Линклар

ЕИ ва АҚШ Эронга қарши санкцияларни кучайтирмоқда


Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг ва Ҳолландия Ташқи ишлар вазири Ури Розентал Брюссел учрашувида.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг ва Ҳолландия Ташқи ишлар вазири Ури Розентал Брюссел учрашувида.

Европа Иттифоқи Эрон ядровий дастурига алоқадор 180 нафар шахс ва муассасаларга қарши санкциялар жорий қилди. Пайшанба куни Брюсселга йиғилган ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Теҳронга нисбатан жазо чораларини иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларига кенгайтириш эҳтимолларини кўриб чиқишни ҳам ваъда қилдилар. Айни пайтда, АҚШ Сенати ҳам Эрон Марказий банкига қарши санкцияларни маъқуллади. Обама маъмурияти бундай санкциялар АҚШга иттифоқчи давлатлардаги банкларни Америкага қарши қўйиши мумкинлигини айтиб, Конгрессни бу чорага бормасликка чақираётган эди.


Теҳронда сешанба куни Британия элчихонаси оломон ҳужумига учраганидан кейин Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг илк учрашувида Эронга нисбатан санкцияларни кучайтиришга қарор қилинди.

1 декабр кунги ЕИ кенгаши мажлисида қабул қилинган қарорга кўра, ҳисоб рақамлари музлатилган ва виза чеклови жорий қилинганлар рўйхатига яна 180 нафар Эрон фуқаролари ва ширкатлари киритилди. Бу санкцияларга Халқаро атом энергия агентлигининг сўнгги ҳисоботида Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётгани илк бор очиқ айтилгани сабаб бўлди.

Бундан аввал жазо чоралари қўлланганлар рўйхатида Эрон ядровий дастурига алоқадор 35 нафар шахс ва 215 муассаса ва корхоналар бор эди. Бундан ташқари яна 61 киши инсон ҳуқуқларини буўгани учун ЕИ қора рўйхатига киритилган.

Франция Ташқи ишлар вазири Алан Жуппе ЕИ санкцияларни янада кучайтириш истиқболларини ҳам кўриб чиқаётганини маълум қилди.

- Эроннинг ядровий фаолиятига доир 180 нафар шахс ва муассасаларга қарши муҳим санкцияларни жорий этдик. Шунингдек, Франция президенти таклифига кўра, Эрон молиявий ва нефт секторларига нисбатан кескинроқ ва, дарҳақиқат, мисли кўрилмаган санкцияларни қўллаш масаласи устида ишни давом эттиришга ҳам келишиб олдик, деди Франция ташқи ишлар вазири Жуппе.

ЕИга аъзо 27 давлат вазирлари қабул қилган хулосаларда айтилишича, Иттифоқ яқин келажакда “Эрон молиявий тизими, транспорт сектори, энергия сектори, Эрон Инқилоб посбонлари корпуси ва бошқа соҳаларга жиддий путур етказишга қаратилган чоралар”ни кўриб чиқади. Айтилишича, бу чоралар январ ойида қўлланиши мумкин.

Жуппе, шунингдек, ЕИ Эроннга нисбатан нефт эмбаргоси қўллаш масаласи ҳам кун тартибида қолаётганини билдирди. Шу билан бирга Жуппе Эрон нефтига тобеъ бўлган Греция бу режа хусусида ташвиш билдираётганини эътироф этди.

- Бунинг устида иш олиб боряпмиз. Греция баъзи хавотирларни билдирмоқда. Бу хавотирларни инобатга олишимиз керак ва бошқа ҳамкорларимиз билан Эрондан келадиган нефт ўрнини бошқа мамлакатларда ишлаб чиқаришни ошириш ҳисобидан қоплаш учун бошқа ҳамкорларимиз билан иш олиб боришимиз керак. Бу мутлақо амалга ошириш мумкин бўлган нарсадир, деди Жуппе.

ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон кейинги қарор қабул қилинишидан аввал барча масалалар синчкволик билан ўрганилади, дея таъкидлади.

- Бундан кейин айнан нима қилиши лозимлигига оид тафсилотлар энди техник экспертлар ихтиёрига топширилади. Улар нима самарали бўлиши, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар учун қайси қадам мақбул экани ва Эронга нима таъсир эта оиши ҳақида қарор қилади. Шунинг учун бу масалалар хусусида мунозаралар давом этмоқда, деди ЕИ ташқи ишлар вазири.

Пайшанба кунги мажлисдан аввал чиқиш қилган Британия Ташқи Ишлар вазири Уильям Ҳейг ЕИга аъзо мамлакатлар вакиллари сўнгги кунларда Лондон билан бирдамлик намойиш қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўтган ҳафта Лондон Эрон молиявий тизими, жумладан Марказий банки билан алоқаларни узгач, сешанба куни ўнлаб эронлик радикал талабалар Британиянинг Теҳрондаги элчихонасига бостириб кириб, Британия байроғини ёндирди ва бинога катта зиён етказди. Элчихонанинг олти ходими гаровга ҳам олинди ва кейинчалик қўйиб юборилди.

Бунга жавобан чоршанба куни Британия Лондондаги Эрон элчихонаси ёпилишини буюриб, эронлик дипломатларни мамлакатда қувиб солди.

Айги пайтда АҚШ Сенати Эронга нисбатан санкцияларни кучайтириш қарорини бир овоздан маъқуллади. Санкцияларга, жумладан, Эрон Марказий банки билан олди-берди қилган молиявий институтларни жазолаш ҳам киради.

Пайшанба кунги қарор учун сенатнинг 100 аъзосидан барчачи овоз берди. Бу қарор президент Барак Обама имзоси учун юборилишидан аввал уни Вакиллар палатаси маъқуллаши керак.

Обама маъмурияти мазкур қарор Америка иттифоқчилари бўлган давлатлардаги Эрон Марказий банки билан ҳамкорлик қиладиган банкларни АҚШга қарши қўйиши мумкинлигини айтиб, Конгресс аъзоларидан уни маъқулламасликни сўраган эди.

АҚШ Молия вазирлиги мулозимлари Сенатдаги овоз беришдан аввал ўтказилган эшитувларда Обама маъмурияти Эрон ўз ядровий дастурини молиялашнинг асосий воситаси бўлган мамлаат марказий банкига қарши жазо чораларини кучайтириш устида иш олиб бораётганини таъкидлади.

АҚШ Молия вазирининг терроризм ва молиявий разведка масалалари бўйича ўринбосари Дэвид Коэн жумладан бундай деди.

- Ҳозир Эронга нисбатан молиявий босимни кучатиришда, жумладан Эрон Марказий банкини янада изоляция қилиш учун самарали, яхши ўйланган ва мақсадли стратегияни амалга оширишда халқаро ҳамжамият билан биргаликда иш олиб боришимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир, деди АҚШ мулозими.

Лекин шу билан бирга Обама маъмуриятининг АҚШ иттифоқчиларини ўзига қарши қўймасликка оид хавотирларини ҳам эслатди Дэвид Коэн.

Оқ уй шунингдек, бу санкциялар жаҳон бозорини Эрон нефтидан мосуво қилиб, нефт нахининг ошишига сабаб бўлишини айтмоқда.

АҚШ ўз ҳудудидаги молиявий институтларнинг Эрон Марказий банки билан алоқа қилишини тақиқлайди. Янги санкциялар эса хорижий банкларни ҳам Эрон Марказий банки билан алоқадан воз кешига кўндириш учун АҚШ молиявий тизимидан четлатиш билан таҳдид этилишини кўзда тутади.

Пайшанба куни Брюсселда бўлган мажлисда Европа кенгаши Сурияда аксил-ҳукумат намойишларини қонли бостиришда давом этаётган Дамашқ режимига қарши санкциялар жорий қилди.

ЕИ баёнотида айтилишича, санкциялар “энергия, молия, банк ва савдо секторларига қарши қўлланган ва зўравонликлар ёки режимни бевосита қўллаб-қувватлашга алоқадор шахслар ва муассасаларни ўз ичига олган”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG