Линклар

ЕИ Дамашққа қарши қўшимча санкциялар жорий қилди


3500 дан зиёд қурбон берганига қарамай, сурияликлар президент Башар Ассад режимига қарши норозилик намойишларини тўхтатмаяпти.

3500 дан зиёд қурбон берганига қарамай, сурияликлар президент Башар Ассад режимига қарши норозилик намойишларини тўхтатмаяпти.

Европа Иттифоқига кирувчи давлатлар 28 ноябр куни Сурия расмийларига қарши қўшимча санкциялар жорий этиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Reuters агентлиги хабарига кўра, янги чекловлар асосан молия соҳасига тегишли бўлиб, эндиликда Сурия билан савдо-сотиқни молиялаштириш ва бу мамлакат ҳукуматига қарз беришга таъқиқ жорий қилинган. Бундан ташқари, эндиликда Сурия банкларининг ЕИ ҳудудида ўз филиалларига эга бўлиши ҳамда ўз маблағларини Европа банкларига қўйиши маън қилинади.

Шунингдек, ЕИ активлари музлатиладиган сурияликлар рўйхатига яна 12 мулозим номини киритишди, бу кишиларнинг Европа Иттифоқи ҳудудига кириши ҳам таъқиқланади.

Бу чоралар Сурия ҳукуматига молиявий операцияларни олиб бориш ва ўз маблағларини бошқаришда муайян қийинчиликлар туғдириши тахмин қилинмоқда.

27 ноябр куни 22 давлат аъзо бўлган Араб давлатлари лигасининг 19 аъзоси Сурияга қарши санкция жорий этишга қарор қилганди.

Европа Иттифоқи ва Араб лигаси Сурия раҳбариятидан мамлакатда зўравонликни тўхтатиш ва зудлик билан демократик ислоҳотлар ўтказишни талаб қилмоқда. Бунга жавобан Дамашқ ўзгаришлар аста-секинлик билан амалга ошиши лозимлигини, Сурия шаҳарлари кўчаларидаги қўшинлар эса шу кунда мутлақо зарурлиги таъкидлаб келмоқда.

Сурия ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим санкциялар жорий қилинишини Дамашққа қарши “иқтисодий уруш эълон қилиш”, дея баҳолади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия эса БМТ томонидан Сурияга қурол эмбаргоси жорий қилиш ҳақидаги чақириқни рад қилиб, Дамашққа ультиматумлар билан таҳдид қилишни тўхтатишга чақирди.

Бу чақириқ АҚШ ва Европа Иттифоқи душанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашини ҳукуматга қарши ўтказилаётган намойишларни шавқатсиз бостираётган Дамашқ режимига қарши чора кўришга чақирганидан кейин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тилидан янгради.

Аснода БМТ Сурияда иш олиб борган комиссияси мамлакат армияси ва хавфсизлик кучлари инсониятга қарши жиноят (қотиллик, қийноқ, зўравонлик) содир этгани ва бу жиноятлар учун масъулият президент Башар Ассад ҳукумати зиммасида экани ҳақида баёнот берди.

Жиноят қурбонлари ва уларга гувоҳ бўлган 223 нафар киши ўртасида сўров ўтказган комиссия Дамашқни “инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш”ни тўхтатиш, оммавий ҳибсга олишлар чоғида ушланган маҳбусларни озод қилиш, гуманитар ёрдам хизматлари ва кузатувчиларни мамлакатга киритишга чақирди.

“Комиссия томонидан жамланган маълумотлар инсон ҳуқуқларининг бу тахлит қўпол равишда бузилиши 2011 йилнинг мартида норозилик ҳаракати бошланганидан буён суриялик ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари томонидан содир этилганини кўрсатмоқда”, - дейилади комиссиянинг 40 варақли ҳисоботида.
БМТ комиссияси Сурия ҳукуматини бу хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ва мазкур воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишни ўз зиммасига олишга даъват этади.

БМТ тахминларига кўра, Суриядаги норозилик акциялари чоғида 3,5 мингдан зиёд киши ҳукумат қўшинларининг намойишларни қонли бостириши натижасида қурбон бўлган.
XS
SM
MD
LG