Линклар

logo-print

Бу гапни Жиззахдаги ун комбинатларидан биридаги кўнгилни оздирар манзарани видеотасвирга олиб¸ халққа ҳаром ун едираëтганларни жавобгарликка торттишга уринаëтган Ҳусниддин Қаршиев айтади.


Сичқон гўштига қорилган ун

29 ноябр куни “Эркин микрофон”га мурожаат қилганлардан бири Жиззах вилояти, Дўстлик туманида яшайдиган вақтинча ишсиз¸ 42 яшар Қаршиев Ҳусниддин бўлди.

Ҳусниддин ўзи яшаб турган тумандаги корхоналардан бирининг ғайриқонуний фаолияти тўғрисида айта бошлади. Суҳбатдош конкрет корхона ҳақида гапирар экан, унинг номини ҳам келтирди. Лекин биз корхона номини эшиттирмасликка қарор қилдик. Чунки Ҳусниддиннинг корхона устидан шикояти мутасадди ташкилотлар томонидан ҳанузгача кўриб чиқилмаган.

Ҳусниддиннинг арзини эшиттирар эканмиз, эътиборингизни масаланинг айнан шу жиҳатига - фуқаронинг ариза ва шикоятларига давлат идораларининг эътиборсизлигига қаратишдир.

- Мана шу корхонада ҳар йили йилнинг биринчи ярмида корхона тайëр маҳсулотлари омборида сақланган. Намлик миқдори кўплигидан қотиб, ҳидланиб қолган. Ейишга умуман яроқсиз бўлган, ўта сифатсиз ун маҳсулотларини қайта тегирмон цехидан ўтказиб, халққа тарқатиб юборилаяпти.

Озодлик: Айтаëтганингиз корхонада ишлайсизми?

- Йўқ, мен ишламайман. Атрофимдагилар, укам ишлайди.

Озодлик: Демак, сиз айтаëтган ишларингизни укангиз орқали биласиз-а?

- Шундай.

Ҳусниддиннинг гапини эшитаверсангиз, дўстликлик бўлмасангиз ҳам, нон егингиз келмай қолади. Чунки у айтаётган тегирмондан чиқаётган ун таркибида сичқон ўликлари ҳам бор бўлиб чиқади.

- Сифатсиз ун маҳсулотини қайта ишлаш жараëнида видеолавҳага олинган. Шу ерда ўша таниш йигитлар телефоннинг видеокамерасида видеосуратга олинган. Мен ана шу телефонга олинган видеолавҳадан дискка кўчиртириб, Президент девонига юбордим ариза билан. Ҳеч қандай натижа бўлмаяпти.

Озодлик: Яна кимларга мурожаат қилдингиз? Газетага ҳам¸ деяëтувдингиз боя.

- Биринчи “Дўстлик ҳаëти” газетасига, “Жиззах ҳақиқати” газетасига мурожаат қилдим шу масала бўйича. Вилоят прокуратурасига, туман прокуратурасига аризани текшириб ўрганиб чиқиш учун тақдим этди. Прокуратура бу иш билан фақат бир томонлама ëндашдида. Уларнинг текширув ишларидан, текширув хулосасидан мен норози бўлган ҳолда Президент девонига, шахсан президент номига ариза йўлладим. Ўша аризага бояги видеолавҳани ҳам илова қилдим. Негадир Президент девонидагилар яна туман прокуратурасига юборибди аризани. Кейин мени чақирди прокуратура. Бордим 7 ноябр куни. Шу куни тушунтириш хати ëзиб бердим. “Видеолавҳани ким олган? Видеолавҳада туширилган ишчилардан кимларни танийсиз?” деди. Мен саволларга тўлиқ жавоб бериб кўрсатма бердим. Видеони суратга олган йигитни, шу видеода мен таниган одамларни чақириб тушунтириш хати олган. Лекин бирдан тўхтаб қолди. Уларнинг ҳаммаси менинг фикрларимни тасдиқлаган.

Озодлик: Демак, мана 20 кундан ортибди. Прокуратура яна сиз айтаëтган корхонага нисбатан ҳеч қндай чора кўрмаяпти демоқчисиз-а?

- Ҳа. Улар менга “10 кун давомида сизга текширув хулосасини берамиз” деган эди. Мана 20 кун бўлди ҳалигача хулоса йўқ. Мен прокуратурага бордим шу хат юзасидан. Прокурор йўқ экан. Бир терговчи бор экан. Исми Комил. Холмуродов менимча.

Гапнинг давомига яхшироқ эътибор қилинг.

- Унинг айтишича, мен президентга юборган хатни вилоят ҳокимиятига юборибди. У ерда “текширувчи кенгаш хатни ўрганиб чиқиб текширишга рухсат берса, текширамиз, рухсат бермаса, текширмаймиз” деган фикрларни тушунтирди.

Озодлик: Сиз айтаëтган аҳволдан сиз яшаëтган ҳудуддаги бошқа одамлар ҳам хабардорми?

- Ҳамма билади, лекин индамайди.

Озодлик: Ҳамма билади, бошқа ҳеч ким индамаяпти. Шундан келиб чиқиб савол бермоқчиман. Сизга нима зарил?

- Сарвар ака, бу нарсани эшитиб, билиб, аҳолига шундай сифатсиз унларни, умуман қўланса ҳиди келадиган унларда, ейишга бутунлай яроқсиз унларни аралаштириб халққа тарқатиб юбораëтганини билиб, энди сичқон аралаштирилган унларни едиргандан кейин менинг томоғимда турибдида шу нарса. Ҳалигача кўнглим айнийди шу нарсани эсласам, дейди дўстликлик Ҳусниддин.

Нопок унни еб қўйиб ҳануз кўнгли айниётган дўстликлик Ҳусниддиннинг аризасига ҳеч ким жавоб берай демаяпти. Афтидан устидан у арз қилган корхонани текширишга тепадан – Кенгашдан рухсат беришмаган кўринади.


Саудийга бош олиб кетмоқчиман...

Саудияда танишингиз бўлса, илтимос, телефонини беринг. Мен Саудияга кетиб яшамоқчиман.

Бу - эндигина 20 га кирганини суҳбат асносида билганимиз андижонлик йигитнинг илтимосидир.

Хўш, шу кунда Россияда яшаётган бу йигитча нима учун бошқа юртларни кўзлаяпти?

Нима учун бу йигит Ўзбекистонга қайтишни истамаяпти?

Бу саволлар жавобини билгимиз келди ва йигитни суҳбатга тортдик.

Озодлик: Андижонда туғилиб ўсганмисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 20.

Озодлик: Қачондан бери Россиядасиз?

- 3 ой бўлди Россияга кириб келганимга.

Озодлик: Унгача Ўзбекистондан чиқмай яшагансиз-а?

- Шунақа.

Озодлик: Мана микрофонни ëққунимча энди Россиядан бошқа мамлакатга кетиб яшамоқчи эканлигингизни айтдингиз. Нима учун Андижонга қайтмоқчи эмассиз?

- Мен мусулмон боламанда. Мусулмон оилада катта бўлганман. Исломий тарбиялар кўрганман мен. Ўзбекистонда, яшириб айтиб бўлмайдида буни, очиқ айтиб ишни пишиқ қилган яхши, ҳозир Ўзбекистондаги қонунлар, Ўзбекистондаги бўлаëтган ишлар ҳамамси ислом динига қарши.

Озодлик: Исломий йигитман деяпсиз. Ҳужжат билан гапиринг. Сиз нималарга асосланиб айтаяпсиз?

- Ўзбекистонда кўп бузуқ йўлларга масалан фаҳш, дискотека, ароқ шунақа ҳар хил ëмон ишларга тўсиқ йўқ. Бемалол, очиқ, лекин исломий йўлларга тўсиқлар етарлича бор. Масалан¸ биз томонда самоварда, чойхона деймиз, ароқ сотмай қўйди рўза кунида. СНБ бир нималар келиб “Нимага ароқ сотмаяпсан? Ароқ сот¸ бўлмаса самоварингни сот” дейишибди. Тушунаяпсизми?

Озодлик: Бу миш-миш гапдир.

- Йўқ, йўқ, кўрдим. Кўрганман мен. Энди мен Ҳайит намозида мачитга қора дўппида ўқигани кириб борган эдим. Ҳалигилар менинг дўппимни олишди.

Озодлик: Ким олди?

- Милициялар турадида. Буни ҳамма кўрган. Ҳамма билади буни. Ëш болаларни, мактаб ўқувчиларини мачитга намоз ўқигани киришдан қайтаради. Лекин дискотека, ëмон йўллар, фаҳш, ëмон ишлардан қайтармайди очиқ-ойдин. Тушунаяпсизми шуни? Лекин намоз ўқишдан, яхши инсон бўлишдан қайтаради. Унақа вазиятлар, мен сизга айтсам ҳеч ëқмайдида. Шунинг учун ҳақиқий исломий давлат, исломий қонун, Қуръон билан ҳужжат нима қилиб халқни олиб борадиган давлати ҳам, халқи ҳам исломий давлат бўлса, ўша ëқларга кўчиб кетсам деган нимам бор эди.

Озодлик: Инсон танлаши мумкин бўлган йўллар кўп. Сиз ҳозир бошқа давлатни кўзламасдан Ўзбекистоннинг ўзидаëқ яшаб, сизни ҳеч ким масалан тунги клубларга, ўзингиз айтаëтган дискотекаларга бор¸ деб ҳеч ким мажбурламайдику. Ўшаларга бормасдан тинчгина ўзингизнинг ибодатингизни қилиб яшайверсангиз бўладику. Биров халақит бермайдику. Ë халақит бераяптими?

- Қараб туринг. Кўчадан шамол ўтсаю, сизнинг уйингизга шамол кирмасдан нариëқдан ўтиб кетиб қолса. Ëмғир ëғсаю сизнинг уйингизга ëғмаса. Кўчада бузуқчилик бўлиб тургандан кейин сизнинг уйингизга ҳам ўша нарса кириб борадида. Бунга қарши чиқмоғимиз керакда биз, дейди 20 яшар андижонлик суҳбатдош.

*********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG