Линклар

logo-print

Президент тез тиббий ёрдам тезлигини оширмоқчи

  • Барно Анвар

Ўзбекистон шифокорлар ва аҳоли вакиллари тез тиббий ёрдам хизматининг тош йўлларда беморнинг қолган жонини ҳам қоқиб оладиган ДАМАСларидан кўп нолийди.

Ўзбекистон шифокорлар ва аҳоли вакиллари тез тиббий ёрдам хизматининг тош йўлларда беморнинг қолган жонини ҳам қоқиб оладиган ДАМАСларидан кўп нолийди.

Президент янги қарорида, шунингдек қишлоқлардаги врачлик пунктларини кўпайтириш ва 46 муассасани пуллик қилиш айтилган.

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов 28 ноябр куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини жиддий равишда ўзгартирувчи яна бир қарорга имзо чекди.

Ярим расмий интернет нашрларининг хабар қилишича, 2012-2015 йилларга мўлжалланган дастурда асосий эътибор тиббиёт муассасаларини давлат бюжетидан чиқаришга қаратилган.

“Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган қарорда республикада бюжет ҳисобидан ишлаётган тиббий муассасаларни босқичма-босқич ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтказиш режалаштирилган.

Тежалган маблағ ҳисобига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман (шаҳар) шифохоналари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини замонавийлаштириш кўзланмоқда.

2012-2015 йиллар оралиғида, айниқса қишлоқ жойларда диагностика ҳамда амбулатория-профилактика муассасалари фаолиятини яхшилаш, хусусан, 102 та қишлоқ врачлик пунктларини очиш белгиланган.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати тезкорлиги ва сифатини ошириш учун уни қайта жиҳозлаш, замонавий мобил тиббий ускуна ва алоқа воситалари билан жиҳозланган махсус автотранспорт билан таъминлаш ҳам айтилган.

Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва лицензия беришни янада такомиллаштириш ҳам 2015 йилга қадар кўзда тутилган чора-тадбирлардан бири экани айтилар экан, ушбу қарорда одамлар, болаларнинг ҳаёти учун юқори даражадаги хатар билан боғлиқ соҳалар бўйича хусусий муассасаларга лицензия бермаслик ва лицензия бериладиган йўналишлар бўйича ҳам талабларни кескинлаштириш белгиланган.

Қарорда белгиланган режага кўра, 2015 йилгача 100 та тумандаги тиббиёт марказлари қайта ташкил қилинади ва замонавий техника билан жиҳозланади.

Ўзбекистон республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу қарорни шарҳлаб берадиган мутасаддини топишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, вазирликнинг вилоят бошқармаларидаги мутасаддилар ҳам қарор чиққанидан хабардор экани, аммо унда кўзда тутилган чора-тадбирларга оид тўлиқ тафсилотлар, жумладан айнан қандай ва қайси муассасалар ўзини ўзи молия билан таъминлашга ўтишидан ҳозирча бехабар эканини айтмоқдалар.

Қашқадарё вилоятидаги поликлиникалардан бирида юқумли касалликлар шифори бўлиб ишлайдиган ва исмини ошкор этмаслигинимизни сўраган шифокор ушбу дастурдан яхши хабардор эканини айтди.

- Шу вақтгача “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2”, деган дастурлар амалга оширилди ва улар доирасида аллақачон бошланган ўз-ўзини молия билан таъминлаш тизимига ўтиш. Ҳозир шифохоналарда урология, кардиология, хирургия, терапия бўлимларида пуллик хизматга ўтилган. Ётоқ жойи, овқати, айрим ўзимизда чиқмайдиган дорилари ва ҳоказо нарсалар пуллик, дейди бу шифокор.

Унга кўра, тез тиббий ёрдам хизмати, юқумли касалликлар шифохоналари, психик касалликлар шифохоналари каби ижтимоий касалликларни даволаш муассасалари расман ҳануз бепуллигича қолмоқда.

- Кейинчалик ҳам бу соҳалар бепуллигича қолиши керак, менимча. Энди тиббиётнинг бошқа соҳаларидаги хизмат турларини пуллик қилиш эвазига бюжетдан тежалган пулни шу соҳалардаги техника, транспортни янгилашга сарфлашса, бу жуда яхши бўлади. Чунки, вилоятларда аппаратураларимизнинг аҳволи жуда чатоқ, дейди қашқадарёлик шифокор.

Шунингдек, бу суҳбатдош 2015 йилгача республикадаги тез тиббий ёрдам хизматлари тезлигини ошириш ва сифатини яхшилаш ҳақидаги режани жуда долзарб, деб урғулади.

- Бир вақтлар мен тез тиббий ёрдам бўлимида бошлиқ бўлиб ишлаганман. Ҳозир берилган ДАМАСлар борку, булар умуман тўғри келмайди. Биринчидан, жуда жёсткий транспорт. Иккинчидан, тор. Унинг ичига аппаратура қўйиб бўлмайди. Қишлоқларнинг нотекис йўлларига бўлмайди бу. Агар бу хизмат учун Тошкентлардаги каби кенг Мерседес автомобиллар берилса, ичида аппаратураси билан, қанийди! – дейди қишлоқ шароитида аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган шифокор.

Қарор тўлиқ ижро этилган ва кейинги 3 йил ичида республикада тиббий хизмат тўлиқ янгиланган тақдирда ҳам, айниқса¸ қишлоқ шароитида тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш анча мушкул кечишини тахмин қилади бу шифокор.

- Биласизми, қишлоқ амбулаторлик пунктларига янги техникалар берила бошлаган аллақачон. Лекин улар ишламайди. Чунки, шу техникани ишлата оладиган малакали мутахассислар ҳали тайёр эмас. Иккинчидан, борсангиз чироқ йўқ бўлади, дер экан Қашқадарё вилоятидаги поликлиникалардан бирида юқумли касалликлар шифокори бўлиб ишлайдиган ва исми сир қолишини сўраган шифокор.

Суҳбатдош биринчи галда, аҳоли учун катта қийинчилик туғдириб турган қишлоқ врачлик пунктлари, туман шифохоналарини узлуксиз равишда ток билан, ҳеч бўлмаса дивожоклар билан таъминлаш зарурлигини алоҳида қўшимча қилиб ўтди.

28 ноябр куни президент имзолаган қарорда 2012 йилдан 2015 йилга қадар амалага ошириладиган ислоҳотларда, асосан қишлоқ жойлардаги тиббий хизмат самарасини ошириш белгиланган.

Қарорда айтилишича, сўнгги 10 йил ичида бу соҳани модернизация қилиш учун 750 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда бюджет маблағлари йўналтирилган ва ҳозир давлат бюжетидан йилига 15 фоиз маблағ айни соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилмоқда.

Шунингдек, 2012-1015 йилги дастур учун Жаҳон Банки ва бошқа хорижий ташкилотлардан келадиган сармоялар ишлатилади.

Куни кеча президент Ислом Каримов Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими учун 1¸5 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилишини ҳам айтган эди.

Ажратилаётган бунча маблағ айни кезда деярли100 фоиз пуллик хизматга айланган тиббий хизмат кўрсатиш соҳасининг қайси йўналишларига сарфланмоқда ва қандай сарфланмоқда — бу эса кенг жамоатчиликка аниқ равшан маълум эмас.

Қашқадарёлик шифокор бу соҳа расман пуллик бўлса ва худди хориждаги нормал амалиётда қўллангани каби Ўзбекистонда ҳам соғлиқни сақлаш тизимида суғурта хизматлари жорий этилса, бу соҳа учун ажратилаётган давлат маблағларининг сарфланиши ҳам шаффофлашади.

- Энг муҳими, бу тиббий хизмат сифатини ва тезкорлигини оширади. Бу практикани бизга олиб кириш керак, дейди суҳбатдошимиз.

Қашқадарёлик шифокор суҳбат чоғида тиббиёт соҳасидаги яна қатор масалаларни тилга олди ва кўплаб саволларимизга жавоб берди.

Бу суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG