Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:33

Россияликлар парламент сайловида овоз бермоқда


Россия Марказий сайлов комиссиясининг Москвадаги бош қароргоҳи, 2011 йил 4 декабр
Россия Марказий сайлов комиссиясининг Москвадаги бош қароргоҳи, 2011 йил 4 декабр

4 декабр кунги сайловда, сўров натижаларига кўра, ҳукмрон Единая Россия партияси ғолиб чиқиши кутилмоқда.

Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат думасига ўтказилаётган бу галги сайловда аввал Думада вакиллари бўлмаган тўрт партиядан ташқари Яблоко, Правое дело ва Патриоты России партияларидан номзодлар қатнашмоқда.

Парламент сайловида 110 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Сўров натижалари Давлат думасидаги 450 ўриннинг 315 тасини ҳукмрон Единая Россия партияси номзодлари эгаллаши мумкинлигини кўрсатган.

Таҳлилчилар Единая Россия кўп ўринларни эгаллашига қарамай, партиянинг Думадаги аъзолари сони аввалгига қараганда камроқ бўлишини тахмин қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Росия Бош вазири Владимир Путиннинг халқ орасидаги рейтинги пасайиб бормоқда ва ҳозир россияликларнинг тахминан 60 фоизи уни қўллаб-қувватламоқда.

Аҳолининг аксари мамлакатни қаттиққўллик билан бошқариш ва барқарорликни сақлашни ваъда қилган Путин сиёсатни ёқламоқда.

Москванинг марказий сайлов участкаларидан бирида овоз берган 80 ёшли пенсионер Сергей Озодликка ҳар доимгидек Единая Россия партиясига овоз берганини айтди.

- Мамлакатда ҳамма нарса барқарор бўлиш учун мен Единая Россия партиясига овоз бердим. Мен ҳар доим шу партияга овоз берганман, чунки бу партия барқарорликни таъминлайди, деб ўйлайман, - дейди Сергей.

Айни пайтда кўпчилик россияликлар сайлов натижалари сохталаштирилади ва Единая Россиянинг мавқеини сақлаб қолиш учун ҳукумат катта маблағ ажратишда давом этади, деган фикрда.

Россияда ўтказилаётган парламент сайловини ёритаётган қатор мустақил сайтлар 4 декабр куни хакерлар ҳужумига учради.

Европа Комиссияси томонидан қисман молиялаштирилган Golos.ru сайти Москва вақти билан тонгги 06:00 ларда ўчириб қўйилди.

Кремл сиёсатини танқид қилиб келган Эхо Москвы радиостанциясининг Интернет сайти, Тhe Moscow New Times, Болшой Город ҳафталиги, Slon.ru ва Publicpost.ru каби сайтларга ҳам хакерлар ҳужум қилган.

Бир ҳафта олдин Бош вазир Владимир Путин Ғарб молиялаштираётган қандайдир ташкилотларни Россияда беқарор вазият келтириб чиқаришга уринаётганликда айблаган эди.

Сайлов арафасида Голос.ру интернет сайти сайлов ҳақидаги қонунни бузганликда айбланиб, 30 минг рубл жарима тортилди.

4 декабр кунги сайловда Россия фуқароларининг ҳаммаси иштирок этаётгани йўқ.

Баъзилар мухолифат партиялари учун овоз беришни режалаган. Москвадаги хусусий ширкат ходими 36 ёшли Олга ҳам сайловда мухолиф партияга овоз беришини айтди.

- Мен Яблоко партияси учун овоз бераман. Улар сайловдан ўтмаслигини биламан. Единая Россияга овоз бермаслик учун мен Яблокога овоз бераман, - деди Олга.

Парламент сайловда Россия Коммунистик партияси, Либерал демократик партия ва Адолатли Россия партиялари муваффақиятли иштирок этиши кутилмоқда.

Парламент сайловида етти партиядан жами 3000 номзод депутатликка даъвогарлик қилмоқда.

Мухолифат аъзолари ҳукумат Единая Россия партиясини молия билан таъминлагани ва партия номзодларига кўпроқ эфир вақти ажратгани боис сайлов адолатсиз ўтаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Россиянинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам Ўзбекистондаги Россия фуқаролари овоз бермоқда. Регнум ахборот агентлиги маълумотига кўра, Тошкентдаги элчихонада уч мингга яқин россиялик овоз бериши кутилмоқда.

Россиядаги оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, сайловни 51 мамлакатдан келган 700 га яқин халқаро кузатувчи кузатиб бораяпти.
XS
SM
MD
LG