Линклар

logo-print

Олий суд Усмонов аризасини рад қилди

  • Гулнора Равшан

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов иккинчи инстанция суди қароридан қониқмаганини, келажакда ўзининг тўла оқланишидан умид узмаганини айтади.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов иккинчи инстанция суди қароридан қониқмаганини, келажакда ўзининг тўла оқланишидан умид узмаганини айтади.

Тожикистон Олий суди коллегияси Сўғд вилоят судининг Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга нисбатан ҳукмини ўзгартишсиз қолдирди. “Экстремистик гуруҳлар фаолияти ҳақида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини огоҳ этмаганлик” ва “уларга ёрдам берганлик”да айбланган Ўринбой Усмонов шу йилнинг 14 октябрида Сўғд вилоят суди ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум бўлган, аммо бу мамлакатда қабул қилинган “Авф тўғрисида”ги қонунга мувофиқ суд залидан озод қилинган эди.

30 ноябр куни эрталаб Тожикистон Олий маҳкамасининг коллегия суди Ўринбой Усмоновнинг Сўғд вилоят суди ҳукми устидан кассация тартибидаги аризасини кўриб чиқди.

Куннинг биринчи қисмида чиқиши тингланган давлат қораловчиси Собитжон Исабоев вилоят суди ҳукми ўз кучида қолдирилишини сўради.

- Яҳёхон Раҳмонхўжаев кўрсатмаларида Ўринбой Усмоновнинг жиноят содир қилганига оид баҳсга асос қолдирмайдиган далиллар йиғилганини назарга олган ҳолда, Сўғд вилоят судининг Усмоновга нисбатан чиқарган ҳукми ўз кучида қолдирилишини сўрайман, - деди жумладан давлат қораловчиси Исабоев.

Би-би-си Жаҳон хизматининг Сўғд вилоятидаги мухбири Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир диний ташкилотига аъзолик айби билан ҳибсга олинганди.

Дастлабки тергов жараёнларида унга қўйилган айблов ўз исботини топмагач, Усмонов ушбу ташкилотга алоқадорлик айби билан маҳкамага тортилганди.

Ўринбой Усмонов ўзининг айбсиз эканини ва Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорлик борасидаги иқрорлик кўрсатмаси эса қийноқлар асосида олинганини айтганди.

Би-би-си мухбирининг ҳибсга олиниши ва тергов изоляторида унга нисбатан қийноқлар қўллангани халқаро миқёсда қораланганди.

Шу йилнинг 14 октябрида Сўғд вилоят суди ҳукми билан Ўринбой Усмонов 3 йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо бу мамлакатда қабул қилинган “Авф тўғрисида”ги қонунга мувофиқ суд залидан озод қилинган эди.

Журналистнинг адвокатлари Файзинисо Воҳидова ва Абдуқаюм Юсупов ҳимоясидаги Усмонов “журналистика соҳасидаги касбий фаолияти учун жазоланган”ини ва бу эса мутлақо ноқонуний эканини таъкидлаган эдилар.

Ўз навбатида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов Сўғд вилоят суди ҳукми бекор қилинишини сўраб, Тожикистон Олий судига кассация тартибидаги ариза билан мурожаат қилган эди.

30 ноябр куни унинг аризасини ўрганиб чиққан Тожикистон Олий маҳкамасининг коллегия суди ҳайъати Сўғд вилоят суди ҳукмини ўз кучида қолдирди.

- Суд коллегияси суднинг биринчи инстанцияси чиқарган ҳукмни ўзгартириш учун асос топмади. Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистон Жиноят-процессуал кодексининг 371-моддасига биноан коллегия суди Сўғд вилоят судининг 14 октябрда Ўринбой Усмоновга нисбатан чиқарган ҳукмини ўзгартишсиз қолдиришга қарор қилди. Шунингдек, Усмонов ва ҳимоячиларнинг кассация тартибидаги аризалари ҳам эътиборсиз қолдирилсин, - деди коллегия суди қарорини ўқиб эшиттирган Тожикистон Олий суди судяси Санобар Холова.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов коллегия суди қарорини “адолатсиз”, дея баҳолади.

- Айбим йўқлигини билган ҳолда, ундан юқорироқ суд инстанцияларига ариза билан мурожаат қиламан, албатта шикоят аризаси ёзаман. Чунки мен олдиндан такрорлаб келганман, менинг ҳеч қандай айбим йўқ, ҳеч қанақа жиноят содир этмаганман. Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди. Мен ҳақиқатнинг ғалаба қозонишига ишонаман, - деди Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов.

Аснода Усмоновнинг адвокати Абдуқаюм Юсупов бугунги суд қарори ўзи учун кутилган ҳодиса бўлганини таъкидлади.

- Иш тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, суднинг иккинчи инстанцияси қабул қилган қарор мен учун кутилган ҳодиса эди. Лекин биз бугунги кунда республика қонунчилиги доирасида Олий суд раёсатига яна шикоят аризаси билан мурожаат қилишга ҳақлимиз. Бордию бу гал ҳам кассация тартибидаги аризамиз қондирилмаса, у ҳолда БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига ариза ёзамиз, - деди адвокат Юсупов.

Шу ўринда айтиш лозимки, бугун Олий суд коллегиясида Ўринбой Усмоновнинг иши кўриб чиқилишидан бир неча соат олдин Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович Тожикистон Олий суди раиси Нусратулло Абдуллоев билан учрашганди.

Учрашувдан сўнг суд залида журналистлар билан бирга суд жараёнининг биринчи қисмини кузатган Миятович хоним “Усмонов оқланишига умид қилиши”ни айтганди.
XS
SM
MD
LG