Линклар

Эрта келган қишда газсиз қолиб совуқдан қақшаб турган оддий ўзбекистонликлар бугун ана шу саволга жавоб изламоқда.


Аниқ рақамлар халқдан сир тутилмоқда

Ўзбекистоннинг ўз қўшниларига газ етказиб беришни камайтираëтгани ҳақидаги маълумотлар ҳам бу саволнинг одатда ҳамма нарсага кўникадиган қатлам вакиллари тарафидан ҳам янада жиддий тарзда қўйилишига сабаб бўлмоқда.

29 ноябр куни Қирғизистоннинг Ўш ва Қорасув туманларига Ўзбекистондан газ бериш тўхтатилди.

Газ етказиш Қозоғистонга ҳам тўхтатилгани ҳабари 14 ноябр куни пайдо бўлган эди.

Ўзбекистоннинг Россияга газ етказиб бериш мажбуриятларида ҳам ўзгариш бўлмади.

Ўзбекистондаги газ саноати мулозими Озодлик билан суҳбатда мамлакатда ўзлаштирилаëтган газнинг 90 фоизи аҳоли эҳтиëжига ишлатилаëтганини айтади.

Мулозим айтган каби мамлакатда йилига 60 миллиард куб метр газ ўзлаштирилаëтгани рост бўлса¸ хорижга бор-йўқ 6 миллиард куб метр газ сотилмоқда¸ қолган 54 миллиард куб метр газни Ўзбекистон аҳолиси тасарруф қилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг барча 12 вилоятидан қўнғироқ қилган фуқаролар газ йўқлигидан шикоят қилмоқда.

Газ билан ишловчи корхоналар¸ иссиқҳона ва ҳаммомлар тармоқдан узиб қўйилгани ҳақида билдирилмоқда.

Аммо қани ўша газ ?

Бу саволни биз Ўзбекнефтгаз давлат холдинги матбуот вакилига бердик.

Жавоб қисқа бўлди. "Бу маълумотлар сир¸ сир бўлмагани ҳам телефонда айтилмайди".

Ўз исми айтилмаслиги шарти билан биз билан гаплашган Ўзбекистон газ саноати мулозими бу йилги газ тақчиллигини бир неча омил билан изоҳлашга ҳаракат қилди.


Газ ўғирлиги


Мулозим суҳбатдош назарида¸ газ ўз табиий хусусиятига кўра коррупция учун қулай модда. Газни аниқ ўлчаш¸ унинг борлигини кўз билан чамалаш мушкул.

- Магистрал трубаларда портлаш бўлмаслиги учун маълум миқдорда газ ëқиб юборилади. Шу ўринда ўғирланган газни ўша ҳисобга тиркаб юбориш мумкин¸ дейди исми ошкор этилишини истамаган газ соҳаси мутахассиси.

40 йилдан бери газ соҳасида ишлайдиган суҳбатдош назарида Ўзбекистондаги энг катта амалдордан энг кичик новвойгача газ ўғирлиги билан шуғулланади.

- Магистрал қувурлардан аҳоли пунктларига етиб борчунча газ неча марта ўғирланади. Охирида аҳолига етиб борган озгина газ атайлаб бузилган газ ҳисоблагичларни ҳам айланиб ўтади. Ҳар ким атиги 10 кубдан газ ўғирласа ҳам¸ Ўзбекистон аҳолисининг кўп миллионли эканини ҳисобласак¸ улкан рақам ҳосил бўлади¸ дейди мутахассис.


Газ электр ясашга сарф бўлмоқда


Ўзбекистонда электр энергияси олиш учун газ ëқилади¸ дейди биз билан суҳбатлашаëтган газ соҳаси мулозими.

- Электр истеъмол қилиш эса аҳоли кўпайиши ҳисобига анча ошган. Ўзбекистонда сувдан ëки атомдан олинадиган электр тизимлари ривожланганда¸ биз бу соҳага ишлатилаëтган газни аҳолига ëқиш учун сотган бўлардик¸ дейди Озодлик манбаси.


Газдан машиналар учун ëнилғи тайëрланмоқда


Суҳбатдош назарида кейинги пайтда автомобилларнинг бензин ўрнига сиқилган газ ишлата бошлагани ҳам газнинг аҳоли ўчоқларида ëнадиган қисми камайишига сабаб бўлган.

- Ўзбекистонда автомобилларни газга ўтказиш бошланди. Бу ҳақда президент фармони ҳам бор. Нефт танқис бўлгани учун 80 фоиз автомобиллар газга ўтсин¸ деган буйруқ бор. Метан газни суюлтириб автомобилларга бериш амалиëти бошланди. Бу жуда катта ҳажмдаги газ дегани¸ дейди Ўзбекистон газ саноатини яхши билгич мутахассис.


Илма-тешик қувурлар


Суҳбатдош фикрига кўра¸ Ўзбекнефтгаз ширкати ўзи кўраëтган фойдадан 50 фоизини нефт қазиб чиқариш ва ртказиб бериш тизимларини модернизация қилиш учун сарфлаши лозим.

- Бу ҳақда президент кўрсатмаси ҳам бор - 50 фоиз фойда модернизация учун ишлатилсин деган. Аммо амалда биз совет давридан қолган газ тармоқларининг муттасил ва аëвсиз эксплуатация қилинаëтганини кўрамиз. Совет давридан қолган трубаларнинг¸ таъбир жоиз бўлса¸ сиқиб сувини ичаяпмиз. Модернизацияни кўрмаймиз.

Мен газ Германияда қандай истеъмол қилинишини ўрганганман. Одамлар 10 доллар тўласа¸ 10 долларига газ олади. Худди қўл телефонининг пули тугаса ўчиб қолгани каби¸ пули тўланмаган газ бир зумда ўчирилади. Қувурлар максимум герметик¸ газ ëнадиган ўчоқлар газни ўта иқтисод қиладиган қилиб ясалган. Бизда битта қувурнинг бошига кувалда билан бир уриб газ ëнадиган канфорка ясашади¸ дейди Озодликка Ўзбекистондаги газ тақчиллиги муаммосини таҳлил қилишда кўмаклашган мутахассис.


Газ тақчиллиги сунъий равишда¸ сиëсий мақсадларда уюштирилган


Озодлик радиоси рус хизмати иқтисодий шарҳловчиси Сергей Сенинский ўзбек мулозимининг бу иддаоларини шубҳа остига олди.

- Бу омилларни газ камайиши сабабларидан бири сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо бу омиллар ҳал қилувчи бўла олмайди. Ўзбекистонда етиштирилган газ ҳажми аҳоли сонига нисбатан анча кўп. Бу омиллар оқибатида газ камайган бўлса ҳам¸ ўша камайган газ аҳолига етиб ортиши лозим.

Икинчидан газни ўғирлаш осон эмас. Масалан¸ нефтни ўғирлаш осонроқ. Агар газ ўтаëтган магистрал қувурни тешсангиз қувур портлайди. Буни фақат соҳа мутахассислари қувурдаги босимни камайтириб қилиши мумкин¸ холос.

Ўзбекистон ҳукумати газни халққа бермай яшириб қўйди¸ деган тахминга ишонса бўлади. Буни техник жиҳатдан амалга ошириш мумкин. Масалан¸ Украинада тоғлар бағрида улкан газ резервуарлари бор.

Худо яратган табиий резервуарлар ичига миллиардаб куб метр газни ҳайдаш мумкин. Украинадаги газ ўғирлиги ана шунга асосланган. Аммо Ўзбекистонда бундай резервуарлар бор ëки йўқлигидан хабарим йўқ¸ дейди россиялик иқтисодий шарҳловчи Сенинский.

Россиялик таҳлилчи Ўзбекистон ҳукумати газни халқдан яширмоқда¸ деган тахминга ишонишини билдирди. Шу ўринда "Нега ҳукумат газни ўз халқидан яширмоқда? Муддао нима?" деган савол туғилади.

Одатда Озодликка сим қоқиб Ўзбекистон ҳукумати ва Каримовни мақтаб юрадиганлар ҳам шу кунларда совуқ жон-жонидан ўтиб кетгани боис бу ҳукуматдан ҳафсаласи пир бўлганини айтмоқда.

Аҳоли орасида кучайиб бораëтган норозилик турткисида Ўзбекистон бошқарув элитасидаги қайсидир гуруҳ аҳоли сабр-тоқатини тоқ қилиб¸ газ картасини Каримовга қарши қўлламаяптими¸ деган шубҳа туғилади. Бу фикр эса¸ Ўзбекистондаги энергетик тақчиллик Каримовга қарши махсус уюштирилаëтган иқтисодий саботаждир¸ деган тахминни қўлламай қолмаëтир.


Ўзбек гази экспортга кетмоқда


Сергей Сенинский назарида газнинг катта қисми экспортга кетмоқда.

Ўтган йили¸ расмий маълумотларда қайд этилишича¸ Ўзбекистон 60 миллиард куб метр атрофида газ ишлаб чиқарди. Айрим тахминларга кўра¸ бу газнинг 15 миллиард куби экспорт қилинмоқда. Сўнгги икки-уч йилда Ўзбекистон четга экспортни кўпайтириш мақсадида ички бозорни анча сиқиб қўйди.

Сенинскийга кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати Россияга сотилаëтган газ миқдорини ўзбек аҳолиси ҳисобидан кўпайтирмоқда.


Қўшиб ëзилаëтган газ


Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимлардан бирига яқин журналист Сергей Ежков мамлакатда 60 миллиард газ етиштирилаëтгани ҳақидаги маълумотнинг ўзини савол остига олади. Ежковга кўра пахта¸ ғалла соҳасида бўлгани каби бу соҳада ҳам қўшиб ëқиш авжида.

- Қўшиб ëзишмоқда. Газ ҳақидаги яхши статистикани хўжайинга (президент Каримовга) кўрсатиш учун қўшиб ëзишмоқда¸ вассалом. Албатта¸ мамлакат ичида газ ўғирлиги бор. Вилоят¸ туман раҳбарларининг нақд пул эвазига ҳисобдан ташқари газ қувурини очиб бераëтгани бор нарса. Аммо асл сабаб газ қазиб чиқаришнинг камайганидир¸ дейди Тошкент ҳукумати ичидаги гуруҳларга яқин Uzmetronom Интернет газетаси бош муҳаррири Сергей Ежков.


Барбод бўлган система


Туркманистон собиқ Нефт ва газ вазири Назар Суюнов назарида¸ газ сотувчи Ўзбекистон халқининг қишда газсиз қолдирилиши газ етиштириш ва тақсимлаш тизимидаги жиддий муаммолар билан боғлиқ.

- Россияда ҳам газ кўп¸ аммо иқтисоднинг фақат 50 фоизи газ асосига ишлайди. Шу маънода газ бору нега уйимиз совуқ¸ деб саволни кўндаланг қўя олмаймиз. Эътиборимизни тизимга қаратишимиз керак¸ дейди собиқ газ вазири.

Суюнов назарида¸ Ўзбекистонда ҳам Туркманистонда ҳам ўзлаштирилаëтган газни оптимал сарфлашга қаратилган тизим яратилмаган. Олдинги тизим эса Марказий Осиë ва Қозоғистон учун мўлжалланган ягона газ таъминотини назарда тутган.

Бугунга келиб Марказий Осиëдаги мустақил давлатлар энергия соҳасидаги систематик муаммолар билан юз келмоқда. Суюнов назарида бу ҳолат энергетика соҳасида Марказий Осиëда кейинги 20 йилда олиб борилган нотўғри стратегия оқибатидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG