Линклар

Санкт- Петербургда тўққиз йилдан буён меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Дилшодбек "Муҳожир кундалиги"га ўз блогини йўллаб, муҳожирликда яшаётган ҳамюртларини ўзаро фикр алмашишга чақиради.


Ўзбекистонда ота-онам қўйган исм қолиб, Россияда "гастарбайтер"га айландим. Яна “чурка”, “черний” бўлдим. Мен сингари нон излаб Россияга келган ҳамюртларимизнинг бу каби “исм”лари жуда кўп.

Одам хўрлиги келади, албатта¸ бу сўзлар билан бизни аташса.

Бу ўлкаларга келганимга сал-кам тўққиз йил бўлган бўлса ҳам, бунга кўника олганим йўқ.

Тан олиш керак, бу ерда Ўзбекистонга нисбатан нафас олиш осонроқ.
Тўғри ва кўчма маънода ҳам. Денгиз яқин ва ёмғир тез-тез ёғиб, табиатни чангдан тозалаб туради.

Санкт-Петербург - катта мегаполис, 6,5 миллионга яқин аҳоли яшайди.
Мени ҳисобимча, 1 миллионга яқин - биз “қоралар” ҳам шуни ичига кирамиз.

Шаҳар тарихи қизиқарли, баъзан фожиали. Шаҳар менга ёқади.

Революциядан олдин қурилган уйларнинг биронтаси бир-бирига ўхшамайди. Мен ҳам 1880 йилда қурилган уйда яшайман.

Тўққиз йил ичида анча ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Бу ерда одамларнинг моддий ҳолати анча яхшиланди.

Кўчадаги автомобилларга қарасангиз, 90 фоизи “иномарка”. Бунинг устига 60 фоизи янги машиналар. Ана энди, одамларнинг ҳаёт шароити қандайлигига, ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.

Шу нарсага гувоҳ бўлдимки, бу ердаги ўзига тўқ инсонлар сиёсий ва ижтимоий соҳаларга қизиқа бошладилар.

Интернетнинг ривожланиши ҳам одамлар онгига таъсир қилар экан. Шаҳардаги учта телеканалда ўйин-кулгу ҳақидаги кўрсатувлар кўплигига қарамай, санкт-петербургликлар Интернетдаги “аччиқ ҳақиқат”га эътибор қаратмоқдалар.

Бу ўзгаришлар биз “қора”ларни ҳам четлаб ўтмади. Россияга 3-4 марта келиб-кетган ўзбек, бу ер билан Ўзбекистонни солиштира бошлади.

Шахсан ўзимнинг ҳам ҳаётим, ҳам дунёқарашим ўзгарди.

Бу ерга келганимдан бери жуда кўп ишларда ишладим. Асосан техника ва қурилиш билан боғлиқ соҳаларда.

“Қоралар”, асосан, оғир, қийин ва кам ҳақ тўланадиган жойларда ишлайди. Кўпинча ишга рухсатномасиз жойлашади. Ҳеч қайси ишхона ижтимоий ҳимоя билан таъминламайди.

Маҳаллий “бизнесмен”лар учун ҳам бу жуда қулай. Маҳсулот таннархини анча арзонлаштиради. Лекин ишчи кучининг нархини анча тушириб юборади.

Ёшлигимда руслар ақлли, тарбия ва билим даражаси баланд миллат сифат сифатида гавдаланарди (советча тарғиботнинг таъсирида).

Тўққиз йил давомида руслар ҳам оддий инсон эканлигини тушундим. Биздан фарқи йўқ экан. Улар ҳам биз каби содда ва камчиликлардан холи эмас. Фақат маданий қарашларимизда тафовут бор, холос.

“Комуналка”да яшайман. Рус қўшниларим ҳожатхонадан фойдалангандан кейин қўлларини ювишмайди. Шу нарса кўп ғашимга тегади.

Агар руслар билан бирга ўтириб, ароқ ичсанг, улар учун сендан яхши одам йўқ. Бу пайтда сенинг “қора”лигинг, рус тилини билмаслигинг уларни қизиқтирмайди.

Яна уларнинг қалби тоза. Ичидаги гапини бир томчисини ҳам қўймай юзингга айтади.

Ўзбекдаги андиша тушунчасини бу ерда топа олмайсиз. Шунинг учун тўғри тушуниб, хафа бўлмасликка ҳаракат қиламиз.

Фақат баъзида ўйлайман. Узооооқ ўйлайман. Агар бир кун келиб, россияликлар бутун нонининг кичкина қисмини ҳам "қоралар" билан бўлишгиси келмай қолса, БУЮК ЎЗБЕК ХАЛҚИ нима қиларкин???

-----------

Дилшодбек.

Санкт-Петербург. 2011 йил 4 декабр.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG