Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

"Ўзбекистонда порахўрлик ошиб бормоқда"


Ўзбекистонда коррупция даражаси йил сайин ошиб бормоқда. Жаҳон бўйлаб коррупция муаммосини ўрганадиган Transparency International халқаро ташкилоти ўзининг навбатдаги ҳисоботида ана шундай хулосани берди. 2011 йилги Коррупция даражасига оид ҳисоботига илова қилинган рўйхатда Ўзбекистон 182 давлат ичида 178 ўринга қўйилган. Ҳисобот муаллифлари кейинги бир йил ичида коррупция муаммоси, айниқса, сиёсат ва жамоат секторларида чуқур илдиз отишда давом этганини айтишмоқда.


"Коррупция, жазосизлик ва иқтисодий беқарорликка жамиятлар норозилиги 2011 йилда жаҳон бўйлаб ўз ифодасини топди", дея бошланади Transparency International ташкилотининг навбатдаги ҳисоботи.

"Коррупция даражаси индекси – 2011 ҳисоботида келтирилган маълумотлар жамоатчиликнинг норозилиги асосли эканини кўрсатади", дейилади яна ҳисоботда.

Ҳисоботга илова қилинган рейтингда Ўзбекистон 182 давлат ичида 178- ўринга қўйилди.

Ҳисобот муаллифларининг фикрича, коррупция муаммоси Ўзбекистондан ёмонроқ бўлган мамлакатлар тўрттагина, холос. Булар Афғонистон, Мянмар, Шимолий Корея ва Сомалидир.

Transparency International ташкилоти директор ўринсбоари Миклош Маршалл Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон энг коррупциялашган давлатлар рўйхатидан жой олганини бундай изоҳлади.

- Ўзбекистон ва Туркманистон каби мамлакатларда, ҳақиқатан, вазиятни ўта қоронғу деб тасвирлаш мумкин. Бу мамлакатларда ҳеч қандай жавобгарлик йўқ, ҳукумат элитаси ўзини ҳеч ким олдида умуман жавобгар деб ҳис этмайди. Сиёсий мухолифат йўқ, фуқаролик жамияти йўқ, эркин матбуот йўқ, шунинг учун бу мамлакатларда жамият деярли тўла ёпиқ ҳисобланади ва оқибатда яхши томонга ўзгариш ҳам йўқ, дейди Transparency International ҳисоботи муаллифларидан бири.

Маршалл коррупциянинг чуқур илдиз отиб бориши давлатларни охир-оқибат ҳалокатли оқибатларга етаклашига мисол ўлароқ Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада жамоатчилик норзилиги Араб Баҳори ҳодисаларида ўз ифодасини топганини қўшимча қилди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, порахўрлик бир йил ичида, айниқса, сиёсат ва жамоат секторларида чуқур илдиз отишда давом этган.

"Бу муаммога “откат”, ҳукумат расмийларига пора бериш, давлат мулкини талон-тарож қилиш, солиқдан бўйин товлаш, сиёсий ва жамоат секторларидаги коррупция кабиларни мисол қилиш мумкин", дейди 182 давлатдаги вазиятни ўрганган Transparency International ташкилоти мутахассислари.

Коррупция даражасини баҳолашда мамлакатларга 0 дан 10 гача балл берилди. Бунда 0 балл коррупция муаммоси ўта долзарб бўлган мамлакатларга берилди, коррупция даражаси энг паст давлатлар эса 10 балл билан баҳоланди.

Миклош Маршаллнинг айтишича, умумий вазиятга назар солинадиган бўлса, кейинги йилларда коррупцияга қарши кураш ниятини кўрсатган мамлакатларда жиддий ўзгаришлар кузатилмаган.

- 5 баллдан юқори натижа кўрсатган мамлакатларда ўзгаришлар бўлмаётгани хавотирлидир. Албатта 5 балл тепасида бўлган давлатлар бир-биридан фарқ қилади, лекин коррупция шунчалик эпидемия тусини олганки, уни систематик деб аташ мумкин. Яъни уни системадаги ноқислик эмас, система деса бўлади, дейди Маршалл.

Айрим давлатларнинг рўйхат остида қолиб кетаётгани кейинги бир йил давомида Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада одамларнинг норозилиги қандай оқибатларга олиб келганини кўрдик, дея давом этади Маршалл.

- Араб Баҳори ҳамон ҳамманинг кўз ўнгида – Тунис, Мисрдаги воқеалар нимадан бошланганини эслайлик. У ерда бир оддий дўкондор коррупция оқибатида бошини қаерга уришни билмасдан ўзига ўт қўйди. Яъни айтмоқчиманки, давлатларда коррупция даражаси юқори бўлиб қолар экан одамларнинг сабр косаси ҳам тўлиб боради.

Бу эса, дейди Transparency International раҳбари ўринбосари, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон ва Туркманистон каби давлатларга аниқ муждани юбориши керак.

Миклош Маршалл Россия ва Беларус каби давлатларда ҳам муаммо дорзарблиги ошиб бораётганига эътибор қаратади. Россия бу йилги рейтингда Беларус ва Нигерия каби давлатлардан пастроқда, 143-ўринга жойлашди.

Европа Иттифоқи давлатлари умуман олганда яхши натижа кўрсатган бўлса-да, иттифоққа аъзо Италия ва Греция Гана ёки Хитой каби давлатлардан пастроққа жойлашди.

Коррупция муаммосидан деярли ҳоли давлатлар сифатида одатдагидек Скандинавия давлатлари келтирилади ҳисоботда. Рейтингдаги биринчи ўринни эса 9,5 балл билан Янги Зеландия эгаллади.

Қўшма Штатлар 24, Туркия 61, Хитой 75 ва Эрон 120-ўринларга қўйилди.
XS
SM
MD
LG