Линклар

Теҳрондаги Британия элчихонасига ҳужум қилинди


Теҳрондаги Британия элчихонасига ҳужум бир неча соат давом этди.

Теҳрондаги Британия элчихонасига ҳужум бир неча соат давом этди.

Сешанба куни Теҳронда радикал талабалар ва намойишчилардан иборат оломон Британия элчихонаси ва элчи резиденциясига бостириб кирди. “Англияга ўлим” дея бақирган ҳужумчилар Британия байроғига ўт қўйди. Британия ўз дипломатик ваколатхоналарини ҳимоя қилмаган Эрон расмийлари ҳаракатини “шармандалик”, дея атамоқда. Воқеа манзараси 1979 йилда Теҳрондаги АҚШ элчихонасининг босиб олинишини эслатди.


29 ноябр куни ўнлаб радикал намойишчилар Теҳрондаги Британия элчихонасига бостириб кириб, “Англияга ўлим” дея бақиришди ва Британия байроғини ёқишди. Улар Британиянинг Эронга нисбатан янги санкциялар жорий қилганига қарши ғазабини шундай ифодалашди.

Ғазаб отига минган минглаб намойишчиларнинг асосий қисми элчихона ташқарисида қолди. Оломон “уч террорчи давлат Америка, Исроил ва Англияга ўлим”, дея хитоб қилишгани айтилмоқда.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ҳужумни “ўтакетган қабиҳлик ва оқлаб бўлмайдиган” дея атади ва унинг “жиддий оқибатларидан” огоҳлантирди. Кэмерон сешанба кунги воқеада Эрон расмийлари дипломатик ваколатхоналарни ҳимоя қилмаганини “шармандалик” дея атади ва яқин кунлар ичида бунга тегишли жавоб берилажагини таъкидлади.

БМТ, ЕИ ва АҚШ ҳужумни дарҳол қоралаб, Эронни дипломатик миссияларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро мажбуриятини бажаришга чақирди.

Вашингтонда чиқиш қилган Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни жумладан бундай деди:

- Қўшма Штатлар Теҳрондаги Британия элчихонасига қилинган ҳужумни кескин қоралайди. Эрон, ҳар қандай давлат каби, ўз мамлакатида жойлашган дипломатик миссиялар ва уларда ишлайдиган ходимларни ҳимоя қилиш мажбуриятини олган. Яна бир нарсани қайд этмоқчиман, Эроннинг дипломатик ходимларни ҳам ҳимоя қилиш мажбурияти бор – нафақат уларни ҳимоя қилиш, балки яқин ўтмишда гувоҳи бўлганимиз каби, уларни ўлдиришга ҳаракат қилмаслик мажбурияти ҳам борлигини эслатмоқчиман, деди Оқ уй расмийси.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон ҳам сешанба кунги ҳужумни "кескин қоралаб", баёнот эълон қилди.

Бир неча соат давом этган ҳамла тугамасдан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги рўй берган “номақбул ҳаракатлар хусусида афсус” билдириб, баёнот эълон қилди. Эрон расмийлари дипломатик ваколатхоналарни ҳимоя қилиш мажбуриятига содиқ қолиши ва воқеа юзасидан тергов ўтказиб, жавобгарларни жазолашни ҳам ваъда қилди.

Форс агентлиги элчихонанинг олти аъзоси гаровга олингани, лекин кейинчалик полиция томонидан озод қилинганини хабар қилди.

Воқеа тугаганидан кейин Британия расмийлар элчихона ишчиларининг ҳаммасидан дарак борлигини маълум қилди.

Ҳужум давом этаркан Эрон расмий телеканаллари ва хабар агентликлари воқеа жойидан бевосита репортажларни бериб турди. Бу эса ҳужум ортида расмийлар қўли борлигига оид тахминларни келтириб чиқарди.

Эрон агентликларига кўра, ҳужум пайтида Теҳрон ҳокими ва парламентнинг камида икки аъзоси бевосита воқеа жойига келган.

Хабарларга кўра, элликка яқин одам элчихонанинг асосий биноси ичига бостириб кирган, бу пайтда минглаб намойишчилар бино ташқарисида қолган. Британия элчиси резиденцияси эса 300 га яқин одам томонидан талон-тарож қилинган.

Видеотасвирларда талаблар элчихона ойналаридан ҳужжатларни ташлаётганини кўриш мумкин эди. Ҳужумчилардан бири Британия Қироличаси Елизавета II портретини ўғирлаб чиқиб, уни аёл намойишчиларга бергани ва улар портретни ура бошлагани ҳам тасвирга тушиб қолди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Эрон полицияси воқеа жойига етиб келиб, намойишчилар билан тўқнашгани ҳам кўрсатилди.

Форс агентлигига кўра, полиция кўздан ёш чиқарувчи газни ишга солган ва 12 кишини ҳибсга олган.

Ҳужум учун масъулиятни “Олий Руҳонийнинг мусулмон талаба муридлари” номли гуруҳ ўз зиммасига олди.

Гуруҳ Интернетда эълон қилган баёнотда Теҳрондаги Германия ва Франция элчихоналарини ёпишга чақирди ва Британия элчихонасини “жосуслар уяси”, дея атади.

Бу атама Теҳронда 32 йил аввал эронлик радикал талабалар АҚШ элчихонасини босиб олгани ва 52 америкаликни 444 кун давомида гаровда ушлаб тургани воқеасини эслатди.

Ўшанда Исломий инқилоб етакчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний ҳам АҚШ элчихонасини “Теҳрондаги жосуслар уяси” дея атаб, унинг босиб олинишини қўллаб-қувватлаган эди.

Британия элчихонасининг ҳужумга учраши Эрон парламенти Лондон билан дипломатик алоқаларни қисқартириш қарорини қабул қилганидан икки кун ўтиб рўй берди. Бу Британиянинг Эронга нисбатан янги санкцияларни қўллаганига жавобан қилинди.

Парламент қабул қилган қонунга кўра, Британиянинг Теҳрондаги элчисини чиқариб юбориб, дипломатик ваколатхонада ишончли вакилнигина қолдириш кўзда тутилган. Сешанба куни парламент президент Маҳмуд Аҳмадийнажотдан қонунни имзолашни сўради. Ҳужжат қонун кучига кирганидан кейин беш кун ичида Эрондаги тегишли идоралар Теҳрон билан Лондон ўртасидаги дипломатик ва иқтисодий алоқаларни камайтириш бўйича чораларни кўриши керак бўлади.

Британия ўтган ҳафта АҚШ ва Канада билан биргаликда Халқаро атом энергияси агентлигининг Теҳрон ядровий дастурига оид янги ҳисоботи ортидан санкциялар жорий қилган эди.

БМТ Атом агентлиги ҳисоботида Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқишга уринаётгани айтилади.

Лондон ўз элчиси Доминик Шилкотт Теҳрондан чиқариб юбориладиган тақдирда бунга муносиб жавоб қайтарилишидан огоҳлантирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG