Линклар

Еврозонага кирувчи 17 давлат молия вазирлари давлат қарзлари билан боғлиқ бўҳрондан азият чекаётган Европа мамлакатларига ёрдам бериш ва евро пул бирлигини сақлаб қолиш учун Халқаро валюта жамғармасидан қарз олиш имконини берадиган тезкор чораларни кўришга келишиб олди.

Еврозона раиси ва Люксембург Бош вазири Жан-Клод Юнкер сешанба куни Брюсселда ўтган мажлисдан кейин қилган чиқишида вазирлар ХВЖ берган маблағларни кўпайтириш учун ЕИ давлатлари ўртасида икки томонлама қарзлар олди-бердисини йўлга қўйишга келишиб олганини маъулм қилди.

Вазирлар шунингдек Грецияга тақдим этилаётган қутқарув режаси доирасида 8 миллиард евро миқдоридаги навбатдаги ёрдам пулини беришни ҳам маъқуллади. Агар бу маблағ берилмаганида Греция йилнинг охирига қадар банкрот бўлиши мумкин эди.

Молия вазирлари қарзга ботган ЕИ давлатларини банкротдан ҳимоялашга қаратилган еврозона қутқарув жамғармасини кўпайтиришга ҳам келишиб олдилар. Греция ва Ирландияда авж олган қарз бўҳрони ҳамда унинг Италия ва Испанияга ўтиши хавфи евро пул бирлиги истиқболларига оид хавотирларга сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG