Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:50

Москвада қўлга олинган гуруҳнинг Ўзбекистонга алоқаси йўқ


Россия Ички ишлар вазирлиги рус матбуотининг ЎИҲ аъзолари ҳибс қилингани ҳақидаги хабарини инкор этди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Эктремизмга қарши кураш Бош бошқармаси матбуот хизматига асосланиб Россиядаги ахборот агентликлари Москвада террор ҳужуми амалга оширишни режалаётгани гумонланган Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари қўлга олинганини маълум қилди.

ИТАР ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, гумондор шахслар Москва шаҳри ва Москва вилоятининг Ногинский туманидаги квартираларда яшаган.

Шубҳали тарзда ҳаёт кечиргани айтилаётган бу шахслар телефон рақамларини тез-тез ўзгартириб туришган.

Хабарларга кўра, Россия Ички ишлар вазирлигининг Эктремизмга қарши кураш Бош бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор амалиёт ва тинтув натижасида гумондор шахслар яшаган уйдан уларга тегишли бўлган 21,9 грамм героин топилган.

Орган ходимлари қўлга олинган шахслар наркотиклар савдосидан тушган пулни ўз сафларига янги аъзолар жалб қилиш ва экстремистик фаолиятни молиялаштиришга сарфлашни режалаганини тахмин қилмоқда.

Бироқ Россия ИИВ матбуот хизматининг ўз исмини айтишни хоҳламаган ходими Озодликка қўлга олинган шахслар Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқаси бўлмаганини таъкидлади.

- Улар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси бўлмаган. Уларнинг ташкилотга аъзолиги текширилди. Уларнинг Ўзбекистонга алоқаси йўқ. Расмий шахс сифатида мен ўзбекистонликлар қўлга олинганини тасдиқламайман. Биз фаолияти таъқиқланган бу ҳаракат аъзоларига қарши амалиёт ўтказдик. Борган манзилимизда Ўзбекистон эмас, бошқа Республиканинг фуқаролари бўлган, - деди Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Унга кўра, террорчиликда гумонланган шахсларни қўлга олиш амалиёти бир неча кун олдин ўтказилган. Рейд давомида тўрт шахс қўлга олинган. Ҳозирда улар маъмурий тарзда ҳибсда сақланмоқда.

- Улар қўлга олинган. Уларнинг масаласи Миграция идораси билан бирга ҳал қилинади. Улардан бири ҳибсда қолиши мумкин. Буни суд қарори ҳал қилади, - деди Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили.
XS
SM
MD
LG