Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:16

“Daimler AG” Ўзбекистонда қўшма корхона очмоқчи


“Daimler AG” ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан келишувга эришиш учун Тошкент расмийларига миллионлаб пора берганини тан олган.
“Daimler AG” ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан келишувга эришиш учун Тошкент расмийларига миллионлаб пора берганини тан олган.

Германиянинг “Daimler AG” ширкати Mercedes-Benz русумидаги йўловчи автобусларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича “Ўзавтосаноат” билан музокара олиб бормоқда.


Германиянинг “Daimler AG” ширкати вакили Ўзбекистоннинг “Ўзавтосаноат” ширкати билан Mercedes-Benz русумидаги йўловчи автобуслар ишлаб чиқарадиган қўшма корхона тузиш борасида сўзлашувлар олиб борилаётганини тасдиқлади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда ширкат матбуот вакили Утевест фон Веллберг Ўзбекистон Mercedes-Benz автобусларининг ишончли харидорига айлангани сабаб шундай қўшма корхонага зарурат туғилганини айтади.

-Ўзбекистон Mercedes-Benz автобусларини сотиб оладиган йирик давлатлардан бири ҳисобланади ва бу мамлакат шундай автобусларнинг катта паркига эга.

Шундан келиб чиқиб, автобусларни мамлакатни ўзида ишлаб чиқишга зарурат бор деб ўйлаяпмиз, деди Утевест фон Веллберг.

“Daimler AG” ширкати 1994 йилдан бери шу кунгача Тошкентга мингга яқин автобус, шунингдек Mercedes-Benz Conecto Low Floor автобуслари учун зарур эҳтиёт қисмлари ва машиналарга техник хизмат кўрсатиш учун махсус техник жиҳозларни етказиб келади.

"Тошшаҳартрансхизмат" ширкатига кўра, Ўзбекистон пойтахтида мингта Mercedes-Benz автобуслари кунига бир ярим миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда.

“Daimler AG” ширкати вакили қўшма корхона қандай шартлар асосида ва қачон ташкил қилинишини очиқламади.

- Ҳозир бу музокаралар босқичида. Ўзбек томони билан музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Келишув тафсилотларини ҳозирча айтолмайман¸ деди Утевест фон Веллберг.

Хабарларга кўра, қўшма корхона Тошкентдаги “Чкалов” номли самолётсозлик заводи негизида бўлади.

“Ўзавтосаноат” ширкати 2010 йил 7 май куни Германиянинг "Daimler AG" автоконцерни билан завод негизида автобус ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги ўзаро англашинув меморандуми имзолаган эди.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун сайёҳлик, шаҳарлараро, шаҳар ичкарисида ҳаракатланувчи автобуслар ҳамда мини автобуслар ишлаб чиқариши режаланган қўшма корхона таъсис фондининг 8 миллион АҚШ доллари экани ва мазкур корхонада йилига 600 та автобус ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётгани билдирилган.

Енгил автомобиллар ва юк машиналари ишлаб чиқарадиган Германиядаги "Daimler AG" ширкати икки йил аввал АҚШнинг порахўрликка қарши қонунини бузганлиги билан боғлиқ жанжал марказида қолган эди.

Немис ширкати 1998-2008 йиллар давомида камида 22 давлатда расмийларга ўнлаб миллион доллар миқдорида пора берганликда айбланган ва пора берилган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам борлиги айтилган.

Лекин “Daimler AG” вакили бу юзадан изоҳ бермади.

Ширкат музокара олиб бораётган “Ўзавтосаноат” аввалроқ “MAN Truck & Bus” билан ҳамкорликда Самарқандда “JV MAN Auto” қўшма корхонасига асос солган ва МАН юк машиналарини ишлаб чиқара бошлаган эди.

Завод Самарқанддаги “Самавто” заводи аввалроқ касодга учраган СамКочАвто ўзбек-турк қўшма корхонаси ўрнида очилган эди.

1999 йилда очилган СамКочАвто кичикроқ сиғимли “UzOtoyol” автобусларини ишлаб чиқарган¸ кейинчалик бу заводда япониялик сармоядорлар иштирокида Isuzu русумидаги мини автобуслар йиғилган.

Бундан ҳам олдин, 1993 йилда Хоразмда Mersedes-Benz юк машиналари ишлаб чиқариш бўйича ташкил этилган Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси фаолияти ҳам узоққа бормай, касодга учраган эди.
XS
SM
MD
LG