Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 00:30

Бушменга гидрокостюм на керак?...


Бир ақлли китобда ўқиб қолдим... Жанубий Африкада яшовчи Бушмен қабилаларида хусусий мулк тушунчаси мутлақ мавжуд эмас экан. Улар ҳозиргача атрофдаги буюм, ўсимлик ва ерлар ҳамманики, деб билишади. Улар фалсафасини тушунмасдан уларни ўғрига чиқарган атрофдаги қабилалар ва айниқса европалик истилочилар ёш болалардек содда, пакана-пакана бушменларни шу хислатлари учун беаёв қирган экан...


Нега бушменлардан гап бошлаганимни тушунтиришга уриниб кўраман...


Куни-кеча “Комсомольская правда” газетасида чоп этилган кичкинагина мақолага кўзим тушиб қолди.

Эмишки, Москванинг Пресня туманидаги кўчаларидан бирида полициячилар гидрокостюм ва иккита кислород балонини кўтариб кетаётган бир йигитни учратиб қолишибди.

Ўзининг ўта хушмуомалалиги ва маданиятлилиги билан Россиянинг ҳатто ФМС ходимларига бас кела оладиган бу зиёлинамо полициячилар йигитга ёрдамга шошилибдилар.

Лекин уларнинг очиқкўнгил ва чин юракдан чиққан ёрдамларини рад этган бу йигит, негадир бу "олийжаноб полициячилар" билан тезроқ хайр-маъзур қилишга шошилиб қолибди.

37 ёшли Ўзбекистон фуқароси эканлиги аниқланган бу шахс стоянкадаги машиналардан бирида ётган гидрокостюмга кўзи тушиб қолиб, уни олиб кетмасликдан ўзини тия олмаганини сўзлаб берибди.

Хуллас, бу каллаварам “ўғрилик” моддаси бўйича жавобгарликка тортилиб ҳозир турмада ўтирибди.

Бу воқеада мени бир савол қизиқтириб қолди...

Денгиз ва дарёлар тубига тушиш учун керак бўлган гидрокостюмни ўзбек мардикори Москванинг кириб келган қишида нима қилади, деган савол эмас бу. Бу саволга жавобни истаган ўзбек билади - “Ҳа, хўжаликда ҳамма нарса керак бўлиб қолади!”.

Гидрокостюм қишлоқдаги лойқа каналда балиқ тутишга ас қотиб қолиши мумкиндир...Совуқни ўтказмайдиган бу кийимни Ўзбекистоннинг совуқ қишларида кийиб юрсангиз ҳеч ким ҳайрон ҳам бўлмас. Ёки жуда бўлмаганда кислородини сваркачиларга пуллаворса бўлади.

Мени шунингдек, гидрокостюм нархи ҳам қизиқтирмади. (Қизиққанлар учун: биргина кислород балонларининг энг кам нархи 400 доллар экан!)

Мени Санкт-Петербургда қайдга турган бу йигитнинг Москвада нима қилиб юргани ҳам қизиқтирмади. Рус миллатчи оғайниларимиз айтганидек, “Мало ли что!”.

Ўзбек муҳожири хоҳ Питерда, хоҳ Москвада, хоҳ Русский оролида вақтинчалик меҳмон: ўзбекка қаерда яхши маош тўлашса, у ўша ерда ҳозир. У оз-моз пул ишлаб¸ уйига эсон-омон қайтиш ниятида. Москвалик бир дўстимни¸ айтганча, у ҳам сув ости саёҳатчиси-дайвер¸ унча-мунча нарса билан ҳайрон қолдириш қийин. Шундай бўлса-да¸ у ўз умрида энг ҳайратга туширган нарса - Тинч океанидаги ороллардан бирида ...сомса қилиб сотаётган ўзбек йигитлари эканини ҳозиргача гапириб юради.

“Яшавор, - деган эдим ичимда ўшанда - папуас ва меланезияликларга сомса едирган ўзбеклар ҳеч қаерда кам бўлмайди!”

Мени, албатта ўзингиз тушунганингиздек, нега тинчкина, ҳеч кимга зиёни тегмасдан қадимий ва бетакрор Москва кўчаларида гидрокостюм ва иккита кислород балонини кўтариб кетаётган ўзбекни полициячилар тўхтатиб қолгани ҳам мутлақо қизиқтирмади. Бу ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди... Ахир “Россия полициячиси” деганда гавжум жойларда телпаги бўзариб кетган бошининг бир четига сурилган ва қўлига ҳужжатларини олволиб бир-иккита осиёлик қорамағизларни сўроқ қилаётган кишилар гавдаланади. “Это нормально!”, дейди скинҳед биродарларимиз...

Масалан, полициячилар Марказий Осиё мамлакатлари тилларини жуда яхши ўзлаштирмоқдалар. Истаган полициячингиз ўзбекчанинг хоразмча шевасида ёки тожикчанинг бадахшонча шевасида “Ақчадан чўз!”, дея олади. Фақат афсус ҳозиргача қирғизни ўзбекдан, ўзбекни тожикдан, тожикни хитойликлардан ажрата олмайди... Шу сабабли, сал ранги ўхшамаса тамом! Кўчада сайр қилиб юрган бизнинг аквалангист дўстимизни ҳам шу сабабли тўхтатгани аниқ.

Мени 37 ёшга етиб бекор ётган гидрокостюмларни териб юришга ишқибоз бу бола (киши дейишга одам уялади...) бирор бошқа ҳунари бормикан, саволи ҳам қизиқтирмади. Отаси уйлантириб қўйгандир 18 ёшида, уйда ундан ақлан деярли фарқ қилмайдиган камида учта 4-5 яшар болакайлар ҳам бир неча йилдан бери кутиб ўтиргандир.

“Европада кўчада нарсангизни қолдириб кетсангиз биров тегмас экан!”, деган гапларга ишонмас эдим. Ўз кўзим билан кўрдим, ишондим.

Энди эса Европада ҳам кўчада нарса қолдириб бўлмайдиган бўлиб қолди.

Прагада автобус бекатида турган эдим. Ëши 50 лардан ошиб қолган¸ пошнаси юраверганидан эзилиб кетган ва янги ғижимланган костюм кийиб олган, кўринишидан ғирт ўзбек акахон ҳам бекатга яқинлашиб келди. Мени кўриб қолдию ўхшатди.

- Ассалому алайкум!

- Ваалейкум салом!

- Ука, менга фалончи кўча керак эди, билмайсизми?
- Ҳа, бу мана бурилишдаги биринчи кўча, пиёда борсангиз ҳам бўлади, автобус кутмасдан...

- Автобусда катайса қилиб борамиз-да, ука. Автобуслар бу ерда бепул эканку!

- Неча йилдан бери Чехиядасиз?

- Тўрт-беш йил бўлиб қолди...

Европада автобус ва трамвайлари¸албатта пулли, шунчаки европаликларни энг кучли назоратчи – виждон назорат қилса керак. Шунча йилдан бери “бепул автобусларда” “катайся” қилиб юрган бу акахон ҳам кўчада ётган ҳар хил гидрокостюмларни уйга кўтариб кетадиганлар тоифасидандир, деб ўйладим. “Бирор кун билиб қолар”, дедим...

“Нега бу йигит эрталабки тонг саҳардан гидрокостюм кўтаришга ишқибоз? Нима, бу пентатлоннинг янги турими?” саволини ўзимга бермадим. Бўлса бордир, маладес: саҳарда бадан тарбияси билан шуғулланиш жуда фойдали эканлигини Абу Али ибни Сино бобомиз ҳам гапириб ўтганлар. Фақат бобомиз спорт машқлари бировнинг буюмлари ҳисобига бўлмаслигини ҳам айтиб ўтганликларини билмаса керак, деган фикрга бордиму қизиқмадим.

Лекин мени, биродарлар, биттаю-битта савол жиддий ўйлантириб қолди...

Наҳот ўзбекларда ҳам бушменлар фалсафаси шаклланиб бормоқда?
XS
SM
MD
LG