкидлади.

- Покистон билан ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолиш Американинг миллий манфаатидадир, чунки бизнинг терроризмга қарши курашдаги манфаатларимиз уйғундир. Шунинг учун бу муносабатларни сақлаб қолиш ҳаракатларини давом эттирамиз, деди Оқ уй расмийси.

Душанба куни Исломобод расмийлари ҳаво ҳужумига покистонлик аскарларнинг ҳаракатлари сабаб бўлганига оид хабарларни рад этди. Покистон армияси матбуот котиби НАТО ва Афғонистонни “ҳар ҳил баҳоналар билан вазиятни хас-пўшлашга уринаётганлик”да айблади.

Генерал Атхар Аббос ҳаво ҳужумлари икки соат давом этгани ва маҳаллий қўмондонлардан бири НАТО кучларидан ўт очишни тўхтатишни сўраганига қарамасдан, ҳужум тўхтамаганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG