Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:03

Генерал Бердиев АҚШ ҳарбий техникасини Ўзбекистонда қолдиришни сўради


АҚШ генерали Винсент Брукс Ўзбекистон мудофаа вазири Қобил Бердиев билан 22 ноябр куни Тошкентда учрашди.
АҚШ генерали Винсент Брукс Ўзбекистон мудофаа вазири Қобил Бердиев билан 22 ноябр куни Тошкентда учрашди.

Тошкентга сафар қилган АҚШ Қуруқлик-пиёда қўшинлари марказий қўмондонлиги раҳбари¸ генерал-лейтенант Винсент Брукс билан учрашувда Ўзбекистон Мудофаа вазири Афғонистондаги АҚШ ҳарбий техникасининг бир қисмини Ўзбекистонда қолдиришни сўради.


Ўзини жаҳон оммавий ахборот воситалари билан Ироқ¸ Афғонистон¸ Қувайт¸ Баҳрейн ва Қатарда жойлашган АҚШ ҳарбийлари ўртасидаги ишончли воситачи деб тақдим этган Америкадаги Dvidshub.net нашрининг 28 ноябр кечқурун (АҚШ вақти билан) маълум қилишича¸ генерал Брукс Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашиб, АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш жараёнида ҳарбий техникани қайта тақсимлаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган.

Айтилишича, АҚШ генерали 21-23 ноябр кунлари Тошкентга келишдан аввал, Тожикистонга сафар қилган.

Шунингдек, Dvidshub.net сайтига кўра, АҚШ пиёда қўшинлари қўмондони Тошкентдаги Ҳарбий академиянинг 90 нафар талабаси олдида маъруза қилган.

Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар чоғида Афғонистондаги АҚШ ҳарбий контингентини қисқартиришдан ташқари наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Генерал Брукс Тошкентдаги АҚШ Элчиси Жорж Крол билан ўтказган матбуот брифингида Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларига таъминот молларини етказиб беришда катта ёрдам кўрсатаётган “Ўзбекистон АҚШнинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорларидан биридир”, дея баён қилган.

АҚШ генералига кўра, икки томонлама “муносабатлар вақт ва босимлар синовига дош берди”.

Dvidshub.net нашрининг қайд этишича, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этгач, катта миқдордаги ҳарбий техникани минтақадаги давлатлар ўртасида тақсимлаш масаласи юзага чиқади. Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев ўз мамлакатига ҳам бу техниканинг бир қисми тегишига умид қилаётганини яширмаган.

АҚШ ҳарбийларига тегишли сайтда бу хабар чоп этилган "Ўзбекистон Ҳарбий академиясида биринчи Америка генерали маъруза қилди" сарлавҳали мақола¸ орадан бир неча соат ўтиб¸ ошкор этилмаган сабабга кўра сайтдан олиб ташланди.

Айрим кузатувчилар¸ Тошкентдаги учрашув давомида АҚШнинг Афғонистондан олиб чиқадиган ҳарбий техникасининг Марказий Осиëда қолдириш борасидаги махфий музокаралар ошкор бўлгани¸ бу хабарнинг олиб ташланишига сабаб бўлди¸ деган тахминни билдирмоқда.

Кузатувчилар фикрича¸ Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари таъминоти¸ Покистон Жанубий таъминот тармоғини тўсиб қўйгач¸ Шимолий транзит йўлига қарам бўлиб қолган Вашингтон бу хабар Москва билан музокараларни бузиб қўйишидан чўчиëтган бўлишини айтмоқдалар. Зотан¸ Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий техникасининг доимийга қолиши Россия манфаатларига мос келмайди ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон бундай қарор беришдан аввал ташкилотнинг бошқа аъзолари билан маслаҳатлашиши лозим.

АҚШнинг ҳарбий ва сиёсий мулозимлари кейинги ойларда Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюрмоқда. Бунга Афғонистонга юкларни транзит қилишда Ўзбекистон орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғининг аҳамияти ошаётгани сабабдир.

Бундан ташқари, АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлагач, бу жараённи Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга ошириш энг қулай вариант бўлишини айтмоқда таҳлилчилар.

Айниқса, ўтган ҳафта охирида НАТО қўшинлари Покистондаги чегара пунктини ҳаводан ўққа тутиб, 24 аскарни ўлдириши Вашингтон билан Исломобод муносабатларини янада совуқлаштириб юборгани боис ШТТ роли янада ошиши айтилмоқда.

АҚШ ва НАТО жанговар қўшинларининг 2014 йилнинг охирига қадар Афғонистонни тарк этиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG