Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:40

Псковда наркотик тайëрловчи ўзбеклар қўлга олинди


Псковда қўлга олинган сунъий нартотиклар.
Псковда қўлга олинган сунъий нартотиклар.

Психотроп наркотик модда - амфетамин ишлаб чиқарувчи лабораторияда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди.


23 ноябр куни Псков вилоятининг Себеж тумани Овсянки қишлоғидаги хусусий ҳовлилардан бирида вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан сўнгги пайтда Россияда оммалашаётган кимёвий гиёҳвандлик моддаси – амфетамин ишлаб чиқариш лабораторияси аниқланди.

Псков вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот маркази раҳбари¸ катта лейтенант Алексей Барановга кўра, лабораториядаги кимёвий реакция қўлда ясалган ускуналар ёрдамида амалга оширилган.

- Таркибида амфетамини мавжуд сариқ рангдаги порошок аниқланди. Бу ерда таблеткалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган экан. Бундан ташқари, уй лабораторияси омборхонасида кўплаб ўта заҳарли кимёвий моддалар топилди. Бу лабораторияда ишлаб чиқарилаётган амфетамин шу даражада кучли таъсир кучига эгаки, бир грамм амфетамин истеъмол қилган шахсни наркотик ҳолатидан чиқариш учун бир сутка вақт кетади, дейди Алексей Баранов.

Полициячилар хабарига кўра, олиб борилган текширув натижасида жами 50 кг истеъмол учун тайёр психотроп модда – амфетамин ва 15 килограмм хом-ашё мусодара қилинган.

“Ҳибсга олинган лаборатория ишчилари орасида хориж фуқаролари ҳам бор”, дея давом этади Ички ишлар бошқармаси расмийси.

- Ҳибсга олинганлардан икки нафари Ўзбекистон фуқароси. Бу иш юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Иккала ўзбек йигити шу йилнинг июн ойидан буён лабораторияда ишлаб келган¸ оддий ижрочилардир. Улар ҳафтасига 8 килограм синтетик наркотик ишлаб чиқарган. Россия Жиноят Кодексининг 228-моддаси 2- қисми бўйича бу шахслар 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Ҳар ҳолда уларнинг айбдорлик даражасини суд аниқлайди, дейди Озодлик билан суҳбатда Псков вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот маркази раҳбари¸ катта лейтенант Алексей Баранов.

Шу сариқ порошокдан амфетамин олинади
Шу сариқ порошокдан амфетамин олинади
Барановнинг айтишича¸ синтетик наркотик ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда олий кимёвий маълумотга эга шахслар қўли борлиги тахмин этилмоқда. Унга кўра¸ мусодара этилган 50 килограм синтетик наркотикнинг қора бозордаги нархи 23 миллион рубл атрофидадир.

Псков вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбари Борис Говорун журналистлар учун уюштирилган махсус брифингда олиб борилган тергов-суриштирув ишларининг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Говорун бу лабораторияда ўзбеклардан ташқари уч нафар Санкт-Петербургдан келган руслар ҳам қўлга олинганини айтди.

Полиция мутасаддиси петербургликлардан бирининг наркокурьер бўлгани, 23 ва 30 яшар қолган икки нафарининг эса жиноий гуруҳ раҳбари экани¸ уларнинг гиёҳвандлик моддалари кўтара савдоси учун Интернет тармоқларидан фойдаланганликларини ҳам қўшимча қилди.

“Оператив текширувлар давомида тўққизта наркотик яширадиган жойдан еттитасининг бўш экани аниқланди. Себеж туманида аниқланган амфетаминнинг нафақат Петербург, балки қўшни минтақа ва ҳатто қўшни мамлакатларда сотилгани тахмин қилинмоқда”, деди Псков вилояти полицияси раҳбари Борис Говорун.

Қўшни мамлакатлар дер экан¸ россиялик полициячи¸ биринчи навбатда Латвия ва Эстонияни назарда тутганини ойдинлаштириб ўтди.

Псков ва Ленинград вилоятларида ўзбек “мардикорлари” томонидан ишлаб чиқарилган жами 60-70 килограмм синтетик наркотик мусодара қилинганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG