Линклар

Ўтунбаева: Машина бермасалар, велосипед ҳайдайман


Қирғизистон президенти Ўтунбаева 1 декабр куни истеъфога чиқади.

Қирғизистон президенти Ўтунбаева 1 декабр куни истеъфога чиқади.

Икки кундан сўнг истеъфога чиқадиган Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева бундан буён велосипед минмоқчи.

Матбуот анжуманига йиғилган журналистлар Роза Ўтунбаева истеъфога чиққач қандай имтиёзлар олиши ва нималар билан шуғулланиши билан қизиқдилар. Маълум бўлишича, шу кунгача Қирғизистон собиқ президенти имтиёзлари тўғрисидаги янги қонун парламентда қабул қилинмаган экан. Шу сабабли ҳам президент истеъфога кетгач, ҳозирча ҳеч қандай имтиёзларга эга бўлмайди.

"Кичикроқ бир хона берсалар ҳам розиман"

- Мен, масалан, машина ҳайдашни билмайман. Агар менга ҳайдовчиси билан машина беришса, рахмат айтаман. Аммо менга машина бериш ёки бермаслик масаласи ҳали ҳал этилмаган. “Машина берилмайди”, деб ҳам айтишаяпти. Агар беришмаса пиёда юраман. Масалан, Данияда ҳозирги Бош вазир велосипедда юрар экан. Мен ҳам велосипед сотиб олиб, миниб юравераман, Худо ҳохласа,- деди Роза Ўтунбаева.

Президентнинг айтишича, истеъфога чиққач унга президент резиденциясидан ўтган асрнинг 50-60 йилларида қурилган кичикроқ бир бинони ажратиб беришмоқчи. Ўтунбаева бунинг учун қирғизистонлик солиқ тўловчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Айни пайтда 1 декабр куни Қирғизистонда биринчи марта ҳокимиятни ихтиёрий равишда янги сайланган президентга топшираётган мамлакатнинг 3-президенти Роза Ўтунбаева экс президентлик анъанасини шакллантириш лозимлигини ҳам айтиб ўтди.

- Масалан, Америкада, Россияда экс президентлар марказлари бор. Бу бой давлатларда бўлгани каби марказларни бизда ташкил қилиш имконияти ҳозир йўқ. Аммо Қирғизистонда ҳам экс президентлик анъанасини шакллантириш керак. Шу нуқтаи назардан менга бир кичикроқ хонани ажратиб беришса, у ерда мени излаб келган одамлар билан учрашиш имконияти яратилса яхши бўлар эди, деб ҳисоблайман, -деди Роза Ўтунбаева.

"Президентлик фаолиятимдан уялмайман"

Айни пайтда Роза Ўтунбаева 1 йил 8 ойлик президентлик фаолияти даврида кейинчалик ўзи уяладиган бирор иш қилмаганини билдирди.

- Биз бир йил саккиз ойлик даврда тартиб ўрнатдик. Биз барча ҳокимият бутоқларини қайта тикладик. Сизга ёқадими, ёқмайдими, ҳар ҳолда бугун парламент ишлаяпти. Бу парламент бугунги қирғиз жамиятини барча қирраларини акс эттирган. Бу парламент бугун бизга иш ҳақи тўлаётган, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилаётган, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этаётган ҳукуматни шакллантирди, -деди Ўтунбаева.

"Жиноятчи жазосини олади"

Матбуот анжумани чоғида Қирғизистон президенти этник ўзбекларнинг қамоқда ва милиция бўлимларида қийноқлардан ўлгани тўғрисидаги иккита ишни ўз назоратига олганини ва бугунги кунда бу ишлар судда кўрилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Президентининг айтишича, июн воқеаларида айбланиб Ўш шаҳар қамоқхонасида сақланган Маматазиз Бузуруков қамоқхона врачи томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли вафот этган. Айни пайтда бу жиноят айбдорлари аниқланиб, иш судга оширилган. Жалолобод вилояти Бозорқўрғон тумани милиционерлари томонидан калтаклаб ўлдирилган яна бир этник ўзбек Усмонжон Холмирзаев иши юзасидан 4 милиция офицери қамоққа олиниб, улар айни пайтда Бишкек яқинидаги Сўқулуқ туман судида судланмоқда.

Айни пайтда Роза Ўтунбаева Ўш қирғинида асосан этник ўзбеклар жабр кўргани ва бу қирғинда ҳалок бўлганларнинг 80 фоизга яқини ўзбеклар бўлганига қарамай, ҳуқуқ –тартибот тузилмалари томонидан июн воқеларида айбланиб қамоққа олинганларнинг 75 фоизи ўзбеклар экани ҳақида эслаб ўтирмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG