Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:10

Каримов Қашқадарë ҳокимини алмаштирди


30 ноябр куни Қаршига келган президент Каримов вилоятнинг қарийб 10 йиллик ҳокимини ишдан олди.


30 ноябр куни Қашқадарë вилоят Халқ депутатлари кенгашининг фавқулодда йиғилишига раислик қилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жиддий кадр алмашинувини амалга оширди.

Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қаршидаги фаоли Ҳасан Чориевнинг Озодликка айтишича¸ Ислом Каримов чоршанба куни вилоятга 2002 йилдан бери ҳокимлик қилиб келган Нуриддин Зайниевни ҳокимлик вазифасидан бўшатган.

"Айни пайтда¸ Сурхондарë вилояти ҳокими Туроб Жўраев Қашқадарëга ҳоким этиб тайинланди"¸ дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Ҳасан Чориев.

Ўзбекистон расмий матбуоти Ислом Каримовнинг Қашқадарёга сафари ҳақида 30 ноябр кун бўйи бирор маълумот бергани йўқ. Фақат соат 23.20да ЎзА сайти президент Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилоят ҳокими Нуриддин Зайниевни ишдан олиш ва унинг ўрнига Сурхондарё вилоят ҳокими Туроб Жўраевни тайинлаш тўғрисидаги 2 та фармонини эълон қилди.

ЎзА сайтига кўра, президент Қашқадарё вилоят кенгаши сессиясида сўзлаган нутқида Нуриддин Зайниевнинг кейинги йиллардаги фаолиятини кескин танқид қилган.

"Унинг иш фаолиятида талабчанлик ва маъсулиятнинг бўшашиб, ташаббус ва изланишнинг етишмаслиги каби ҳолатлар кучайиб бораётганини кузатиш қийин эмас. Бундай ҳолат, кўп марта огоҳлантиришга қарамасдан, афсуски, кўпдан буён давом этиб келмоқда" деди президент.

Ислом Каримов Сурхондарё ҳокими Жўраевни Қашқадарёга ҳоким этиб тайинлар экан, унинг вилоятда юзага келган муаммоларни ҳал этишига ишонч билдирди.

Озодлик манбаларига кўра¸ Туроб Жўраев Ўзбекистондаги энг зўравон ҳокимлардан бири.

Туроб Жўраевнинг 25 октябр куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини калтаклагани ҳақида айни шу мажлисда қатнашганлардан бири Озодликка ҳикоя қилиб берган эди.

Айни шундай¸ 12 сентябр куни пахта устида Туроб Жўраевдан дакки эшитиб, тунни ички ишлар бўлимида ўтказган Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ўзини осган эди.

Озодликнинг Қаршидаги норасмий манбаларига кўра¸ Қаршига 29 ноябр куни кечқурун аввалига Бош вазири Шавкат Мирзиёев келган¸ 30 ноябр соат 11 ларда шахсан президентнинг ўзи келган.

Қаршилик яна бир ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатовга кўра, Мирзиëев/Каримов ташрифи муносабати билан шаҳарда транспорт қатнови бутунлай тўхтатиб қўйилган.

- Кеча кечқурунги соат бешда Ту-154 самолёти билан келган. Ўнта машиналардан иборат кортеж билан юрибди. Бутун шаҳарни ёпиб ташлаган. Кўчаларни катта-катта машиналар, автобус, КАМАЗлар билан ёпиб ташлаган. Мана мен ўзим Эски шаҳардан Марҳаматгача келдим пиёда, буёғи аэропотгача жами 15 километр пиёда юрдим. Шаҳарни милиция босиб кетган. Ҳар қадамда милиция ходимлари турибди. Формасиз юрганлар ҳам сон мингта. Кўчада оддий фуқародан кўра милиция кўп бугун, дейди ҳуқуқ фаоли.
XS
SM
MD
LG