Линклар

Тожикистонда президентни ҳақоратлаган шахс қамалди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Қўрғонтепада президент Имомали Раҳмонни таҳқирлаганликда айбланган фуқаро 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Қўрғонтепа шаҳар милиция ходимларини ҳақоратлаганликда айбланиб, 6 йилга кесилган 37 ёшли Мирзожон Тойиров, адвокат Эшназар Когановнинг айтишича, шаҳар судининг ўзига нисбатан чиқарган ҳукми адолатсиз эканини айтган. Зеро, суд ҳайъати ҳукм чиқариш чоғида судланувчининг саломатлигини назарга олмаган.

Айни пайтда Қўрғонтепа ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари Мирзожон Тойиров маҳаллий милиция ходимларига ҳамла қилгани ва жамият хавфсизлигига таҳдид этгани ҳамда баланд овозда президентни ҳақоратлаганини маълум қилиб, қонунга мувофиқ равишда унинг жиноятчи эканини таъкидламоқдалар.

Мазкур иш бўйича маҳкамага раислик қилган Қўрғонтепа шаҳар суди судяси Рустам Назаровнинг маълум қилишича, Мирзожон Тоҳиров шу йил 4 сентябрида, аниқроғи амнистия туфайли озодликка чиққанидан уч кун ўтиб қайта ҳибсга олинган.

- У 2 сентябр куни шахсий хусумати сабабли маҳаллий милиция идорасига кириб борган ва қўлидаги газ баллончаси билан милиция ходимларига таҳдид қилиб, “ҳаммангни портлатаман”, деган ва ўзини қаматган милиция ходимини топиб беришни талаб қилган. Яъни Тойиров қасддан жиноят содир қилган. Суд жараёнида унга қўйилган айбловлар ўз исботини топди, - дейди судя Назаров.

Қўрғонтепа шаҳар ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, Мирзожон Тойиров аввалроқ “ўғирлик” ва “қаллоблик” айби билан узоқ муддатга қамалган, аммо жазо муҳлати тугамай, “Авф тўғрисида”ги қонунга биноан озодликка чиққан.

Мирзожон Тойировнинг оқловчиси Эшназар Коганов суд ҳукми юзасидан шахсан ўзининг даъвоси йўқлигини айтди. Аммо у ҳимоясидаги Тойировнинг саломатлиги эътиборга олинишига оид ёзма сўровномаси суд ҳайъати томонидан эътиборсиз қолдирилганини қонунга хилоф, деб билади.

- Ҳимоямдаги шахс аффект ҳолатда жиноят содир қилган. У фуқаролик уруши йиллари (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) номаълум кишилар томонидан калтакланган ва бошига қаттиқ зарб еган. Ана шу жиҳатлар суд ҳайъати томонидан эътиборга олинмади, - деди адвокат Коганов.

Аснода мустақил таҳлилчилар давлат раҳбарини ҳақоратлагани учун фуқароларнинг жиноий жазога тортилишини қораламоқдалар.

Ҳуқуқшунос Раҳматулло Зоиров фикрича, республика Жиноят кодексига киритилган бу модда мамлакат конституциясига зиддир.

- Тожикистон Конституциясининг 17-моддасида фуқаролар дини, миллати ва бошқа шу каби фарқ қилувчи жиҳатларидан қатъий назар тенг ҳуқуқли экани белгилаб берилган. Лекин Конституциямизнинг бу моддаси қўпол тарзда бузилиб, Жиноят кодексига президент ҳимояси учун ана шундай махсус модда киритилган. Президент ҳам Тожикистон фуқароси саналар экан, қонунан юқори саналувчи Конституция талабларига амал қилиниши лозим, - дея мулоҳаза билдирди таҳлилчи Зоиров.

Таҳлилчига кўра, ўзини демократик ва дунёвий давлат сифатида танитган мамлакат Жиноят кодексида президент ҳимояси учун махсус модда бўлиши мантиқсизликдир.

- Бундай махсус моддалар фақат авторитар ва тоталитар режимли давлатлардагина қабул қилинади, - дер экан таҳлилчи Зоиров бундай ҳолларда Жиноят кодексидаги кишиларни таҳқирлаганлик учун жазо беришни кўзда тутган “безорилик” моддасининг ўзи кифоя қилишини қўшимча қилади.

Тожикистон Жиноят кодексининг 137-моддасида “президент ҳаёти, саломатлиги, шаъни ва обрўсига қасд қилган шахс Тожикистон қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилади”, деб ёзиб қўйилган.

Кузатувчиларга кўра, тожик жамиятида президентни ҳақоратлаганлик учун жиноий жазога тортилиш ҳолатлари қарийб қайдга олинмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG