Линклар

logo-print

Қирғизистонда ҳукмрон коалиция тарқади


Қирғизистон парламенти янги коалицияни шакллантиради.

Қирғизистон парламенти янги коалицияни шакллантиради.

Социал –демократлар партиясининг коалиция таркибидан чиқиши бунга сабаб бўлди.

Қирғизистон парламентидаги ҳукмрон коалиция тарқаб кетди. Социал –демократлар фракциясининг коалиция таркибидан чиқиши бунга сабаб бўлди.

Социал демократлар янги коалицияни шакллантириши мумкин

1 декабр куни президентлик лавозимини бажаришга киришган Алмазбек Атамбаев 2 декабр куни ўзи асос солган Социал демократлар партияси аъзолигидан вақтинча чиққанлигини билдирди. Қирғизистон қонунчилигига биноан президент бирон бир партия аъзоси бўла олмайди.

Социал демократлар партияси ҳам 2 декбар куни парламентдаги 5 партиядан 3 таси ташкил этган ҳукмрон коалиция таркибидан чиқди. Бунинг оқибатида “Республика”, Социал демократлар ва миллатчилардан иборат экани айтиладиган “Ата Журт” партиясидан ташкил топган ҳукмрон коалиция тарқаб кетди.

Социал демократлар фракцияси раҳбари Чинибай Турсунбеков.

Социал демократлар фракцияси раҳбари Чинибай Турсунбеков.

Парламентдаги Социал демкоратлар фракцияси раҳбари Чинибай Турсунбеков парламентдаги ҳумрон коалициядаги ўзаро келишмовчиликлар бунга туртки бўлганини билдирди.

- Коалиция қониқарли даражада ишлай олмади. Кўп масалалар, жумладан, суд тизими, иқтисодий сиёсат борасида ўзаро келиша олмадик. Шу сабабли ҳам мазкур коалицияни янгилаш эҳтиёжи туғилди. Ҳокимиятга янги президентнинг келиши муносабати билан коалицияни ҳам ўзгартириш керак, деб ҳисоблаймиз, -деди Чинибай Турсунбеков.

Қирғиз қонунчилигига биноан энди президент Алмазбек Атамбаев парламентдаги 5 фракциянинг бирига ҳукмрон коалицияни шакллантириш ваколатини бериши керак. Таҳлилчилар Атамбаев бу ваколатни яқин кунларгача ўзи раҳбарлик қилган Социал демократлар партиясига топширади, деб ҳисоблайдилар.

Миллатчиларсиз коалиция шаклланадими?

Таҳлилчиларга кўра, янги коалиция ташкил этишдан мақсад миллатчилар ва бакиевчилардан иборат экани айтиладиган “Ата Журт” партиясини ҳокимиятдан суриб чиқаришдир. Мазкур партия тарқаб кетган ҳукмрон коалицияда асосий кўпчилик ўринни эгаллаган эди.

"Республика" партияси Ўмурбек Бабановни Бош вазир сифатида кўрмоқда.

"Республика" партияси Ўмурбек Бабановни Бош вазир сифатида кўрмоқда.

Таҳлилчилар янги ҳукмрон коалиция Бош вазирлик иддаосини қилаётган “Республика”, парламент спикери лавозими учун курашаётган “Ата Мекен” ва Социал демократлар партиясидан ташкил топиши мумкинлигини айтмоқдалар. Парламентдаги “Республика” фракцияси раҳбари Канат Исаев бундай башоратларни асосли деб ҳисоблайди:

- Фракциямизнинг асосий мақсади партия лидери Ўмурбек Бабановни Бош вазир лавозимига кўрсатишдир. Бу масала янги тузилажак ҳукмрон коалиция доирасидаги маслаҳатлашувларда ҳал қилинади, -деди Қанат Исаев.

Айни пайтда “Ата Журт” партияси ҳам ҳокимиятда қолиш мақсадида янги ҳукмрон коалиция таркибига кириш учун кураш олиб боришини маълум қилди.

- Воқеалар биз кутганидек ривожланмаслиги ҳам мумкин. Бироқ бизнинг фракциямиз мухолифатда эмас, ҳукмрон коалиция таркибида бўлишни ҳоҳлайди. Биз бу йўналишда ҳар қандай музокараларга тайёрмиз, -деди “Ата Журт” фракцияси лидери Қамчибек Ташиев.

Келдибеков спикерликни осонликча топширмоқчи эмас

Қирғиз парламентининг спикери “Ата Журт” партияси вакили Ахматбек Келдибеков бўлиб ҳисобланади. Таҳличилар партия ўз ваклини мана шу лавозимда сақлаб қолишга ҳаракат қилишини билдиришмоқда. Аммо парламентдаги Социал демократлар ва “Ата Мекен” фракциялари спикернинг фаолиятини кескин танқид қилиб чиқишган. Спикерлик лавозимни қўлга киритиш учун курашаётган “Ата Мекен” фракцияси Ахматбек Келдибековга ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилган.

Парламент раиси Ахматбек Келдибеков.

Парламент раиси Ахматбек Келдибеков.

Ҳукмрон коалиция шартномасида коалиция тарқаши билан парламент спикери истеъфога кетиши тўғрисида айтилган. Бироқ спикер Ахматбек Келдибеков бу шартнома қонун талабларига жавоб бермаслигини ва парламентдаги 120 депутатдан 81 нафари унга қарши овоз бергандагина истеъфога чиқишини билдирмоқда.

Қирғизистон Конституциясига биноан парламентдаги ҳукмрон коалиция ҳукуматни шакллантиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG