Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:22

Пантагрюэль кителидаги ялтироқ тугма



Ҳарфни ҳарфга уриштириб сўз ясашни ўрганволганимдан кўп ўтмай Рабленинг Гаргантюа ва Пантагрюэлини ўқиганману бир касалга чалинганман – саёҳатни яхши кўраман.

Баҳайбат Пантагрюэлнинг мулозимларидан бири унинг улкан оғзига тушиб кетиб, томоғидан ўтганию хўжайинининг қорнида бутун бошли шаҳар-қишлоқлар борлигини кўргани ҳануз ёдимдан чиқмайди.

Пантагрюэлнинг қорнидаги кўйларда одамлар яшайди, улар кулади-йиғлайди, хасталанади-соғаяди, айтишади-ярашади, бадбахту хушбахт бўлади.

Одам қорнидаям халқ яшар экан-а, деб ҳайрон бўлган эдим, мен бола.

Катта бўлсам қоринга кираман, дегандим. Каттайгач, Рабле нимани назарда тутганини тушунгандай бўлдим, лекин саёҳатга қизиқиш қолаверди.

Яхшиям телевидение бор. Бўлмаса, бу ёшгача патинка фабрикаларини бойитворган бўлардим.

Жаҳондаги ҳамма телевидениеларнинг саёҳат кўрсатувлари бор. ЎзТВники ҳам. “Ўтирган бўйро”ми-ей номи.

Яхши кўраман шу кўрсатувни. Дам оламан. Атайлаб кўчириб ҳам олганман. Уйқу олдидан қўйиб қўяман. Онамнинг алласидай у.
Мана бир парча эшитинг кўрсатувдан.

Кўрсатувдан парча. (Сокин мусиқа овози)

Маззами? Асабларингиз бўшашдими?

Ғарб телевидениеларининг саёҳат кўрсатувларида олиб борувчилар шу қадар бетизгинки, кўрувчини чарчатворади.

Истолбадай хурмога қўлини қонатиб чиқиб мева терворадимией, кўк китнинг оғзидан кириб, жабрасидан чиқиб кетадимией, масаилар билан бирга тирик сигирнинг қонини ёғоч косага оқизиб ичворадимией...

“Ўтирган бўйро”нинг олиб борувчисиям қийинчиликдан қочмайди. От бўлмаса, эшакда, эшак бўлмаса пиёдаям кетворўвради.

Кўрсатувдан парча:

Олиб борувчи: Борадиган манзилимизнинг олислиги туфайли у томонга отда чиқмоқчи бўлдик. Бироқ, яйловда салт юрган отларни йиғиб келишларини кутишга сабримиз чидамади. Ёлғиз – отда, қолганлар эса, пойи-пиёда йўлга тушдик.

Телекўрсатув ҳам қўшиқдай бир гап.

Қўшиқ – сўз ва куй қоришмаси.

Сўз – эт, куй – тирноқ. Ёки акси.

Телекўрсатув эса сўз ва тасвир қоришмаси.

Сўз – эт, тасвир – тирноқ. Ёки акси.

Лекин “Ўтирган бўйро”ни овозни-сўзни ўчириб қўйиб ҳам кўрса бўлўвради. Масалан, мана бу сўзларни:

Олиб борувчи: Йўлда қизғиш тусдаги жилғага, аниқроғи, қизил булоққа дуч келамиз. Қизиқ жиҳати – булоқ суви ҳам, унинг замини ҳам қизғиш рангда эди. Боз устига булоқ суви шўртоқ эди. Ундан тотиб кўриб, унинг нордонлигига амин бўлдик.

Ёки овозни мутлақ ўчирмайсиз (мусиқа эшитилиб турсин-да) китоб жавонингиздан энциклопедияни олиб, дуч келган мақолани овоз чиқариб ўқийверасиз. Жуда кетади-да!

“Ўтирган бўйро” илмийликка ҳам даъво қиладиган кўрсатув. Уни кўп кўрганим учун биламанки, баъзи-баъзида олимлар ҳам кўриниб қолади.

Кўриниб қоладию овозлари деярли эшитилмайди.

Илмий кашфиётларни одатда, олиб борувчининг ўзидан эшитамиз.

Кўрсатувдан парча:

Дарё суви лойқа. Бу эса, йилнинг бу мавсумида тоғларда тез-тез ёмғир ёғишидан дарак беради.

Гапларимдан “Ўтирган бўйро”нинг олиб борувчиси хафа бўлмасин. Мен фақат у кишининг сарфлаган вақтига, тоғу тош кезавериб ейилиб кетган патинкасининг пошнасига ачинаяпман, холос.

Ахир у киши ёзган матнни тоққа чиқмай, Тошкентда ўтириб ҳам ёзиб қўйса бўлаверарди-да!

Аслида, “Ўтирган бўйро” ЎзТВнинг умумий концепциясига узукка қўйилган кўздай ярашиқлидир – “Бағдодда тинчлик, Бағдодда тинчлик, Бағдодда тинчлик...”

Фақат мендай бир инжиқ томошабиннинг кемтик кўнгли ҳеч тўлмайдир.

30 миллионли халқнинг кулгисию йиғисини, хасталанишию соғайишини, айтишишию ярашишини, бахтсизлигию хушбахтлигини кўргим келади.
Менга эса, негадир, баҳайбат Пантагрюэль кителидаги ялтироқ тугмани кўрсатаверишади.
XS
SM
MD
LG