Линклар

Ўзбекистонга иккинчи "Афросиёб" келаяпти


Бир неча ўн миллионлик испан поезди уч ой ичида 3000 йўловчи ташиган.

Бир неча ўн миллионлик испан поезди уч ой ичида 3000 йўловчи ташиган.

8 декабрда байрам қилинадиган Конституция куни муносабати билан Ўзбекистонга юқори тезликда юрадиган иккинчи поезд келтирилади.


Бу маълумотни Озодлик “Ўзбекистон Темир йўллари” компанияси матбуот хизматидан олди.

Испаниянинг Patents Talgo S. A. ширкатида ишлаб чиқарилган биринчи поезд жорий йил сентябрида “Афросиёб” деган ном билан Тошкент – Самарқанд йўналишида қатнай бошлаган эди.

“Ўзбекистон Темир йўллари” компанияси матбуот хизмати раҳбари Ҳайдарали Мамадалиевнинг Озодликка айтишича, Тошкент-Самарқанд йўналишида поездлар илгари поезднинг типига қараб 3 ёки 4 соат юрар эди. "Экспресс бўлса тезроқ, умумий йўналишдагиси секинроқ. “Афросиёб” поезди 2 соату 20 минут юрмоқда. Наврўзга қадар 2 соатга тушади”.

Ҳозирда дам олиш кунлари қатнаётган “Афросиёб” поездининг чипталари ҳам оддий поездларникига қараганда қимматроқ – 40 мингдан 60 минг сўмгача.

Иккинчи состав етиб келганидан сўнг ҳам, матбуот котибининг айтишича, “Афросиёб” поезди фақат шанба-якшанба графигини сақлаб қолади. Ўзгарадиган нарса - тезюрар поездлардан бири ҳаракатни Тошкентдан бошласа, иккинчиси Самарқанддан бошлайди.

Ҳайдарали Мамадалиевга кўра, яқин келажакда Тошкент-Бухоро ва Тошкент-Хива йўналишларида ҳам “Афросиёб”га ўхшаган поездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллиги кузатилаётгани ҳисобга олинса, юқори тезликдаги поездларнинг тилга олинган йўналишлардаги қатнови бошланишини узоқроқ кутишга тўғри келишини тасаввур қилиш мумкин.

Маълумотларга қараганда, биринчи “Афросиёб” поезди қатнови бошланганидан буён Тошкент-Самарқанд, Самарқанд-Тошкент йўналишида 3000 дан зиёд йўловчи ташилган.

Тошкент-Самарқанд темир йўли узунлиги 344 километр бўлиб, “Афросиёб” поезди тезлигини соатига 250 км гача ошириши мумкин.

Озодликнинг иккинчи “Афросиёб” поездини Ўзбекистон ҳукумати неча пулга сотиб олганига доир саволига жавобан “Ўзбекистон Темир йўллари” компанияси матбуот хизмати раҳбари Ҳайдарали Мамадалиев “шу ва шунга ўхшаш барча саволларга хат орқали ёзма жавоб беришга тайёр” эканлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG