Линклар

logo-print

4 декабр куни ўтказилган Давлат Думаси сайлови натижалари аҳолининг иқтидордаги “Ягона Россия” партиясига хайрихоҳлиги камайганини кўрсатди.


Марказий сайлов комиссиясига кўра, ҳозирга қадар овозларнинг 80 фоизи санаб бўлинган, “Ягона Россия” шу овозларнинг қарийб 50 фоизини қозонган.

Бу иқтидордаги партия Давлат Думасидаги кўпчилик мавқеини йўқотганини англатади.

2007 йилдаги Давлат Думасига сайловда "Ягона Россия" 64.3 фоиз овоз тўплагани эълон қилинганди.

Якшанба кунги сайловда Россия коммунистлари партияси 19,46 фоиз, "Адолатли Россия" партияси 12.99 фоиз, Владимир Жириновскийнинг Либерал-демократлар партияси 11.9 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлганлар. Учта партия - "Яблоко", "Правое дело" ва "Россия ватанпарварлари" 7 фоизлик тўсиқдан ўтолмаганлари билдирилди.

"Ягона Россия" учун катта йўқотиш

Якшанба кунги сайлов натижалари иқтидордаги "Ягона Россия" партияси учун катта йўқотиш бўлди.

Ўтган (бешинчи) чақириқда 450 ўринли парламентда “Ягона Россия” депутатлари сони 315 ни ташкил этган ва конституцион кўпчилик мавқеига эга бўлган.

Эндиликда ушбу партиянинг парламентдаги аъзолари сони 220 нафарга тушиб қолиши кутилаяпти.

Шунга қарамасдан, Россия бош вазири Владимир Путин ўз партияси Давлат Думасида барибир кўпчиликни ташкил этишини айтди.

- Бу натижаларга таянган ҳолда, биз мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлай оламиз, - деди Владимир Путин.

Келаси йилда президентлик ваколати тугаб, бош вазир лавозимига ўтиши кутилаётган Дмитрий Медведевнинг таъкидича, якшанба кунги сайловлар Россияда демократия амалда эканини намоён этган.

- Партия мамлакат аҳолисининг деярли 50 фоизини тамсил этмоқда, ҳали сайловнинг якуний натижалари эълон қилинади. Бу натижа амалдаги чинакам демократия маҳсулидир, - деди Медведев.

Россия ҳудудида овоз бериш якунланганидан кейин "Ижтимоий фикр" жамғармаси сайлов участкаларида ўтказган тадқиқотларига асосланиб "Ягона Россия" партияси жами овозларнинг 46 фоизини тўплагани ҳақда билдирганди.

Сохтакорликларсиз бўлмади

Айни пайтда сайловда кўплаб сохтакорлик ҳоллари қайд этилган.

Овоз бериш куни мамлакат сайлов қонунчилиги бузилаётгани ҳамда сайлов жараёнига сиёсий аралашувлар бўлгани билдирилди.

Россиядаги парламент сайловини ёритаётган қатор мустақил сайтлар 4 декабр куни хакерлар ҳужумига учради.

Европа Комиссияси томонидан қисман молиялаштирилган Golos.ru сайти Москва вақти билан тонгги 06:00 ларда ўчириб қўйилди.

Кремл сиёсатини танқид қилиб келган Эхо Москвы радиостанциясининг Интернет сайти, Тhe Moscow New Times, Болшой Город ҳафталиги, Slon.ru ва Publicpost.ru каби сайтларга ҳам хакерлар ҳужум қилган.

Бир ҳафта олдин Бош вазир Владимир Путин Ғарб молиялаштираётган қандайдир ташкилотларни Россияда беқарор вазият келтириб чиқаришга уринаётганликда айблаган эди.

Сайлов арафасида Голос.ру интернет сайти сайлов ҳақидаги қонунни бузганликда айбланиб, 30 минг рубл жарима тортилди.

- Бизда сайлов 24 сентябрда ўтказиб бўлинган. Бугунгиси бу шунчаки махсус амалиёт. Бугун биз сайлов участкасига сайлаш учун эмас, норозилик билдириш учун келдик. Биз сохтакорликлар, қаллобликлар, одамларнинг овози ўғирланишига норозилик билдириш учун келдик, - деди Россия мухолифат етакчиси Борис Немцов.

Қатор шаҳарларда сайловларнинг сохтагарчилигини айтиб норозилик амалиёти уюштиришга ҳаракат қилган фаоллар ҳибсга олинганлар.

Россиядаги бу йилги сайловда 110 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган.
XS
SM
MD
LG