Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:09

Ўқитувчини калтаклаган мактаб директори жаримага тортилди


Мактаб директоридан калтак еган Зиëдулла Раззоқов.
Мактаб директоридан калтак еган Зиëдулла Раззоқов.

Жиззах суди мактаб директори Бахтиёр Элмуродовга ўқитувчи Зиёдулла Раззоқовни калтаклагани учун 572 минг сўм жарима солди.


28 ноябр куни Жиззах вилояти Жиззах туман Жиноят ишлари суди судяси Жаҳонгир Турғунбоев Зарбдор туманидаги Шароф Рашидов номли 1-ўрта мактаб директори Бахтиёр Элмуродовга шу мактаб ўқитувчиси Зиёдулла Раззоқовни калтаклагани ва ҳақорат қилгани учун энг кам иш ҳақининг 10 барабари миқдорида жами 572 минг сўм ёки тахминан 300 АҚШ доллари миқдорида жарима белгилади.

Бу ҳақда ўқитувчи Зиёдулла Раззоқовнинг ўзи Озодликка маълум қилди.

- Мактаб директори томонидан калтакландим. Мен жабрланувчи сифатида мактаб директори Бахтиëр Элмуродовни судга берган эдим. Энди мен унинг ҳаракатида жиноят аломати бўлганлиги, мени қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ва енгил тан жароҳати етказганлиги бўйича шикоят қилган эдим. Ўша суд тугади. Кеча суднинг ажримини олдим, дейди Раззоқов.

Ажримга кўра, Бахтиёр Элмуродов Ўзбекистон Маъмурий-ҳуқуқбузарлик кодексининг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) бўйича айбдор деб топилган.

41-моддада энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ баравари, 52-моддада эса икки баравардан тўрт бараваргача миқдорда жарима солиш кўзда тутилади.

Бу моддалар бўйича айбланган Бахтиёр Элмуродов эса энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жаримага тортилди¸ холос.

Зиёдулла Раззоқовга кўра, суд ажримида "Бахтиёр Элмуродов оиласи кам таъминланган" дея қайд қилингани учун жариманинг энг кам қиймати белгиланган.

Суднинг бу ажримидан норози бўлган ўқитувчи Раззоқовга кўра, Бахтиёр Элмуродов Зарбдордаги ўзига тўқ шахслардан бири ҳисобланади.

- Жиззах туман Жиноят ишлари бўйича судининг раиси Жаҳонгир Турғунбоев раҳбар одамни кам таъминланган оилалар қаторида деб ажримга киритаяпти. Кийишга оëғида кийими бўлмаса, ейишга бир бурда нони бўлмаса, яшашга уй ҳовлиси бўлмаса, улар кам таъминланган оила деб ҳисобланади. Унинг тагида ҳайдаб юрган машинасининг ўзи ўзбек пулига 22 миллионми туради. Нексия машинаси бўлса, данғиллама уйи бўлса, 100та қўйи бўлса, давлат томонидан 600 минг пул олса, қандай қилиб у кам таъминланган оилада яшаëтган фуқаро бўлиши мумкин, дейди Раззоқов.

Озодлик мухбири суд ажрими борасида фикр сўраш мақсадида Бахтиёр Элмуродов билан боғланди¸ аммо директор бу борада гапиришни истамасдан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Зиёдулла Раззоқовга кўра, Жиззах вилоят Жиноят ишлари суди ажримидан норози бўлиб, аппеляция тартибида шикоят аризаси ёзган.

Шунингдек, Раззоқов ўзига етказилган маънавий зарар бўйича Фуқаровий ишлар судига ҳам мурожаат қилган.

- Суд қаëққа қараб ажрим чиқариб бераяпти? Энди моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қиламан. Мен ундан 10 миллион маънавий зарар сўрамоқчиман. Чунки инсоннинг қадр-қиммати пул билан чекланмайди. 10 миллион ўзбек сўмига моддий ва маънавий зарар сўрамоқчиман, дейди Раззоқов.

45 ёшли Зиёдулла Раззоқов жорий йилнинг 3 октябр куни кечки пайт ўзи ишлайдиган мактаб директори Бахтиёр Элмуродов томонидан пахта даласида калтакланган эди.

Зиёдулла Раззоқовга кўра, Элмуродов уни мактаб ўқувчиларининг пахтага жалб қилинаётгани борасида хориж матбуотига берган маълумотлари орқали мактаб шаънига доғ тушурганлик ва Ўзбекистонни ёмонотлиқ қилганликда айблаган.
XS
SM
MD
LG