Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:04

ЎИҲ "шаҳидлар"и рўйхатини эълон қилди


Жундуллоҳ студиясининг "мухбири" Укошанинг ҳам Афғонистондаги амалиëтлар оқибатида ўлдирилгани эътироф этилди.
Жундуллоҳ студиясининг "мухбири" Укошанинг ҳам Афғонистондаги амалиëтлар оқибатида ўлдирилгани эътироф этилди.

2011 йилда ўлдирилгани эътироф этилган 87 жанггари сафида Жундуллоҳ студияси бошловчиси тошкентлик Укоша ҳам бор.



Ўзбекистон исломий ҳаракати 2011 йил давомида Афғонистон ва НАТОнинг ўз лагерларига уюштирган ҳаво ҳужумлари¸ қолаверса уларга қарши суиқасд амалиëтлари давомида ўлганлар рўйхати¸ улар кўпчилигининг сурати¸ қай ҳолда ўлганию шахсиятига оид тафсилотларни эълон қилди.

Ҳаракат эътирофича¸ жорий йилда ЎИҲ Интернет оламидаги ўз тарғибот-ташвиқот кампаниясининг асосий қиëфасига айланган жанггариси¸ шунингде ҳарбий фаолиятини бошқариб келган етакчи қўмондонидан ажраган.

“Қабоилда нима гап?” номли кўрсатувлар муаллифи Укоша/Абдул Азиз Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 1432 ҳижрий йил (мелодий 2011) даги “шаҳидлари” рўйхатидаги жамоатчиликка энг таниш жанггаридир.

Укошанинг Покистондаги қабилалар ҳудудидан қувилиб¸ тоғу тошларда Покистон¸ Афғонистон ва НАТО ҳаво ҳужумларидан қочиб юрган мужоҳидлар ҳаëтини кўрсатувчи “Discovery” канали услубидаги жанггариликдан кўра сайëҳлик руҳи кўпроқ кўрсатувлари ЎИҲ нинг мафкуравий жабҳадаги янги мужодаласи сифатида кўрилаëтган эди.

2011 йил давомида ўлдирилгани айтилган 87 жанггари рўйхатининг 79-поғонасига қўйилган Укоша/Абдул Азиз ҳақида ëзар экан ЎИҲ унинг жангаридан кўра кўпроқ ижодий шахс бўлганини билвосита эътироф этади.

“Энди Абдул Азиз ҳақида гапирсак гап кўп. Ўзи Тошкентдан. Ҳамма билан тез чиқишиб кетадиган, чаққон йигит. Ҳаракатимизга келганига 6 йил бўлганди. Афғонистон ва Покистон жангларида иштирок этиш насиб қилди. Асосий фаолиятини тарғибот бўлимида “Жундуллоҳ” ижодий студиясида олиб борди. Ижод қилиб, бир неча филмларда овоз берди ва иштирок ҳам қилди.

Шаҳодатидан бир неча ой олдин энди уйланган эди. У шаҳид бўлгач оиласи қиз фарзанд кўрди ва исми Фотима бўлди” деб ëзди Укоша ўлими ҳақидаги қисқа тафсилотида ЎИҲ.

Ўзбекистон исломий ҳаракати эълон қилган баëнотга кўра¸ Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий амалиëтлар давомида ўлдирилган 87 жанггарининг 64 таси афғонистонлик¸ 10 нафари тожикистонлик¸ 6 таси қирғизистонлик¸ тўрт нафари ўзбекистонликдир. Рўйхатга кўра¸ ўлганлардан орасида биттадан татаристонлик¸ германиялик ва покистонлик жанггари бор.

Аббос Мансур Жума Наманганий ўлдирилгач¸ ҳаракатга қўмондонлик қилиб келган.
Аббос Мансур Жума Наманганий ўлдирилгач¸ ҳаракатга қўмондонлик қилиб келган.
Мазкур рўйхат тепасида ЎИҲнинг 2009 йил сентябрида Покистонда ўлдирилган раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг собиқ тансоқчиси¸ ҳаракатнинг ўлдирилган қўмондони Жума Наманганий ўрнига қўмондонликка кўтарилган ўшлик қиғиз Аббос Мансур қўйилган.

Бу жанггарига берилган таърифда ëзилган “биродаримиз шаҳид қўмондон Жумабой ўрнидаги қўмондон Аббос Мансур бўлди. Шаҳид Жумабой ака ва Тоҳир акалардан олган сабоқлар, котиблиги тажрибасидаги ҳисоб китоблар... барча барчасини уйғунлаштирган ҳолда Ҳаракат лашкарини чиройли идора килиб келди” деган баëнотдан Ўзбекистон исломий ҳаракати 2011 йилда ўзининг асосий қўмондонидан ҳам ажралгани англашилади.

"Ўзбекистон исломий ҳаракати ўз фаолияти тарихида илк бор сафидаги йўқотишларга оид тафсилотларни ошкор қилди¸ зотан бунга қадар ҳаракат ўз етакчилари ўлимини бекитишга уриниб келган¸ масалан Тоҳир Йўлдош ўлимига орадан бир йилча ўтиб¸ иқрор бўлган эди”¸ дейди мазкур ҳаракат бўйича халқаро майдондаги етакчи таҳлилчи¸ покистонлик мустақил журналист Аҳмад Рашид.

- Сафидаги қурбонларига оид маълумотни жамоатчиликка ошкор қилиш орқали Ўзбекистон исломий ҳаракати ўзининг ўлмагани¸ ҳамон жанговар амалиëтларни давом эттираëтганини кўрсатишга уринмоқда. Бу рўйхатни мен бошқача шарҳлай олмайман¸ дейди Аҳмад Рашид.

“Номи амалдаги ҳаракатлардан кўра¸ кўпроқ Ўзбекистон ва Ғарб ҳукуматлари қора рўйхатлари билан боғлиқ ҳолда тилга тушиб турадиган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг бир йилда 87 жанггарисини йўқотиши анчагина оғир талафот¸ зотан бу ҳаракат сафида қолганларнинг нари борса бир неча юз экани тахмин қилинади"¸ деб қўшимча қилади покистонлик таҳлилчи.

Ўз номига кўра Ўзбекистон ҳукуматига мухолифликни даъво қилган бу ҳаракат қурбонлари рўйхатида атиги 4 ўзбекистонлик жанггари борлиги¸ улар аксарининг афғонистонликлар экани Ўзбекистон исломий ҳаракатининг сиëсий-мафкуравий жиҳатдан ўз йўлини батамом йўқотгани аксидир¸ деб давом этади Аҳмад Рашид.

- Ўлган жанггариларнинг 64 таси Таҳор ва Самангондан чиққан мужоҳидлар эканини эътироф этиш¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати ўз сафларига Ўзбекистондан жанггари ëллай олмай қолганини кўрсатади. Бундан унинг асосий таянч маркази Ўзбекистон эмас¸ балки Афғонистондаги ўзбек ва тожиклар экани англашилади.

Бу эса ўз навбатида унинг Каримов режимига қарши курашаëтган сиëсий ҳаракат бўлмай қолгани¸ бунинг ўрнига мусулмон дунëсида кўпайиб кетган сон-саноқсиз жиҳодчи гуруҳлар орасидаги кичик занжирга айланиб қолганини кўрсатади¸ дейди мазкур ҳаракат фаолиятини йиллардан бери кузатиб келаëтган покистонлик таҳлилчи ва журналист Аҳмад Рашид.
XS
SM
MD
LG