Линклар

Ўзбекистонлик тадбиркор Шермат Шарипов учун Кореяда бизнес қилиш бир йиллик қамоққа айланди.



10 йил аввал Жанубий Кореяга иш излаб бориб кейинчалик ўз бизнесини йўлга қўйган, бу мамлакатга минглаб долларлик сармоя киритган бухоролик Шермат Шарипов кореялик ҳамкорлари ўзини қандай чув туширишгани, бир йил қамоқда ҳам ўтириб чиққанини гапириб берди.

Асли бухоролик 35 яшар Шермат ака уч йил аввал кореялик шериклари билан бирга Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида савдо ширкати очди.

Бунинг учун у Кореяда етти йил ишлаб орттирган бутун мол-мулкини тикди.

Кўп ўтмай Шарипов Корея миграция қонунчилигини бузганлик айби билан ҳибсга олинди ва бир йил мобайнида миграция полицияси қамоқхонасида ушлаб турилди.

Бутун мол-мулкидан айрилган, боз устига бўйнигача қарзга ботиб қолган Шермат Шарипов ҳозир озодликда, лекин ҳали ҳам Ўзбекистонга қайтмаган.

Озодликка Skype орқали боғланган Шарипов нимага бир йил қамоқда терговсиз ушлаб турилгани юзасидан Кореядаги ҳукумат идораларидан жавоб излаётганини айтади.

- Энди мен ҳозир давлатнинг ўзига ташлаяпман. Бир йил мени ноҳақ ушлаб турди. Менга етказган зарарини тўласин деяпман, бир йил мени ноҳақ қамоққа ташлагани учун. Тергов қилмасдан, ноҳақ айблаб бир йил сақлагансизлар, деяпман. Чет эл фуқаросини таржимон билан тергов қилиши керак, қани тергов хулосаси, қани, дейди Шарипов.

Бухоронинг Жондор туманидан бўлган Шермат Шарипов дастлаб 2001 йилда Кореяга иш излаб борган ва шу билан ҳаёти бу давлат билан боғланиб қолганини айтади.

Кореяда рус тилида чиқадиган “Сеулский вестник” рўзномасининг ёзишича, сўнгги ўн йил ичида Шарипов ўз фамилиясини расман уч марта ўзгартирган ва Кореяга ҳар хил фамилияларда кирган.

Шариповнинг Кореяга иккинчи ташрифи унинг бу мамлакатдан бадарға этилиши билан якун топган. Бунинг устига бухоролик тадбиркор 2007 йилда автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқарганликда ҳам айбланган.

Мана шу айбловлар асосида у Кореядан чиқариб юборилган ва унинг беш йил ичида бу мамлакатга кириши тақиқланган.

Орадан бир ярим йил ўтиб Шермат Шарипов эски фамилияси билан янги паспорт олади ва беш йиллик чекловга қарамай яна Кореяга киришга муваффақ бўлади.

“2008 йил август ойида укам аварияга учради. Туғишган укам. Укамнинг ҳалокати сабаб Кореяга мажбур келганман”, дейди бухоролик тадбиркор.

Охирги марта 2008 йилда автоҳалокатдан шикастланган укасини даволатгани Кореяга борган пайт Шермат Шарипов ўзини бу мамлакатда тадбиркор сифатида синаб кўришга аҳд қилади.

Кореяга келиши билан бухоролик тадбиркор бир ширкатнинг икки ходими билан танишади. Улар Шермат Шариповга Кореяда бизнес бошлашга ёрдам ваъда қилишади. Барча ишда улар воситачилик қилишади.

- Укамни даволаш учун Кореяга кирганимдан кейин, корейс докторлар укамни даволаб чиқариб юборди. Мен корейс партнёрлар билан танишдим. Улар менга битта фирма қилиб берамиз, кетма дейишди. Хуллас улар билан гаплашиб фирма қилганман, дейди Шермат Шарипов.

Корея ва МДҲ давлатлари ўртасида савдо алоқаларини ривожлантирмоқчи бўлган тадбиркор сал вақт ўтиб Инчхон ва Хвасон иммиграция полицияси тарафидан ҳибсга олинади, бир йил қамоқда ўтириб чиқади.

Шариповга кўра, у 170 миллион вон маблағидан айрилиб, соғлигини йўқотади.

Эндиликда Шермат Шарипов кореялик ҳамкорларини фирибгарликда айбламоқда.

- Уларга ишониб шу ишни қилдим. Улар мени ишонтирган. Гапига ишониб, Кореяга инвестиция, пул киргитганман. 45 минг доллар, Корея пули билан 67 ярим миллион бўлади. Хуллас фирма очилган, офисга янги машина, компютерлар олганман. Ҳамкорларим билан партнёрский контрактлар қилганман. Улар ҳаммасини йўқотиб, ўз фойдасига ўзлаштириб, ҳужжатларни сохталаштириб, мени булар бир йилга қаматиб юборишди. Менинг номимдан улар170 миллион вон турадиган сохта солиқ ҳужжатларини расмийлаштиришган.Уларни озгина қамаб чиқариб юборди, дейди Шарипов.

Шермат Ширипов Кореяда бизнес қилиш учун мамлакатга 40 минг доллардан ортиқ сармоя киритган.

Бунинг учун у Ўзбекистондаги уй-жойини сотгани, Кореяда меҳнат қилиб топган пулларию, олган қарзларини тикканини кореялик ҳамкорлари уни чув туширишганини айтади.

Бугунги кунда мол-мулкидан айрилган Шермат Шарипов ҳозир нимага бир йил қамоқда терговсиз ушлаб турилгани юзасидан жавоб олиш учун судма-суд юрибди.

- Ўйлаб кўринг, нима учун улар мени бир йил терговсиз қамоқда ушлаб турди. Қамоқда ётганимдан саккиз ой ўтиб милиция терговга киряпти. Лекин, Корея қонунларини ўрганиб чиқаяпман, 48 соатда милиция терговга кириши керак. Қонун бўйича 48 соат ичида кириши керак, мени ёнимга саккиз ой деганда кирган, - дейди тадбиркор.

Кореялик фирибгарларни ваъдаларига учиб алданган бухоролик тадбиркор ўзга элда иш бошлашдан олдин ўн карра ўйлаб кўришни бошқаларга маслаҳат қилади.

- Ёт элда бир қарашда очиқ, ҳалол, чин кўнгилли бўлиб кўринган одамлар ҳам сизни чув тушириши мумкин. Шунинг учун бирон ишга пул тикишдан олдин обдон ўйлаб кўриб, кейин қарор қабул қилиш керак экан, - дейди Шарипов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG