Линклар

Тожик депутатлари Москвадан изоҳ талаб қилмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров Москвадан Россияда ўлдирилган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг қотиллари жазоланишини талаб қилиб чиқди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров Москвадан Россияда ўлдирилган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг қотиллари жазоланишини талаб қилиб чиқди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров ўз ватандошларининг Россия ҳудудида ваҳшийларча ўлдирилаётганидан ташвиш билдирди.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда ўлдирилаётгани тожик жамияти учун янгилик эмас, аммо Душанбе расмийларининг, хусусан, Тожикистон парламенти қуйи палатаси раисининг бу ҳодисага муносабат билдириши илк бор кузатилмоқда.

Ҳар йили, расмий маълумотларга кўра, Тожикистон Россиядан 900 га яқин меҳнат муҳожирининг тобутини қабул қилиб олади, мақтуллардан 60-70 нафари тақирбош-миллатчилар томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани айтилади.

Кузатувчиларга кўра, Ҳамрохон Зарифий Тожикистон ташқи ишлар вазири курсисига ўтирганидан буён ўтган беш йил мобайнида бу идора Россияда тожикистонлик меҳнат муҳожирларига ғайриинсоний муносабат бўлаётганидан эътироз билдириб, икки ёки учта нота йўллаган, холос.

“Ҳатто, - дейди мустақил кузатувчи Нурали Давлатов, - икки ҳафта олдин тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда оммавий қамалиши ва депортация қилинишига оид ҳолатларга ҳам парламент жим қараб турди”.

Айни пайтда 30 ноябр куни парламент қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуровнинг хос баёнот билан чиқиши аксарият учун кутилмаган ҳодиса бўлди.

- Меҳнат муҳожири Бахтиёр Расулов ваҳшийларча ўлдирилди, биз бу ҳодисани кескин қоралаймиз. Шу даражагача ваҳшийлик қилишганки, ҳатто танидан жудо қилинган бошни куйдиришган. Россия Федерацияси Бош прокуроридан бу ваҳшиёна қотиллик сабабларини жуда қисқа вақт ичида ўрганиб, қотилларни жазолашини қатъий талаб қиламиз, - дея таъкидлади депутат Зуҳуров.

Хатлон вилоятининг Шаҳритус туманидан Санкт-Петербургга иш ахтариб борган 20 ёшли Бахтиёр Расулов сўнгги бир неча йил мобайнида у ерда такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

Ўтган ҳафта унинг жасади шаҳар атрофидаги ўрмонзорлардан бирида топилгани хабар қилинган эди. Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, у номаълум кишилар томонидан пичоқланган, сўнгра боши танидан жудо қилиниб, машинаси билан бирга ўт қўйиб юборилган.

Бахтиёр 2008 йили тақирбошлар томонидан ваҳшийларча ўлдирилган Салоҳиддин Азизовнинг қишлоқдоши экани айтилади.

Тожикистон қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуровнинг баёноти Россиянинг Душанбедаги элчиси Юрий Поповнинг Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилган бир вақтга тўғри келди.

Бу иккала чора ҳам, хабардор манбаларнинг айтишича, давлат раҳбари топшириғи асосида амалга оширилган.

Ташқи ишлар вазирлигида Россия дипломати Юрий Поповга мамлакатида тожикистонлик фуқароларнинг қатл қилиниши ҳолатларининг олди олинмаса, бу икки иттифоқдош давлат алоқаларига салбий таъсир қилиши мумкинлиги уқтирилган.

Аснода мустақил таҳлилчилар расмий Душанбе рус учувчиларининг озод этилиши ортидан Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вужудга келган вазият ўнгланиб, ўзаро алоқалар яхши томонга ўзгаришига умид қилганини айтмоқдалар.

Аммо, таҳлилчи Сайидумар Ҳусайнийга кўра, тожик ҳукуматининг руслар найрангидан сабри тугади.

- Ҳақиқатан Россия ҳаддан ортиқ ўтказиб юборди. Бу томон сабри ҳам тугаган кўринади. Энди бу томон ҳам Россия сингари бир фуқароси учун ҳамма нарсага тайёр эканини кўрсатиб қўймоқчи. Аслида Россия сиёсий доираларининг ўзи бу томонни ана шундай муносабат қилишга мажбур қилди, - дейди мустақил таҳлилчи Сайидумар Ҳусайний.

Айни пайтда Россия оммавий ахборот воситалари “Россия Тожикистонни чув туширгани” ҳақида ёзмоқдалар. “Коммерсант” рўзномасининг ёзишича, қоидага кўра, муросага келган томонлар сўзсиз гаровдагиларни озод қилиши керак эди. Тожикистон бири Россия фуқароси ва бошқаси Эстония фуқароси бўлган икки учувчини озод қилди, Россия томони эса, газетага кўра, аксилтожик кампанияси доирасида тахминан 500 нафар тожикистонлик меҳнат муҳожирини гаровга олган ва улар ҳозиргача озод қилинмаган.

“Бу одамлар ҳақиқатан гаров ҳолатида қолмоқдалар”, деб ёзади “Коммерсант”.
XS
SM
MD
LG