Линклар

Мустабиднинг қизи бўлиш осон эмас


Сталиннинг қизи Светлана ва Каримовнинг қизи Гулнора.

Сталиннинг қизи Светлана ва Каримовнинг қизи Гулнора.

Сталин қизининг ўлими хабари чиқиши билан The Telegraph газетаси Гулнора Каримова ва Светлана Сталина тақдиридаги уйқашликка эътибор қаратди.


Ўз oтасига бўйсунадими ëхуд унга қарши исëн қилади¸ Ўзбекистон президентининг қизи ëки Светлана Сталина ҳеч қачон ўз ўтмишидан қочиб қутула олмайди.

Атрофидагилар билан урушиб бўлган Гулноранинг мода дунëсида ном қозониш иддаоси бошига бало бўлди. Унинг феъли бузуқ отаси ғазабнок¸ поп қўшиқчи бўлиш уринишлари бесамар¸ собиқ эри билан муносабатлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бир қарашда Гулноранинг ҳатти-ҳаракатлари 70-йиллар комедиясига яхшигина сюжет бўлгуликдек кўринса-да¸ Ўзбекистоннинг Биринчи Оиласи ҳаëтига доир воқеалардан чиқадиган хулоса шуки¸ Гулнора 20 йилдан бери бахтиқаро Ўзбекистонни ўз ҳукмида сақлаб келаëтган ананас-башара Ислом Каримовнинг тўнғич қизидир.

Ўз мухолифларини тириклайин сувда қайнатадиган қасоскор отаси соясидан қочиб қутулишга қанчалик ҳаракат қилмасин¸ Гулнора ўзи ва кеча оламдан ўтган Светлана Сталина тақдири ўртасида уйқашлик борлигини сезмаган бўлиши мумкин эмас -зотан Сталина ҳаëти мустабидлар болалари юзма-юз турган дилемманинг типик намунасидир.

Дунëдаги аксар болалар оилада дуч келадиган ота-онага бўйсунишми ëхуд исëн қилишми¸ деган танлов¸ айниқса инсониятнинг мустабид ҳукмдорлар оиласида туғилган ўта кичик тоифаси олдидаги ниҳоятда долзарб саволдир. Улар учун ҳукмдор отага қарши исëн қилиш оқибатлари ўта хатарли¸ бўйсуниш мукофоти эса¸ ўта жозибалидир. Бу тоифа умрининг қайсидир даврида ўзининг қарғиш текканлардан эканини англаса керак.

Отаси ҳаëтлигида Светлана Сталина Совет Иттифоқининг комформист фуқароси эди. Аммо отаси ўлимидан 14 йил ўтиб¸ у исëнни танлади ва АҚШ га қочиб кетди. Бу ерда америкаликка эрга тегиб¸ ўзини Лана Питерсга айлантирди. Умрининг охирги йилларида у отасининг грузин экани асосида ҳатто ўзининг рус эканини ҳам инкор этишга¸ она тили бўлган рус тилидан воз кечишгача бориб етди.

Миллионлаб ватандошлари каби Светлананинг ҳам Сталин қурбони бўлганини даъво қилиш мумкин. Зотан Иосиф Сталин Светлана ҳаëтини дорнинг сиртмоғига ўраш баробарида унинг онасини ўз жонига қасд қилишга мажбур қилди. Агар бугун Светлана ачинишга лойиқ бўлса¸ ундан кўпроқ ачинишга унинг биринчи севгилиси Алексей Каплер лойиқроқдир. Инсон учун Иосиф Сталинга куëв бўлишданда таҳликалироқ қисмат бўлиши мумкинмиди? Светлана билан ишқий савдоси ўзини Сибир сургунига етаклаганидан энг кам ҳайратланган одам Алексейнинг ўзи бўлса¸ ажаб эмас.

Гулнора Каримова буларда ўз ҳаëтига уйқашликни эътироф этса¸ ажаб эмас. Зотан у ҳам¸ отасига қарши исëн эмас¸ қуллуқчиликни танлади. Светланадан фарқли¸ бу қуллуқчилик уни фавқулодда бой аëлга айланиш билан мукофотлади. Бу жараëнда у ҳаммани ўзидан бездирди ва АҚШ махфий дипломатик ëзишмаларида айтилгани каби “Ўзбекистондаги энг кўп нафрат қилинадиган шахс”га айланди. WikiLeaks ошкор қилган мазкур номада АҚШ дипломатлари “Бизда бу баëнотни қувватлайдиган сўров хулосаси йўқ¸ аммо биз унга қўшиламиз” деган ўта жўяли гапни ҳам қўшиб қўйишган.

Ўз мода брэндини бошлаганидан сўнг Гулнора 2010 йилги Ню Йорк Мода ҳафталигига йўл топди¸ аммо тадбир ташкилотчилари унинг кимлигини билишгач¸ бу йилги кўргазмадан олиб ташлашди. Унинг америкалик собиқ эри эса Ўзбекистонга киришга уринса¸ қамоққа олиниш таҳдиди билан яшамоқда.

“Бошқаларга яхши муносабатда бўлмасангиз,” дейди Гулнора, “ўзингиз тақир саҳрода яккаланиб қоласиз.” “Каримова томонидан янчиб ташланганлар уни тақир саҳрода қўлга тушириш имконини орзу қилмоқдалар” деб ëзади АҚШ элчихонаси ўз мактубида.

Эртами-кечми диктаторлар ҳам ўлади ва уларнинг кўпи ворислик муаммосини ҳал қилолмай кетади. Албатта¸ севимли ўғилни ворис қолдиришдан яхшиси йўқ. Аммо Каримовга ўхшаб¸ фақат қизи бор мустабидлар нима қилсин? Афтидан Каримов бу олий мансабга Гулнорани қўйиш ҳақида ўйлаб кўрган¸ аммо қизининг ҳали президент бўлмай туриб “энг кўп нафратга” йўлиқиш бобидаги муваффақиятини кўриб¸ бу фикридан қайтган кўринади.

“Мерос қилиб қолдириладиган жумҳуриятларнинг собиқ-бўлажак лидерлари” кичик даврасида Гулнорага қўшилган янгилардан бири Сайфулислом Қаддафий ҳозир Ливияда суд қилинишини кутмоқда. Лондондаги зодагонларча ҳаëти кунларида Сайфул баъзан отасига қарши исëн учқунларини кўрсатиб¸ ўзини демократия тарафдори қилиб кўрсатишгача борган эди. Аммо жунбушга келган бу исëнчилик дарҳол унинг томиридаги муросасозлик қонини ҳам кўпиртирмай қолмади ва орадан бир йил ўтар-ўтмас¸ Сайфул Европа плейбойидан золим мустабид қулига¸ ундан кўп ўтмай эса¸ саҳрога қочиб қутула олмай¸ қамоққа ташланган бандига айланди.

Ўз клубида Сайфулислом тақдири билан рақобатлашиш борасида унга энг яқин келгани ҳозирча Жамол Муборакдир. Яқинларгача Лондон¸ Ню Йорк ва оиласининг Қизил денгиз бўйидаги вилласи ўртасида бежирим учқичларда учиб юрган пўрим банкир ¸ Миср президентлигини отасидан мерос қилиб олажаги башорат қилинган Жамол¸ укаси Алаа билан бирга бугун Қоҳирадаги Тора қамоқхонасининг оқ форма кийган тутқунидир. Бугун Муборак деган ном ҳатто Муссолини номиданда уятлироқ бўлиб қолди – бобосидан қолган ëмон отга қарамай¸ Мусоллинининг эвараси Алессандра Италия парламентидаги ўнгчи қанотнинг ўзгармас депутати бўлиб қолмоқда.

Золим ҳукмдор ўрнига унинг ўғли келса нима бўлади? Сурияни 30 йил бошқарган Ҳафиз ал-Ассад тахтини эгаллаган унинг ўғли Башар бундай қисматнинг қанчалик даҳшатли эканини кўрсатмоқда. Бугун қуруқ пўчоққа айланган Башар болаларни қийноққа солаëтган армия ва ëйилиб бораëтган ғалаëн устида ўтирибди.

Башар ҳам муросасозликни танлаган эди¸ бугун шунинг мевасини емоқда. Гулноранинг ҳаëти комедияларга мавзу бўлгулик бўлса¸ Башарнинг тақдири даҳшат киноларга тортади. Унинг ўз ҳимояси учун айтиши мумкин ягона гапи эса¸ мен на отамни ва на туғилишни танлаганим йўқку¸ деган мазмунда бўлиши мумкин¸ холос.

(Бу матн Британияда чиқадиган The Telegraph газетасининг 29 ноябр кунги сонида чоп этилган It’s not easy being the daughter of a despot сарлавҳали мақоланинг тўлиқ таржимасидир.)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG