Линклар

Зиёратчилардан пора олган тожик мулозими қўйиб юборилди

  • Гулнора Равшан

Хатлон вилоят Дин ишлари бўйича қўмитаси собиқ раиси Бобохон Шарбатов шу йил октябр ойида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларига пора бераётган чоғида ҳибсга олинган эди.

Хатлон вилоят Дин ишлари бўйича қўмитаси собиқ раиси Бобохон Шарбатов шу йил октябр ойида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларига пора бераётган чоғида ҳибсга олинган эди.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Дин ишлари бўйича қўмитаси собиқ раиси Бобохон Шарбатов қарийб икки ойлик ҳибсдан сўнг суд залидан озод қилинди.


Тожикистон Жиноят кодексининг порахўрлик ва қаллоблик моддалари бўйича жиноий жавобгарликка тортилган бу мулозим 10 минг АҚШ доллари жарима тўлаш эвазига озодликка чиқди. Шунингдек, у келгуси 5 йил давомида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Мазкур иш бўйича суд жараёнига раислик қилган Темур Бобоев судланган Бобохон Шарбатовнинг айблари тўла исботини топганини айтди, аммо...

- Шарбатовга берилган ижобий характеристика ва унинг Чернобил атом электр станциясида содир бўлган ҳалокат оқибатларини тугатишда иштироки ҳамда тўрт нафар балоғатга етмаган фарзанди борлиги ва ниҳоят у оиланинг ягона таъминловчиси эканини назарга олган ҳолда, унга нисбатан қамоқсиз жазо тайинлашга қарор қилинди, - деди Хатлон вилоят судяси Темур Бобоев.

55 кунлик умрини Қўрғонтепа шаҳар ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш қамоқхонасида ўтказган Шарбатов журналистлар саволларига жавоб беришни истамади.

Айни пайтда унинг адвокати Эшназар Коганов судда вилоят дин ишлари бўйича қўмитаси собиқ раисига қўйилган айбловлар исботланмаганини, шунга қарамай, ҳимоясидаги шахс суд ҳукмидан рози эканини маълум қилди.

- Шарбатовнинг нияти одамларни Худонинг уйига зиёрат учун юбориш бўлган. Лекин зиёратга боришни истаган кишилар рўйхати тўлиб қолгани сабабли у бошқа талабгорларни бу рўйхатга кирита олмаган. Жиноят содир қилиш учун одамда қасддан мақсад бўлиши керак. Шарбатовда бундай мақсад бўлмаган ва у қаллоблик қилмаган. Шуни назарга олган ҳолда, 247-моддани ҳимоямдаги шахсдан олиб ташлашни суддан сўрадим. 320-модда, яъни мансабдорга пора беришга келсак, бу ҳам юзаки эди. Негаки хавфсизлик хизмати ходимлари Шарбатовга: “Одамлар сенинг устингдан шикоят қилиб, ариза ёзган, биз сенга жиноят иши очамиз” деганларидан кейин Шарбатов уларга пора берган. Яъни ана шу жиноятга уни хавфсизлик хизмати ходимларининг ўзлари мажбур қилган. Суддан ҳимоямдаги шахсга нисбатан қўйилган ана шу иккала моддани олиб ташлаб, уни суд залидан озод қилишни сўрадим, - деди адвокат Коганов.

Аммо, Когановга кўра, суд ҳакамлари адвокатнинг гўё хавфсизлик ходимлари Шарбатовни уларга 2 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга мажбур қилганига оид иддаосини эътиборга олмаган.

Бобохон Шарбатов шу йил октябр ойида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларига пора бераётган чоғида ҳибсга олинган эди.

Ўшанда мазкур идора тергов гуруҳи Шарбатов фаолиятида мавжуд бир қатор жиноятлар, жумладан, зиёратчилардан пора олганлик фош этилганидан хабар қилганди. Айтилишича, у хатлонлик зиёратчилардан 22 минг сомоний ёки тахминан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган.

Аснода собиқ мулозимнинг шартли равишда озод қилиниши тожик жамиятида турли баҳсларни келтириб чиқарди.

Бундан уч йил олдин айни шундай жиноят, яъни хавфсизлик ходимларга пора берганликда айбланиб, ҳибсга олинган “M&P” Тожикистон-Нидерландия қўшма компанияси раҳбари Маъруф Орипов 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Шунингдек, ўтган йили Хатлон вилоятининг Хуросон туман ҳукумат расмийси Саидназар Зобиров пора олганлик ва мансабдор шахсларга пора берганликда айбланиб, тўққиз йилга қамалди.

Тожикистонлик ҳуқуқшунослар иддаосича, жарима фақат иқтисодий жиноятлар содир этган шахсларгагина белгиланиши лозим. Қонунга биноан порахўрлик билан жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга эса қамоқ жазоси тайинланиши шарт.

Бироқ дин ишлари бўйича вилоят идораси собиқ раиси Бобохон Шарбатовга 3 йиллик қамоқ жазоси ва 54 минг сомоний ёки тахминан 11 минг доллар жарима белгилашни сўраган Хатлон вилоят прокуратураси вакили ҳукмдан рози эканини билдирди.

Гарчи сўнгги йилларда Ҳаж зиёратини уюштириш давлат томонидан маълум даражада тартибга келтирилган бўлса ҳам, таҳлилчилар фикрича, Саудия Арабистонига бориш учун йўлланма олиш ҳамон муаммо бўлиб қолаётир.

Маълумотларга кўра, Макка зиёратига борувчи тожикистонликлар рўйхати 2013 йилгача тўлган. Шу сабабли, кузатувчиларнинг айтишича, бу йилги Ҳаж мавсуми арафасида республика ҳудудида йўлланмаларнинг сотилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўп қайдга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG