Линклар

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган Парламент журналистикаси клуби мажлисида маълум қилинди.


“Парламент фаолияти ва қабул қилинаётган қонунлар ташвиқотида веб-сайтларнинг роли ва аҳамияти” деб номланган мазкур тадбирда, маълумотларга кўра, депутатлар, медиа соҳаси вакиллари, олийгоҳларнинг журналистика факультетлари ўқитувчилари ва талабалари иштирок этганлар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати ҳамда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаш ва ривожлантириш жамоатчилик жамғармаси томонидан куни кеча ташкил этилган бу тадбирда, жумладан, парламент қуйи палатаси расмий веб-сайти янгилангани ва такомиллаштирилгани ҳақида ҳам қайд этилган.

Дарҳақиқат, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтига кираркансиз, бир қанча ўзгаришларга гувоҳ бўласиз - улардан энг муҳими он-лайн қабулхона ташкил этилганидир.

Хусусан, бош саҳифанинг қуйироқ қисмида чап томонда “Сайловчилар билан алоқа” деган баннерга кўзингиз тушади. Уни босаркан, он-лайн қабулхонага кирасиз. Мактуб юбориш учун йўлланма ўлароқ ёзилган шартлар ва қоидаларда “Мазкур бўлим орқали Сиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерига, депутатларга, қўмиталар, фракциялар ва депутатлар гуруҳи аъзоларига электрон шаклдаги мактуб йўллашингиз мумкин”лиги битилган.

Мактуб ёзиш учун тўлдирилиши шарт бўлган катакчаларга исм-шарифингиз, алоқа маълумотлари (бу ерга электрон почта манзилингиз ёзилиши кераклигини тахмин қилиш мумкин, лекин уй манзилини ёзиш-ёзмаслик ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган), ижтимоий ҳолатингиз (рўйхатдан ишчи, тадбиркор, пенсионер ва шу кабилардан бирини танлайсиз), яшаш жойингиз (буни ҳам рўйхатдан танлайсиз – Тошкент шаҳри ёки Сирдарё вилояти каби), мурожаат нусхаси юбориладиган манзил (масалан, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига) ва мурожаат мавзусини (буни ҳам танлайсиз – масалан, Шикоят, Таклиф каби) ёзасиз/белгилайсиз, сўнгра эса 2000 та белгили мурожаат матнини ёзишингиз мумкин.

Матнни ёзиб бўлганингиздан кейин мурожаат матни катакчаси пастидаги катакчага кўрсатилган кодни киритиб, хатингизни юборишингиз мумкин.

Сайтда сиз мактуб юборишингиз мумкин бўлган депутатлар рўйхати ҳам алифбо тартибида келтирилган.

Эътиборли жиҳати шуки, парламент қуйи палатаси он-лайн қабулхонаси саҳифасининг “Шартлар ва қоидалар”ида ўзингиз ҳақингизда ёзган шахсий маълумотлар махфий қолиш-қолмаслиги ҳақида ҳеч қандай ваъда берилмаган. Айни пайтда у ерда “Юборилган электрон шаклдаги хат расмий ҳисобланмайди. Улар ахборот характерига эга бўлиб, расмий тартибда кўриб чиқилмайди”, дея ёзиб қўйилган. Демак, Қонунчилик палатаси депутатлари сиз ёзган хатни эътиборга олиш ёки олмаслик, унга жавоб қайтариш ёки қайтармаслик ҳуқуқини ўзларида сақлаб қоладилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG