Линклар

Атирау шаҳар суди Халифалик аскарлари (Жундул-Хилафат) исломий гуруҳини террористик ташкилот, дея тан олди.


Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратурасига таянган ҳолда хабар қилган Қозоғистон оммавий ахборот воситаларига кўра, суд республика ҳудудида Жундул-Хилафат фаолиятини тақиқлаб қўйган.

Жундул-Хилафатни террористик ташкилот дея тан олиш ва унинг Қозоғистон ҳудудида фаолият олиб боришини тақиқлаш ҳақида Атирау вилоят прокурори 15 ноябр куни Атирау шаҳар судига ариза киритганди.

Ўтган ҳафта сўнгида суд қарори билан Атирау прокурори талаби қондирилди ва бундан буён Жундул-Хилафатга алоқадор бўлган барча шахслар террорчилик фаолиятида иштирок этгани учун жавобгарликка тортилиши билдирилди.

Аввал хабар қилганимиздек, 31 октябр куни Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида бирин-кетин иккита портлаш содир бўлганди.

Прокуратура маълумотларига кўра, вилоят ҳокимияти яқинидаги ахлат контейнерида соат 9 ларда портлаган мосламани Усабеков деган шахс ҳаракатга келтирган.

Соат 10 ларда Атираунинг Сариарқа мавзеида содир бўлган иккинчи портлашда эса Бауржан Султанғалиев исмли йигит ҳалок бўлганди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг келтиришича, Султанғалиев фаррош кийимида портлаш мосламасини прокуратура биноси олдига олиб бориши керак бўлган, бироқ эҳтиётсизлиги туфайли мослама портлаб кетган ва у ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган.

31 октябр куни содир бўлган портлашда бошқа ҳеч ким тан жароҳати олмаган, фақат ён-атрофдаги биноларнинг деразалари синган.

Мазкур портлашлар учун масъулиятни аввал маълум бўлмаган Халифалик аскарлари (Жундул-Хилафат) ташкилоти ўз зиммасига олганди.

Ўзларини Жундул-Хилафат аъзолари деб таништирган шахслар Интернет орқали тарқатган баёнотларида Атираудаги портлашлар қозоқ расмийлари учун огоҳлантириш бўлгани, агар расмийлар яқинда қабул қилинган дин тўғрисидаги қонунни бекор қилмасалар, зўравонлик қўллаш билан таҳдид қилгандилар.

Эслатиб ўтамиз, 13 октябр куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.

Мазкур қонунга мувофиқ, Қозоғистондаги барча диний бирлашмалар қайта рўйхатдан ўтишлари керак. Шунингдек, қонунга кўра, давлат муассасаларидаги, шу жумладан, қамоқхоналардаги намозхоналар ёпилади.

Расмийлар фикрича, “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун диний экстремизмнинг олдини олиш ва уни бартараф қилишга қаратилган. Бироқ кўплаб ҳуқуқ фаоллари мазкур қонуннинг асосий моддаларини шу кунгача танқид қилиб келмоқдалар.

Қозоғистон Бош прокуратураси расмийси Нурдаулет Суиндиков 9 ноябр куни Остона шаҳрида ўтказилган брифингда Жундул-Хилафат ташкилоти Қозоғистон фуқаролари томонидан мамлакат ҳудудида жиҳодни ёйиш мақсадида тузилгани ҳақида баёнот берди.

Прокуратура мулозимига кўра, мазкур ташкилот Қозоғистон фуқаролари Ринат Хабидулла, Уринбасар Мунатов ва Дамир Зиналиев томонидан жиҳодий ғоялар, шу жумладан, Шимолий Кавказда ҳалок бўлган машҳур экстремист даъватчи Саид Бурятский (Александр Тихомиров – таҳр.) ғоялари таъсирида 2009 йили тузилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG