Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

Олмаота яқинида отишма чиқди


“Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри яқинидаги Бўралдай қишлоғида 3 декабр куни ўтказилган махсус амалиёт чоғида беш террорчи ўлдирилди”.

Бу ҳақда Kazakhstan Today нашри республика бош прокуратурасига таянган ҳолда хабар қилади.

Маълумотларга кўра, амалиёт пайтида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси махсус бўлинмасининг икки ходими ҳам ҳалок бўлган.

“3 декабр куни 19.30 ларда Олмаота вилоятининг Иле туманига қарашли Бўралдай қишлоғида оғир жиноятларни содир этганликлар гумонланмиш шахсларни қўлга олиш чоғида уларга қуролли қаршилик кўрсатилган”, - дейилади Қозоғистон Бош прокуратурасининг шанба куни содир бўлган воқеа юзасидан берилган изоҳида.

Расмийларга кўра, ўтган ҳафта охирида йўқ қилинган гуруҳ аъзолари шу йилнинг 8 ноябрида полициянинг икки ходимини ўлдирганлар ва Олмаотада яна зўравонлик акцияларини ўтказишни режалаштириб юрганлар.

Гуруҳнинг 34 ёшли лидери Ҳасен Ағжан 28 октябрдан буён Қозоғистон Жиноят кодексининг 233-моддаси 2-банди (террорчилик гуруҳини тузиш, унга раҳбарлик қилиш ва унинг фаолиятида иштирок этиш) бўйича қўзғатилган жиноий иш доирасида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирилаётган эди.

Прокуратура маълумотларига кўра, 3 декабр куни тезкор-қидирув тадбирлари чоғида мазкур гуруҳ лидери ва унинг бир қанча аъзолари Бўралдай қишлоғида экани маълум бўлган. Улар яширинган уй Олмаота шаҳар ва вилоят ички ишлар органлари вакиллари ҳамда миллий хавфсизлик махсус бўлинмаси ходимлари томонидан қуршаб олинган. Амалиёт бошланишидан олдин маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган, қутқарув ва тиббий хизмат ходимлари воқеа жойига чақирилган.

Амалиёт чоғида, расмийлар версиясига кўра, жиноятчилар фаол қуролли қаршилик кўрсатганлар, натижада террорчилик гуруҳи лидери дохил беш киши ўлдирилган. Отишма пайтида Миллий хавфсизлик қўмитасининг “Аристан” махсус бўлинмасининг икки ходими ҳам ҳалок бўлган.

Хабар қилинишича, гуруҳ яширинган уйдан РГД-5 русумли икки қўл гранатаси, Калашников русумли икки автомат ва битта Макаров тўппончаси топилган. Маҳаллий аҳоли ичидан қурбон бўлган ёки жароҳат олганлар йўқ.

Воқеа юзасидан маҳаллий прокуратура Қозоғистон Жиноят кодексининг 96-моддаси (қотиллик), 251-моддаси (қурол-аслаҳа, ўқ-дори, портловчи моддаларни ноқонуний сотиб олганлик, сақлаганлик ва олиб юрганлик) ва 237-моддаси (бандитизм) бўйича жиноий иш қўзғатган.

Қозоғистон Бош прокуратураси вакиллари содир бўлган воқеа билан боғлиқ равишда Олмаота шаҳри ва вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари хизматнинг кучайтирилган тартибига ўтказилгани, вазият тўла назорат остидалигини айтмоқдалар.
Айни пайтда улар йўқ қилинган гуруҳнинг бирор-бир халқаро ёки маҳаллий террорчилик ташкилотига алоқадор ёки эмаслиги юзасидан ҳеч қандай баёнот берганларича йўқ.

12 ноябр куни Қозоғистон жанубидаги Тараз шаҳрида содир бўлган отишмада етти киши нобуд бўлган эди. Даставвал расмийлар Тараздаги отишма сабабчиси бўлган шахснинг жиҳодчи экани ҳақида гапиргандилар, аммо кейинчалик воқеа жойида ҳалок бўлган одам оддий жиноятчи бўлгани қайд этилди.

Тараздаги воқеадан олдинроқ, аниқроғи 31 октябр куни Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида икки портлаш содир бўлган. Бу ҳужумлар учун масъулиятни Жундул-Хилафат (Халифалик аскарлари) гуруҳи ўз зиммасига олган. Ўтган ой охирида Атирау суди Жундул-Хилафат исломий гуруҳини террористик ташкилот, дея тан олган ва Қозоғистон ҳудудида мазкур ташкилот фаолияти таъқиқланишини эълон қилганди.
XS
SM
MD
LG