Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:26

Обама еврозона бўҳронини муҳокама қилди


Европа Кенгаши Президенти Ҳерман Ван Ромпей, АҚШ Президенти Барак Обама ва Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозу.
Европа Кенгаши Президенти Ҳерман Ван Ромпей, АҚШ Президенти Барак Обама ва Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозу.

АҚШ Президенти Барак Обама душанба куни Оқ уйда Европа Иттифоқи етакчиларини қабул қилда ва уларни еврозона қарз бўҳронини ҳал этиш бўйича чоралар кўришни пайсалга солмасликка кўндиришга уринди. Вашингтонга сафар қилган Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозу, Европа Кенгаши Президенти Ҳерман Ван Ромпей ва ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон Америка раҳбари билан қатор масалалар, жумладан Эронга нисбатан янги санкциялар қўллаш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.


Европалик меҳмонларини еврозона бўҳронини ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўришга ундаган Обама Оқ уй музокараларидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида ЕИдаги муаммолар бутун жаҳон иқтисодини таҳлика остига қўйишини баён қилди.

- Мен уларга Қўшма Штатлар мазкур масалани ҳал этиш ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини айтдим. Бу ўзимизнинг иқтисодимиз учун ҳам ўта муҳим масаладир. Агар Европа иқтисоди қисқарса ёки Европа қийинчиликларга дуч келса, биз учун АҚШда яхши иш жойларни ташкил қилиш мушкул бўлади, деди АҚШ президенти.

Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозу, Европа Кенгаши Президенти Ҳерман Ван Ромпей ва ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон билан ёпиқ эшиклар ортида ўтган музокаралар анча қийин кечгани тахмин қилинмоқда.

АҚШнинг ЕИдаги элчиси Уильям Кеннард хабар агентликларига “президент бундан аввал ҳам Европа етакчиларининг аниқ, тезкор ва қатъийроқ чоралар кўришини исташини айтиб келган, бугун ҳам бу истагини такрорлади”, дея таъкидлади.

Баррозу ҳам ўз навбатида ўзаро сўзлашувларда муҳокама қилинган масалаларга ишора қилиб, Европа ўз қарзлари билан боғлиқ бўҳронони ҳал этиш чораларини кўрмоқда, лекин бундай чораларни шошма-шошарлик билан амалга ошириб бўлмайди, дея баён қилди.

- Биз олдимизда турган вазифалар кўламини жиддий қабул қилмоқдамиз, лекин баъзан айрим қарорларни қабул қилиш учун вақт талаб этилишини тушинишингиз даркор. Лекин биз бу йўналишда ишламоқдамиз, ва аслини олганда мисли кўрилмаган вазиятдан чиқиш учун қатъий чораларни кўрмоқдамиз, деди Баррозу.

Ўз навбатида Ван Ромпей Европадаги давлат қарзлари билан боғлиқ бўҳронга жавобан ЕИ “бир йил аввал тасаввур ҳам қилиб бўмлаган қарорларни қабул қилаётгани”ни таъкидлади.

Брюссел Греция каби қарз ботқоғига ботган ЕИ аъзоларини қутқариш ҳамда бўҳрон Италия ва Испания каби мамлакатларга ўтишининг олдини олишга зўр бериб уринмоқда.

ЕИ ўзининг иқтисодий қутқарув жамғармасига керак бўлган 440 миллиард евро миқдоридаги пулни топиш ҳаракатларини оширмоқда. Қўшма Штатлар таъсир кучига эга бўлган Халқаро валюта жамғармаси қўшимча маблағни сармоя қилишга ошиқаётгани йўқ.

Обаманинг душанба кунги ваъдаларига қарамасдан, Вашингтон АҚШнинг ўзидаги молиявий қийинчиликлар инобатга олинса, катта миқдорда иқтисодий ёрдам тақдим этиши даргумондир.

Душанба кунги саммитдан катта натижалар ҳам кутилаётгани йўқ, лекин Обама Баррозу билан Ван Ромпейдан ЕИ бўҳронини ҳал этиш бўйича амалларни кучайтириш борасида босим ўтказиши кутилаётган эди.

Боз устига АҚШ бюджет камомадини ҳал этишда сиёсий қарорларнинг пайсалга солиб келингани Вашингтоннинг Европага маънавий ёрдам кўрсатиши масаласи ҳам савол остида қолмоқда.

Европадаги молиявий муаммолар масаласи саммитнинг асосий мавзуси бўлса-да, сўзлашувларда халқаро аҳамиятга молик бошқа муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

АҚШ Давлат котиби ва ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон иштирокидаги сўзлашувлар чоғида икки томон етакчилари ЕИнинг Эронга нисбатан янги санкциялар жорий қилиш истиқболларини ҳам кун тартибига олиб чиқдилар.

Обама Эроннинг мунозарали ядровий дастурига оид босимни давом эттириш билан биргаликда масалага дипломатик ечим топиш имконини сақлаб қолиш ҳаракатлари ҳам тўхтатилмаслигини таъкидлади.

- Эрон режимига нисбатан ядровий қурол ишлаб чиқариш масаласида босимни кучайтиришни давом эттириш ва айни пайтда уларнинг ядровий энергияни, халқаро мажбуриятлари доирасида, тинч мақсадларда ишлатишларига имкон берувчи дипломатик ечимнинг топилишига ҳам умид қилаётганимизни қайд этишга келишиб олдик, деди Обама.

Ван Ромпей ЕИ Теҳронга нисбатан янги санкциялар пакетини тайёрлаётганини баён қилди.

Иттифоқ 1 декабр куни Брюсселда ташқи ишлар вазирлари учрашувида Эрон ядровий дастурига алоқадорлиги айтиладиган 191 шахсни санкциялар рўйхатига киритиши кутилмоқда.

ЕИнинг бу рўйхатида аллақачон 35 шахс ва 215 ширкат бор.

Ўтган ҳафта Халқаро атом энергияси агентлигининг Эронга оид навбатдаги ҳисоботига жавобан АҚШ, Британия ва Канада Исломий Республикага нисбатан янги жазо чораларини жорий қилди. БМТнинг навбатдаги ҳисобитида Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG