Линклар

logo-print

"Аэрофлот" учун Самарқанд осмони ëпиқ қолмоқда


Russia - Aeroflot Airbus Taking Off at the Moscow Airport

Russia - Aeroflot Airbus Taking Off at the Moscow Airport

Россиянинг “Аэрофлот” авиаширкати 15 ноябрдан бошлаш режаланган Москва-Самарқанд парвозларини бекор қилишга мажбур бўлмоқда.


Ўзбекистон мамлакат ҳаво ҳудудига Россиянинг “Аэрофлот” авиаширкати самолётлари қатновларини чеклаётгани айтилмоқда.

“Известия” газетасининг маълум қилишича, давлатлараро келишувга биноан “Аэрофлот” жорий йилнинг 15 ноябридан бошлаб Самарқанд шаҳрига рейсларни амалга оширишни режалаштирган.

2011 йилнинг ўрталарида “Аэрофлот” ширкати Москва-Самарқанд йўналиши бўйича Airbus A320 самолётларида ҳафтасига олти маротаба (якшанбадан ташқари) рейс амалга оширишини эълон қилган эди.

Барча қатновларнинг Шереметъево аэропортидан амалга оширилиши айтилган ва “Аэрофлот” июл ойидан бошлаб бу йўналиш бўйича чипталар сотиш ва буюртмалар қабул қилишни бошлаган эди.

Ўзбекистон расмийлари сўнгги дақиқада бу йўналиш бўйича самолётлар қатновига розилик бермаганидан сўнг¸ авиакомпания юзлаб чипта пулини мижозларга қайтиб беришга мажбур бўлмоқда.

"Аэрофлот"нинг Москва-Самарқанд рейслари парвозига рухсат берилмаганини тасдиқлай туриб Самарқанд аэропорти расмийси¸ бунинг сабабини ойдинлаштира олмаслигини таъкидлади.

- Москвадан юраяпти бошқа авиакомпаниялар, аммо “Аэрофлот” эмас. Унинг рейслари йўқ. Ҳозирча Самарқандга “ВИМ-авиа”, “Московия”, “Аэросвит” кабилар учяпти, деди ўзини таништирмаган Самарқанд аэропорти ходими.

Озодлик мухбирининг "Нега айнан "Аэрофлот" учқичлари Самарқандга қўйилмаëтир?" деган саволига Россия Транспорт вазирлиги вакили Анастасия Домбровскаядан келган қисқагина жавоб хатида ҳам бу воқеа сабабларига изоҳ берилмади.

“Россия Транспорт вазирлиги Ўзбекистон авиация расмийларига Москва – Самарқанд йўналиши бўйича Россия авиаширкатларининг қатновлари чекланаётгани масаласи юзасидан изоҳ талаб қилиб мурожаат қилди. Жавоб кутилмоқда”, дейилади Россия Транспорт вазирлигининг Озодликка юборган расмий жавобида.

Телефон орқали суҳбат давомида Анастасия Домбровская бу каби сўровлар Ўзбекистонга бир неча маротаба юборилгани ва ҳозирча ҳеч қандай жўяли жавоб олингани йўқлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг Ташқи ишлар бўлими мутахассиси Нигора Қодирова Ўзбекистон томони ўз қарорини рейслар паритети сақланиб қолиши лозимлиги билан изоҳлаётганини билдирди.

- “Аэрофлот” масаласида биз Россия Транспорт вазирлиги билан ёзишувлар олиб борган эдик. Айтиш керакки, бир неча маротаба ёзишган эдик. Уларда бу масала юзасидан барча саволларга жавоблар олинган. Бу молия ва мувозанат масаласи, у ҳақда бирор нарса дея олмайман, чунки бу масала юзасидан якуний маълумотга эга эмасман. Тўғриси, бу савол билан кўплаб одамлар мурожаат қилмоқда, лекин нима сабабдан рейслар бекор қилингани ва қачон тикланиши мумкинлигига жавоб бера олмайман. Бу юқорида ҳал этиладиган масала, деди Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси расмий вакиласи.

“Аэрофлот” авиаширкати расмийлари эса бу масалага оид саволларга ҳозир жавоб бера олмасликларини маълум қилди.

Россия оммавий ахборот воситаларининг билдиришича, “Аэрофлот” ширкатининг Самарқанд рейсларининг бекор этилиши оқибатида бугунга қадар кўрган зарари 200 минг АҚШ доллари билан баҳоланмоқда - ширкат бу йўналиш бўйича чипта сотиб олганларга бошқа йўналишлар ёрдамида Тошкентгача етиб олишни таклиф қилишга мажбур бўлмоқда.

“Известия” газетасининг "Росавиация" ташкилотидаги ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Россия Ҳаво транспорти федерал агентлиги ва Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма мажлисида агентлик Ўзбекистон расмийлари ҳаракатига жавоб қўллаш масаласини кўтарган¸ аммо дипломатик идора Ўзбекистонга нисбатан ҳеч қандай кескин чоралар қўлламаслик ҳақида юқоридан аниқ-тиниқ буйруқ берилганини билдирган.

Шу йилнинг октябр охирларида Россия Транспорт вазирлиги Ўзбекистонда сотилган билетлардан тушган пул конвертациясига имкон берилмаса, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг Россияга рейслари сонини қисқартириши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Озодлик билан суҳбатда Россия Транспорт вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқа бўлими бошлиғи Темур ҲикматовЎзбекистонга учадиган "Аэрофлот”, “Трансаэро” ва “Ютэйр”да конвертация қилиш имкони бўлмагани боис йиғилиб қолган маблағнинг¸ ҳозирда тахминан 54,5 миллион АҚШ долларидан зиёд эканини айтган эди.
XS
SM
MD
LG