Линклар

Президентнинг бу ташаббуси яна "демократияни мустаҳкамлаш" иддаоси билан тақдим этилди.

Ўзбекистон парламенти президентлик муддатини 7 йилдан 5 йилга қисқартириш тўғрисида президент Ислом Каримов киритган ташаббусни маъқуллади.

"Интерфакс" агентлиги тарқатган хабарга кўра, Олий Мажлис Сенати 5 декабр кунги йиғилишида шу ҳақда қарор қабул қилган.

Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси расмийси президент ташаббусининг бугунги йиғилиш кун тартибига киритилганини тасдиқлади¸ аммо бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

2010 йилнинг 12 ноябрида Ўзбекистон қонунчилигига қатор ўзгартишлар киритиш ташаббусини илгари сурган президент Ислом Каримов бунга мамлакатдаги демократик ислоҳотларни ривожлантириш ниятини мақсад қилиб келтирган эди.

Ўзбекистонда президентлик муддати 2002 йилнинг январ ойида референдум йўли билан 5 йилдан 7 йилга узайтирилган эди ва унинг 2007 йилгача бўлган ваколати янги ўзгартиш бўйича биринчи муддат деб талқин этилган эди.

Президент Ислом Каримов 2007 йилдаги сайлов билан 7 йиллик муддатга қайта сайланган эди.

Жорий президентлик ваколати 2014 йилда тугайдиган Ислом Каримовнинг бундай ташаббуси ортидаги асл муддао¸ таҳлилчилар тахминича¸ амалда унинг ваколатларини янада узайтириш бўлиши мумкин.

Зотан¸ президентлик муддатини узайтириш ëхуд қисқартиришга оид қонун қабул қилиниши ортидан Ислом Каримовга ўзгартирилган муддат бўйича яна икки марта сайланиш ҳаққи берилади.

Президентлик ваколати муддатининг қисқартирилиши тўғрисидаги қонун ортидан¸ 2012 йил декабрида 7 йиллик ваколат инобатга олинса¸ муддатидан аввал¸ янги 5 йиллик бўйича ҳисобланса¸ муддатида президентлик сайловлари ўтказилиши мумкин.

Бундай ҳолда¸ президентлик ваколатини яна нолдан бошлаши тахмин этилаëтган Ислом Каримов¸ Ўзбекистон Олий Мажлиси тасдиқлаган қонун бўйича¸ 2022 йил охирига қадар президентликда қолиши мумкин.

Айрим таҳлилчилар¸ Ислом Каримовнинг президентлик муддатини қисқартириш ташаббуси¸ ўзидан кейинги вориснинг майдонга чиқиши учун майдон ҳозирлаш бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилишмаëтир.

Ўзбекистон ҳукумати ичидаги айрим манбаларга яқинлиги тахмин этиладиган Uzmetronom Интернет газетаси¸ бу ўзгартишни Ислом Каримовнинг президентликка бошқа даъво қилмаслиги ифодаси сифатида тақдим этди. "Атрофидагилар унинг муддатини яна легитим тарзда узайтиришни қаттиқ талаб қилишмаса¸ Ислом Каримов бугун бошқа президентликда қолишга хуши йўқлигини намоëн қилди"¸ деб иддао қилади Тошкент хавфсизлик тизимларига яқин бу манба "Ислом Каримовнинг сўнгги муддати" деб номлаган хабарида.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам янгиликни шарҳлар экан, янги тартиб Каримовнинг ўрнига келадиган президент учун киритилаётган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари сурди.


(Камолиддин Раббимов билан суҳбат)

Ўзбекистон Конституцияси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқлаганига қарамай¸ Ислом Каримов 1991 йил 29 декабридан бери Ўзбекистоннинг ягона президенти бўлиб қолмоқда.

Давлатнинг олий мансабида қолиш учун Ислом Каримов шу пайтгача икки марта референдум (1995 март¸ 2002 йил январ) ва уч марта президентлик сайлови ўтказди.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари Ислом Каримов президентликнинг жорий муддатига сайланганидан сўнг норозилик акциялари уюштирган эди.

Мухбиримиз ўша гуруҳ фаоли Абдулла Тожибой ўғлидан нима учун норозилик акцияси ўтказганлари ҳамда Сенатнинг 5 декабр кунги қарорига муносабати тўғрисида сўради.


(Абдулла Тожибой ўғли билан суҳбат)

Констутуцион ҳуқуқ мутахассислари¸ референдумлар ва улар асосида Каримовнинг президентлик муддатини узайтириш ва бошдан бошлашнинг Ўзбекистон Констутуциясига зид экани ва бу ҳаракатлар "конституцион тузумга тажовус" сифатида таснифланишини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG