Линклар

logo-print

Тожикистонда собиқ мухолифат лидери очлик эълон қилди

  • Гулнора Равшан

Садриддин Тошев Тожикистон собиы мухолифати лидерларидан бири.

Садриддин Тошев Тожикистон собиы мухолифати лидерларидан бири.

Душанбе шаҳар қамоқхоналарининг бирида очлик эълон қилган маҳбуснинг аҳволи оғирлашди.

28 ноябр куни очлик эълон қилган маҳбус Садриддин Тошевнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида унинг яқинлари ва адвокат Бузургмеҳри Равшан маълум қилди.

- Мен кеча ва бугун ҳам ҳимоямдаги Тошевнинг яқинлари ва унинг саломатлигини назорат қилиб турган шифокордан маҳбуснинг ҳолатини сўраганимда. улар “маҳбуснинг аҳволи тобора ёмонлашаяпти”, дейишди.

Шунингдек, шифокорлар Тошевнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида қамоқхона ходимлари бугун уни мажбурий тарзда овқатлантиришини айтишди. Менимча, маҳбус Тошев билан бўлаётган сўнгги ҳодисалар ва Тожикистонда қонунлар ҳамма учун бир хил ишламаётганидан жамоатчиликни хабардор қилишимиз лозим, - деб ҳисоблайди адвокат Бузургмеҳри Равшан.

Маҳбуснинг яқинлари ҳуқуқ идораларидаги айрим шахслар Садриддин Тошевни жисмонан йўқ қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

2000 йил бошида ўғрилик, қотиллик, гаровга олиш ҳамда исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзолик каби оғир жиноятларда айбланиб, 20 йилга кесилган Садриддин Тошев мамлакатда эълон қилинган “олтин авф” га биноан озодликка чиқарилмаганидан кейин норозилик билдириб, очлик акциясини бошлаган эди.

Маҳбус Тошев Тожикистон президенти, парламенти, Бош прокуратураси, Омбудсмени ва бу мамлакатдаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш вазифаси бўлган халқаро ташкилотлар ҳамда омавий ахборот воситаларига очиқ хат йўллаб, озодликка чиқишида амалий ёрдам кўрсатишларини сўраган эди.

Адвокат Бузургмеҳри Равшаннинг маълум қилишича, ҳимоясидаги Тошев шу йил эълон қилинган “Авф тўғрисида” ги қонуннинг 10 бандига мувофиқ амнистияга тушган, аммо номаълум сабаблар билан озодликка чиқарилмаган.

Қонуннинг 10-бандида ҳукуматга қарши қуролли ҳужумларда, исёнларда қатнашган шахсларга нисбатан жиноят иши тўхтатилиб, қамоқда бўлганлар озодликка чиқарилиши ва ҳеч қачон таъқиб қилинмаслиги белгиланган.

Тахминан икки ой аввал Тожикистон томон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига юборган ҳисоботида ҳам “собиқ мухолифат лидери Садриддин Тошевнинг иши билан боғлиқ барча “тушунмовчиликлар” ҳал қилингани ва у “Авф тўғрисида”ги қонунга мувофиқ у аллақачон озод этилганини маълум қилган эди.

Маҳбуснинг амнистияга тушгани ҳақида икки ҳафта аввал журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода ҳам айтганди.

Бироқ 20 ноябр куни Тожикистонда амнистия муҳлати тугагани расман эълон қилинганига қарамай, Садриддин Тошев қаттиқ режимли қамоқда сақланмоқда.

Тожикистон ҳуқуқ идоралари расмий маълумотига кўра, шу йил бу мамлакатда тадбиқ қилинган “Авф тўғрисида”ги қонунга биноан 4 минг 300 нафар маҳбус озодликка чиқарилган. Айтилишича, озодликка чиққанлардан 100 нафари исёнчи тожик полковниги, айни пайтда Ўзбекистонда яширингани айтилаётган Маҳмуд Худойбердиев тарафдорлари ва яқинларидир.

Аммо, бир гуноҳи “Маҳмуднинг одами” бўлган маҳбус Садриддин Тошев эса улардан фарқли равшида амнистия қилинмагани замирида, адвокат Бузургмеҳри Равшанга кўра, сиёсий омиллар бор.

- Ҳукуматдаги алоҳидда доиралар маҳбус Садриддин Тошевдан сиёсий қасос олиш мақсадида қонун механизмларининг бажарилишига сунъий тўсиқ яратмоқдалар, дея мулоҳаза билдиради адвокат Равшан.

Мавзу юзасидан Тожикистон Бош прокуратураси ва республика қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси масъулларига ҳам сим қоқдик. Бироқ уринишларимиздан бирорта ҳам натижа чиқмади.
XS
SM
MD
LG