Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:04

Азимжон Асқаров ишининг кўрилиши яна ортга сурилди


Азимжон Асқаров ишини Олий судда кўриб чиқш бир йилдан бери пайсалга солинмоқда.
Азимжон Асқаров ишини Олий судда кўриб чиқш бир йилдан бери пайсалга солинмоқда.

Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқиш 20 декбарга қолдирилди.


Қирғизистон Олий суди матбуот хизматининг билдиришича, 29 ноябр куни ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров иши кўриб чиқилиши лозим эди. Бироқ бу жараёнга Азимжон Асқаров билан бир қаторда судланаётган шахсларнинг адвокатлари етиб кела олмагани учун суд 20 декабрга қолдирилган.

Айтиб ўтиш лозимки, Азимжон Асқаров ўтган йилнинг июнида Бозорқўрғондаги тартибсизлик ташкилотчиларидан бири сифатида, жумладан, милиция ходими Миқтибек Сулаймоновни ўлдирганликда айбланмоқда. 29 ноябр куни Олий суд биносига кириб келган марҳум милиция ходимининг яқинлари норозилик намойиши ҳам ўтказдилар. Улар суд биносига “Ҳуқуқ ҳимоячилари қотилларни ҳимоя қилишни тўхтатинг”, “Азимжон Асқаровга нисбатан умрбод қамоқ жазоси ҳукми ўз кучида қолдирилсин” каби шиорларни илиб қўйишди. Миқтибек Сулаймовнинг қариндошлари “халқаро ташкилотлар босими остида суд иши қолдирилаяпти ва босим оқибатида Азимжон Асқаров озод этилиши мумкин”, деб ҳисоблашади.

- 20 декабрда судни яна ортга жилдиришади, биз яна қақшаб қолаверамиз. Суд залида америкаликлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ўтиришибди. Уларнинг босими билан мана шу ишлар бўлаяпти, -дейди марҳум милиционернинг беваси Чинара Бекелова.

Қирғизистон Олий суди матбуот котиби Бақит Рисалиевнинг билидиришича, ўтган йилдан бери Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят ишининг ортга сурилиб келинаётганига маҳбусларнинг қийноқларга солингани ва жазо ўташ жойидаги вазиятнинг оғирлиги тўғрисидаги аризалари сабаб бўлган.

Айни пайтда Азимжон Асқаровнинг адвокати Нурбек Тўқтақунов ўз ҳимоясидаги одамнинг айбсиз экани суд жараёнларида маълум бўлиб қолгани, Бозорқўрғон туман суди ва Жалолобод вилоят судлари айбсиз одамни бир умрга қамаш тўғрисидаги ҳукмни чиқаргани Олий суд мажлисларининг ортга сурилишига сабаб бўлаётганини айтади:

- Суд қандай қарор чиқаришни билмай гангиб қолди. мустақил Улар : “Чиқарган ҳукмимиз ҳукуматга ёқармикин?” деб ўйланишаяпти. “Агар Асқаровни оқлаб юборсак, норозилар кўтарилиб кетади”, деб ҳам қўрқишаяпти. Шунинг учун судни иложи борича турли йўллар билан ортга суришга ҳаракатлар бўлаяпти, -деди Нурбек Тўқтақунов.

Айтиб ўтиш лозимки, халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Азимжон Асқаров ҳимоясига чиққанлар. Улар мунтазам тарзда қирғиз ҳукуматига Асқаровга нисбатан жиноят иши соҳталаштирилганини таъкидлаб, унинг озод этилишини талаб қилиб келадилар.

- Аслида жиноят иши бошқатдан тергов қилиниши лозим. Аммо бир йилдан бери бу ишни кўришни ортга суриб келаётган суднинг бунга сиёсий иродаси етадими, етмайдими, буни билмайман. Ҳамманинг боши қотган: мутлақо бегуноҳ одамни айбдор деб қамаб қўйишди, унинг айбдорлигига жабрланганларни ишонтириб ҳам бўлишди. Шундан кейин қандай ҳукм чиқариш кераклигини ҳеч ким билмайди, -дейди ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Айни пайтда норози томон 28 ноябр куни Азимжон Асқаровга нисбатан ҳукм Олий суд томонидан ўзгартирилмаслигини талаб қилиб Бозорқўрғон туманида норозилик намойиши ўтказган ва катта йўлни тўсиб қўйган эди. Ҳозир намойиш вақтинча тўхтатилган. Бироқ жабрланувчилар деб аталаётган норози томон 20 декбарда Аъзимжон Асқаровга нисбатан ҳукм ўзгартириладиган бўлса, намойишларини давом эттиришларини билдирган.

Азимжон Асқаров билан бир қаторда мазкур иш юзасидан Муҳаммадзокир Қўчқоров, Санжарбек Мулавхунов, Элмурод Расулов, Исроилбек Абдураимов бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Минура Мамадалиева ва Шукржон Мирзолимов 20 йилга кесилган эди.
XS
SM
MD
LG