Линклар

2012-2013 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг 10-синфларига ўқувчилар қабул қилиш тўхтатилади.


Хабарларга кўра, шу пайтгача Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларининг баъзи туманларидаги мактаблардагина 10-синфлар сақланиб қолган эди.

Жиззах вилояти Xaлқ таълими бошқармаси масъул ходими Пўлат Ҳамзаевнинг айтишича, келаси ўқув йилидан бошлаб 9-синфни битирадиган ўқувчилар ёппасига касб-ҳунар коллежларига қабул қилинади.

Ҳамзаевнинг айтишича, шу пайтгача баъзи мактабларда 10-синфларнинг сақланиб келгани 9-синфларни битирганларнинг барчасини касб-ҳунар коллежлари ёки лицейларга тортиш имкониятлари етарли бўлмаганидан эди.

Озодлик: Янги ўқув йилидан 9-синфни битирган ҳамма ўқувчи коллежда ўқийдими?

- Шундай, албатта.

Озодлик: Коллежга кирмай қўйса ҳам бўлаверадими?

- Йўқ, мумкин эмас. 9-синфни битирган 100 фоиз ўқувчи коллежларга, академик лицейларга тортилиши керак.

Озодлик: Демак, имкониятлар яратиб бўлинди.

- Шундай, дейди Жиззах вилояти Xалқ таълими бошқармасининг масъул ходими Пўлат Ҳамзаев.

Жиззах вилояти Xалқ таълими бошқармасининг масъул ходими Ўзбекистонда халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги баъзи маълумотларни айтиб берди.

- Таълим тўғрисидаги қонунда белгиланганда. Таълим турлари бор. Масалан, 9-синфни битиргандан кейин ўрта махсус маълумот олиши керак ўқувчи. Касб-ҳунар коллежларида ўқиши мажбур. Вазирлар Маҳкамасининг 475-қарори бор. Ана шу қарор асосида 9-синфни битирган 100 фоиз ўқувчиларимиз, таълимнинг кейинги босқичи дейиладида ўрта махсус таълим, шунга тортилиши керак.

Озодлик: Демак, ўша қарор бўйича ҳамма коллежларда ўқийди энди.

- Албатта.

Озодлик: Бу ислоҳотларнинг натижалари тўғрисида гапириш мумкинми? Анча бўлди бу ислоҳотлар бошланганига.

- Натижалар яхши. Биз 9-синф битирувчиларининг ҳаммасини ўрта махсус касб-ҳунар тизимига тортаяпмизда. Бирортаси ҳам қолиб кетиши мумкин эмас. Агар Худо кўрсатмасин, вафот қилиб қолса ëки бошқа республикага ўтиб кетса, унда бошқа гап. Мисол учун, бизда 240 мингта 9-синфни битирадиган бўлса, шунинг ҳаммасини коллежларга тортишга мажбурмиз Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, дейди Жиззах вилояти Xалқ таълими бошқармасининг масъул ходими Пўлат Ҳамзаев.

Хабарларга қараганда, жорий ўқув йилида бутун Ўзбекистон бўйлаб 9-синфни битирган 582 минг нафардан зиёд йигит-қиз ўрта-махсус ўқув юртларга қабул қилинган. Бу барча битирувчиларнинг қарийб 99 фоизидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG