Линклар

Атамбаев Худо номи билан қасамёд қилди


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева сайланган президент Алмазбек Атамбаевга ваколатини топширмоқда.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева сайланган президент Алмазбек Атамбаевга ваколатини топширмоқда.

Қирғизистонда биринчи марта ҳокимият тинч йўл билан навбатдаги президентга топширилди.


“Мен, Атамбаев Алмазбек Шаршенович, Худо ва халқим олдида давлат раҳбари ваколатларидан адолатли фойдаланишга , инсон ва фуқаролар ҳуқуқларни ҳимоя қилишга, Қирғизистон Конституциясига қатъий амал қилишга, халқ бирлигини, давлат яҳлитлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қасамёд қиламан”, деб онт ичди Алмазбек Атамбаев бугун Бишкекда ўтказилган инагурация маросимида.

Қасамёддан сўнг сўзлаган нутқи давомида Алмазбек Атамбаев ўзининг президент сифатидаги биринчи галдаги вазифаси мамлакатда миллатлараро ишончни қайта тиклаш, 2010 йил июн воқеалари такрорланишига йўл қўймаслик, миллатчиликка қарши кураш бўлишига ишоратлар қилди.

Роза Ўтунбаевани гуллар ва қарсаклар билан кузатишди.

Роза Ўтунбаевани гуллар ва қарсаклар билан кузатишди.

Қирғизистонда миллатчилик руҳидаги сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорлари мамлакатдаги барча миллат вакилларига қирғиз тилини мажбурлаб ўргатиш, қирғизчани билмаган одамларни лавозимлардан бўшатиш ёки лавозимларга тайинламаслик каби талабларни кун тартибига қўйиб келади. Атамбаев ўз нутқи давомида бу каби қарашдаги шахсларга ҳам жавоб берди.

“Ўрта ёшдаги ёки ёши ўтиб қолган одамлардан яна бир тилни ўрганишини умид қилиш мумкин эмас. Шунинг учун давлат тилини болалар боғчасидан ўргатиш зарур. Давлат эса бунинг учун уларга шароит яратиб бериши, тушунарли дарсликлар билан таъминлаши керак”, деди Атамбаев.

Грузия президенти Саакашвили инагурация маросимига келган олий мартабали меҳмонлардан бири бўлди.

Грузия президенти Саакашвили инагурация маросимига келган олий мартабали меҳмонлардан бири бўлди.

Янги президент миллатчиликка барҳам бериш мақсадида Қирғизистон паспортларида миллат кўрсатилмаслиги, унинг ўрнига “Қирғизистон Республикаси фуқароси” деб ёзилиши шартлигини таъкидлаб ўтди.

Атамбаев 3-4 йил ичида мамлакатдаги вазият тубдан ўзгаришини, барча қирғизистонликлар иш билан таъминланишини ҳам ваъда қилди.

Инагурация маросимига Туркия президенти Абдулла Гул, Грузия президенти Михаил Саакашвили, Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкин, Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов, Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов, Озарбайжон Бош вазири Артур Расизода раҳбарлигидаги делегациялар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ташриф буюрдилар.

Алмазбек Атамбаев Қирғизистоннинг тўртинчи, ҳокимиятга тинч йўл билан келган биринчи президенти бўлди. У келгуси 6 йил мобайнида мамлакат президенти ваколатларини бажаради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG